Ножўя ҳаракат содир этганлар билан асло муроса қилинмайди — МИБ Самарқанд вилояти бошқармаси баёноти
Интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда «МИБнинг 2 нафар ходими ва бир «югурдаги»га ҳукм ўқилди» сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Унда МИБ Самарқанд вилояти Пахтачи туман бўлими ижрочисининг фуқародан пул талаб қилгани ҳақида сўз боради.
Бугун коррупцияга қарши кескин кураш кетаётган бир вақтда, аввало, унинг илдиз отишига сабабчи бўлаётган омилларни бартараф этиш энг самарали усуллардан бири. Чунки пул билан боғлиқ ҳолатларда янада қалтис вазиятлар юзага келади.
Хўш, бюро ходимлари соҳадаги коррупция ҳолатларини қандай бартараф этишмоқда? Шу саволга аниқлик киритиш учун Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ Самарқанд вилоят бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот тармоғи катта инспектори Дўстбек Сулаймонов билан боғландик.
«Бюро ташкил этилган вақтдан буён коррупциядек иллатга қарши курашиш идора олдидаги асосий вазифа ва талаблардан бири бўлиб қолмоқда.
Шуни айтишим керакки, Бюро органларида ходимлар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларни фош этиш ва унинг олдини олиш мақсадида, Ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоғи айнан тизимдаги коррупцион ҳолатларни фош этиш ва унинг олдини олиш билан шуғулланади.
Бюро ташкил топгандан буён бошқарма тизимидаги 7 нафар ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг 6таси ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоқ ходимларининг ташаббуслари асосида фош этилган.
Юқоридаги ҳолат бўйича ҳам бошқарманинг ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоғи томонидан хизмат текшируви олиб борилган. Оддийгина айтганда, Бюро ходими деган номга доғ туширган ходимларга нисбатан муросасиз муносабат билдирилмоқда.
Хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
О.Нуралиев — Бюронинг Пахтачи туман бўлими давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келган.
Фуқаро Г.Х.нинг мурожаатига асосан муқаддам Бюронинг Пахтачи туман бўлими давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келган О.Нуралиев ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.
Текширув давомида, фуқаро Г.Х. собиқ давлат ижрочиси О.Нуралиевнинг иш юритувидаги ижро ишининг унга нисбатан бўлган қисмини тамомлаш эвазига 4.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилаётганини баён қилиб, қонуний чора кўришни сўраган.
Аниқланишича, Бюронинг Пахтачи туман бўлими давлат ижрочиси О.Нуралиев ўзининг норасмий жамоатчи ёрдамчиси А.Абдувалиевни жалб қилиб, иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандлари ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан фуқаро Г.Х. ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан чиқарилган ижро иши бўйича ундирувчилардан жами 18 млндан зиёд сўм етказилган моддий зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини тамомлаш эвазига фуқаро Г.Х.дан 4 млн сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилган.
2019 йил 13 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда ушбу маблағларни олаётган вақтида ушланган.
Ҳозирда, улар суд ҳукми билан ўз айбларига яраша жазосини олишган.
Юқоридаги таъкидлаганидек, Бюро ножўя хатти-ҳаракат содир этган ходимлар билан асло муроса қила олмайди.
Бундан ташқари, ходимларимизнинг муомала маданияти, аҳоли билан ишлашда юзага келаётган вазиятлар ва ижтимоий тармоқлар, мессенжерлардаги каналларда улар борасида эълон қилинаётган ҳар бир шикоят ва мурожаатлар ўрганиб борилади», — дейди Д.Сулаймонов.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади
Мавзуга оид
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
17:12 / 30.10.2024
Алиментдан қочиб юрган отани “илинтирган” ходим – МИБ операцияси тафсилотлари
10:59 / 25.10.2024