Вебинарни кузатган Kun.uz мухбири таниқли иқтисодчининг фикрларини ўзбек тилида келтириб ўтади.

– Мен иқтисодиётни формула ёрдамида тасвирлаш мумкин бўлган физикага эмас, биологияга яқин деб ҳисоблайдиган иқтисодчилар категориясига кираман. Бу кўпроқ мураккаб алоқаларга эга тирик экотизимга ўхшайди.

Келинг, банк тизимини ўзига хос тирик организм сифатида кўздан кечирамиз. Тирик организм учун хос бўлган хусусият ундаги касалликлар. Одатда тирик организмларда қандайдир муаммолар бўлади. Масалан, инсонни олайлик. У ҳам тирик организм, бирор касаллик билан оғриши мумкин. Ёки соғлом бўлиши мумкин. Агар тиббиёт ходимлари нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, қандай касаллик билан ва нима учун оғриётганини билиш учун энг аввало ташхис ўтказиш керак.

Банк соҳасида 3та муаммо кўзга ташланади:

1.Банкларда бюрократиянинг юқори даражадалиги (кредит олиш, ҳисоботлар топшириш билан боғлиқ);

2. Хизмат сифатининг пастлиги (кичик бизнес учун таклифлар йўқлиги, совет давридаги сотувчилар каби ишлашлари, уларнинг ёнига келганингизда сизга худди ҳиммат кўрсатишаётгандек);

3. Фоиз ставкаларининг юқорилиги.

Уч йил аввал эса банк соҳасида қуйидаги муаммолар мавжуд эди:

Биринчи муаммо – конвертация, иккинчи муаммо – нақд пул, учинчи муаммо – операциялар учун коммисион тўловларнинг юқорилиги, яъни 3-4 йил муқаддам ҳар қандай операция учун даҳшатли миқдордаги пул тўлардик. Хорижликлар банкдан шахсий дивидендларимни олиш учун банкка 10-15 фоиз тўлашимни эшитишганида бунга ишонишмасди. Коррупциянинг юқори даражаси ҳам шундан келиб чиққан. Банк тизими жуда кучли коррупциялашган эди. Уч йил аввал бўлган муаммолар ва ҳозирги муаммолар рўйхатига қаранг.

Ҳозирги муаммоларни кичик муаммолар деб бўлмайди. Улар катта муаммолар. Уч йил олдинги муаммолар билан таққослаганда уларнинг орасида ер билан осмончалик фарқ бор. Эндиликда банклар билан ишлаш мумкин. Уч йил ичида банк соҳасида кўп ислоҳотларни амалга оширдик. Мен буни банк соҳасидаги «кўринмас инқилоб» деб атайман. Нималар содир бўлди?

Валюта бозори либераллаштирилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, банклар қуйидан юқоригача боғланган миллионлаб йўриқномалар бекор қилинди. Банкларнинг фаолияти анча тижоратлаштирилди, мижозларга йўналтирилди, бунга қадар улар ҳақиқатан ҳам давлатга тегишли қандайдир катта банкнинг филиаллари эди. Кредит олиш енгиллашди.