Ўзбекистон | 15:08 / 26.05.2020
5998
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ДХШ соҳасида 3,8 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги халқаро молия институтлари билан биргаликда ДХШ соҳасида умумий қиймати 3,85 миллиард долларга тенг бўлган 32та лойиҳа устида ишламоқда. Бу ҳақда агентлик материалларида айтилган.

Фото: ТАСС

Лойиҳалардан тўрттаси бўйича шартнома имзоланган, яна тўрттаси бўйича битим имзоланиш босқичида, еттитаси - тендер босқичида. 17та лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тайёрланмоқда.

Шу билан бирга, энергетика лойиҳалари ДХШга инвестицияларнинг умумий ҳажмида катта улушни эгаллайди. Асосан, янги энергетика объектлари - иссиқлик электр станциялари, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланадиган фотоэлектр ҳамда шамол станциялари қурилишига маблағлар йўналтирилган.

Амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида: Халқаро молия корпорацияси кўмагида Masdar (БАА) инвестиция компанияси билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш; Самарқанд вилоятида Total Eren Франция компанияси билан қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш; Dentons, White & Case кўмагида ACWA Power (Саудия Арабистони) билан 1500 МВт қувватга эга Сирдарё ИЭС қурилиши; 35 км.дан ортиқ мавжуд сув ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, Хоразм вилоятида ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш.

Агентлик экспертларининг фикрига кўра, энергетика соҳасида лойиҳаларнинг кўплигига аҳоли сони ўсиши ва турмуш даражасининг ошиши сабаб, бу энергия сарфини кўпайтиради ҳамда урбанизация даражаси ошишига олиб келади.

Бундан ташқари, 2030 йилда максимал даврда (қиш фасли) электр энергиясининг умумий истеъмоли 2019 йилдаги 10,4 минг МВт.га нисбатан 20,9 минг МВт.га етади. Бунинг учун 2030 йилда ишлаб чиқариш қувватини 10,5 минг МВт.га ошириш керак. 

Мавзуга оид