Ўзбекистон | 20:20 / 19.05.2020
33248
4 дақиқада ўқилади

Президент яна айрим давлат хизматларини хусусий секторга ўтказишга топшириқ берди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари томонидан қатор вазифалар белгилаб берилди.

«Маълумки, йил бошида хусусий нотариусликка рухсат берилгани натижасида 617та давлат нотариуси хусусий бўлди ва бюджетдан берилаётган 200 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Худди шунингдек, ҳозирги кунда давлат идоралари кўрсатаётган кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратишда топосуратга олиш каби хизматларни хусусий секторга ўтказилса, минглаб янги иш ўринлари яратилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Карантин даврида кўпгина ташкилотлар тўлов қобилиятини йўқотиб, банкротлик ёқасига келиб қолиши мумкин. Шу сабабли, корхонага санация қўлланса, унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги карантин тугаганидан кейин ундирилиши мумкинлиги белгиланди.

Давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизими танқид қилинди, унда ҳалигача бюрократизм сақланиб қолган. Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли уларнинг 53 фоизи кўпдан бери сотилмай турибди. Шунингдек, 57та туман ва шаҳарда сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмаган. Жойларда давлат улуши мавжуд 552та объект бўш турибди.

Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан буён кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилиб, бошқарувга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан бирга ушбу кичик саноат зоналари жойини аниқлаш, инфратузилмасига маблағ ажратиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиш билан шуғулланади. Уларни инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 миллиард сўм ажратилади.

Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилди. Шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилди.

Президент маҳсулот, ускуна, хом ашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда тижорат банклари олдидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи банк кредитлари билан боғлиқлиги бу борадаги муаммолар кўламини кўрсатади. Шунингдек, банк хизматлари бўйича тадбиркорлар мурожаатлари Миллий банкда 10 фоиз, Микрокредитбанкда 11 фоиз, Агробанкда 13 фоиз ижобий ҳал қилинган, холос.

Президент банк фаолиятига мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳо берилишини алоҳида қайд этди.

Тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, ҳар бир тумандаги «ўсиш нуқталари»га маблағ йўналтириб, тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.

Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди. 

Мавзуга оид