«Иккинчи Меҳнат кодекси» бизга керакми? Янги қонун лойиҳаси ҳақида мулоҳазалар
Бир неча кун олдин Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Айтиш керакки, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчисига амалдаги қонунчиликдагидан кўра анча қатъий чекловлар кўзда тутилмоқда.
Масалан, қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчиси:
- ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга (педагогик, илмий ва ижодий фаолият бундан мустасно);
- шахсан ёки ишончли вакиллар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;
- тижорат ташкилоти бошқаруви органи аъзоси бўлишга (давлат улуши бўлган ташкилотлар бундан мустасно) ҳақли эмаслиги кўрсатилган.
Энди ушбу чекловларнинг амалдаги қонунларга мувофиқлиги ҳақида мулоҳаза юритиб кўрамиз.
Амалдаги қонун ҳужжатларида ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга оид чеклов Олий Мажлис депутати, судья кабиларга белгиланган ва бундай қатъий чеклов улар фаолиятининг ўзига хос ва нозик жиҳатларидан келиб чиқиб белгиланган. Шунингдек, уларга бериладиган нисбатан кўпроқ иш ҳақи ва юқори даражадаги ижтимоий кафолатлар бундай чекловни белгилашга йўл очади.
Давлат фуқаролик хизматчиларининг барчасига бирдай ушбу чекловни қўйганга яраша уларнинг барчасига худди депутат ёки судьяларникидек ойлик маош бериладими? Ижтимоий кафолатлар-чи?
Бу чеклов амалдаги қонунчиликка қанчалик мос келади?
Маълумки, Меҳнат кодексига мувофиқ ходим ўриндошлик ва бир неча касбда (лавозим)да ишлаши мумкин. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра:
- Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари;
- вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.
Юқоридаги қоидадан кўриниб турибдики, ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга чеклов, асосан, юқори лавозимлардаги давлат хизматчиларига қўйилган. Ушбу лавозимлар эса ишнинг хусусиятидан келиб чиқиб белгиланган. Яъни, барчага бирдай чеклов ўрнатилмаган.
Шахсан ёки ишончли вакиллар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга оид тақиқ ҳақида ҳам юқорида билдирилган мулоҳазаларни айтиш мумкин. Бу борада ҳам тақиқ амалдаги қонунчиликка биноан фақат айрим тоифадаги давлат хизматчиларига нисбатан белгиланган. Ҳукумат қарорига кўра, қуйидаги мансабдор шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади:
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига;
- давлат банклари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига, хизмат юзасидан пул белгиларига ва пул (банк) ҳужжатларига бевосита алоқаси бўлган мансабдор шахсларга;
- давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари раҳбарларига ва уларнинг банк ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарларига;
- давлат таъминот ва савдо-сотиқ корхоналари ва ташкилотларининг раҳбар ходимларига;
- тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш ёки бундай фаолиятни назорат қилиш вазифасига кирувчи давлат органларининг раҳбар ходимлари ва мутахассисларига.
Кўриб турганимиздек, бунда ҳам, асосан, раҳбар ёки раҳбар ўринбосари лавозимидаги давлат хизматчиларига чеклов ўрнатилган. Шунга кўра, айтайлик, бирор давлат муассасаси раҳбари ва уларнинг банк ҳужжатларига имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ўринбосарларидан ташқари бошқа лавозимдаги ходимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи мавжуд. Эндиликда эса бу ҳуқуқни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Тижорат ташкилоти бошқаруви органи аъзоси бўлишга оид чекловни ҳам барча тоифадаги давлат фуқаролик хизматчиларига нисбатан татбиқ этиш мақсадга мувофиқ эмас.
Қизиқ жиҳати, қонун лойиҳасида ушбу чекловлар қаторида тижорат ташкилоти устав фондига улуш қўшишга, тижорат ташкилотининг акцияларини сотиб олишга қўйилган тақиқни учратмаймиз. Ахир, бу орқали ҳам давлат хизматчиларининг алоҳида тоифалари томонидан ўз лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш ҳолатлари юзага келиши мумкин-ку?
Бинобарин, давлат фуқаролик хизматчисининг тижорат ташкилоти бошқаруви органи аъзоси бўлишида юз бериши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли давлат хизматчисининг тижорат ташкилоти устав фондига улуш қўшишдагидан анча пастроқ эмасми?!
Қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчисига қўлланиши мумкин бўлган қуйидаги бешта интизомий жазо турлари назарда тутилган:
- ҳайфсан;
- хизматга тўлиқ муносиб эмаслиги тўғрисида эълон қилиш;
- малака мартабасини пасайтириш;
- давлат лавозимида пасайтириш
- эгаллаб турган давлат лавозомидан озод қилиш ва Миллий кадрлар резервидан чиқариш.
Меҳнат кодексимизнинг 181-моддасида эса ходимга меҳнат интизомини бузгани учун иш берувчи томонидан фақатгина ҳайфсан, жарима ва меҳнат шартномасини бекор қилиш каби уч турдаги интизомий жазо чораларини қўллаши мумкинлиги, ходимга ушбу моддада назарда тутилмаган интизомий жазо чораларини қўллаш тақиқланиши белгиланган.
Лойиҳадаги бу норма ҳам амалдаги қонунчиликка зид бўлиб қолмоқда. Чунки, Меҳнат кодекси мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда қўлланади. Қолаверса, ушбу Кодекснинг 18-моддасида айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг белгиланадиган хусусиятлари ушбу Кодексда назарда тутилган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатларининг даражасини пасайтириши мумкин эмаслиги белгиланган.
Қонун лойиҳасига эътирозли жиҳатлардан яна бири – бу ундаги нормалар Меҳнат кодексининг кўплаб нормаларини такрорлаб келаётганидадир. Масалан, меҳнат шартномаси, иш вақти, хизмат сафари, ижтимоий ҳимоя, меҳнат ва ижтимоий таътиллар, пенсия таъминоти, давлат ижтимоий суғуртаси, хизматчининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни тўлаш каби масалалар Меҳнат кодекси орқали тартибга солинган. Бу қоидаларни қонунга ҳам киритиб, нормалар такрорийлигига эришишдан маъно йўқ. Қонун имкони борича қисқа, лўнда, тушунарли ва такрорлардан холи бўлиши лозим. Янги қонунда Меҳнат кодексида назарда тутилмаган ҳамда давлат фуқаролик хизмати учун хос бўлган масалалар ўз ечимини топиши керак. Қонун лойиҳасида бундай масалалар ҳам етарлича топилади. Давлат лавозимларининг гуруҳ ва категориялари, давлат фуқаролик хизматчиларининг малака ва мартаба даражалари, миллий кадрлар захираси, давлат фуқаролик хизматчиларининг аттестацияси кабиларни бунга мисол қилиш мумкин.
Қисқа қилиб айтганда, қонун лойиҳасидаги Меҳнат кодексида бор бўлган нормаларни чиқариб ташлаш орқали қонунчиликда амалдаги кодекс билан бир вақтда давлат ташкилотларида амал қиладиган «иккинчи Меҳнат кодекси» пайдо бўлишининг олди олинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аббос Салайдинов
ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
15:35 / 02.05.2023
Ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади
21:12 / 30.03.2023
Давлат идораларида қисқартириш билан боғлиқ ишдан бўшатишлар вақтинча тўхтатилди
17:05 / 10.02.2023
Ўзбекистонга чет элдан ишчи олиб келиб ишлатиш осонлашади
10:53 / 08.07.2022