Жамият | 17:25 / 09.06.2020
24893
7 дақиқада ўқилади

Шайхонтоҳурда қурилаётган 16 қаватли уйлар: аҳоли ва қурувчи компания бир тўхтамга кела олмаяпти

4 июнь куни Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман Олим Хўжаев МФЙ фуқароларидан мурожаат келиб тушди.

Унда айтилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йилдаги 1679-сонли қарори билан, Шайхонтоҳур тумани Нурафшон кўчасидаги турар-жой бинолари бузилиши ва етказилган зарарни қоплаш шарти билан, «Qurilish montaj Kompressor» МЧЖга 1,7 гектар ер участкаси ажратиб берилган.

Бу майдонда 93та турар-жой мажмуаси жойлашган. Ҳозирда якка тартибдаги хонадонлар эгалари ва тадбиркорлар ўртасида келишмовчилик юзага келмоқда.

Маҳалла аҳлининг айтишича, шаҳар ҳокимининг 2018 йилдаги қарори билан «Qurilish montaj Kompressor» МЧЖга ушбу маҳалла ҳудудидан 1,7 гектар ер фақат захиралаш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун ажратиб берилган.

МЧЖ томонидан икки қаватли турар-жой бинолари бузилиб, уларнинг эгалари рози қилинган ва янги уйларига кўчириб юборилган. Лекин ушбу ажратилган 1,7 гектар ҳудудга 15та ҳовли уй ҳам киради.

«МЧЖ қарор асосида келиб, иккита икки қаватли уй-жойни бузишди. Ўша уйларни ўрнига қурилиш қилади, деб ўйладик. Лекин тадбиркорлар уйларимизга яқин жойда қазиш ишларини бошлашди. Бу уйларимизга таъсир қилди. Кейин чиқдик. Маълум бўлдики, тадбиркорлар 16 қаватдан иборат кўп қаватли уй қуришни режалаштираётган экан.

Бундан хабар топганимиздан кейин ҳокимиятга, Адлия вазирлигига ва Бош прокуратурага хатлар билан чиқдик. Қурилиш ишлари яна бошланди. Шунда биз маҳалладагилар билан чиқиб, қурилишни тўхтатишни, ҳужжатларини кўрсатишни сўрадик. Aжратилган 1,7 гектарда мулки бор аҳоли билан келишиб, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлагандан кейин қурилишни бошлашини сўраймиз.

Ҳаммаси қонуний бўлсин. Биз қарши эмасмиз: уйларимиз орқасидан қонун бўйича авария ҳолатига келиб қолган 2 қаватли уйларнинг ўрнига, 5 қаватли уй ёки ундан юқори қаватли уйларни қуришсин. Лекин уйларимиз яқинига тақаб, котлован қазишга уларнинг ҳаққи йўқ.

Чунки 1,7 гектарни захиралаш учун қарор чиқарилган. Улар 1,7 гектарни захираламасдан, уйларни бузишга ҳаққи йўқ. Ҳозирда ажратилган ернинг 30 фоизига қурилишни бошлашмоқда. Қолган 70 фоизи бўйича гаплашиб, уларни рози қилиш керак», – дейди мурожаатчилардан бири.

Маҳалла аҳли Тошкент шаҳар прокуратураси ва Aдлия вазирлигига хат билан чиққан.

Шаҳар прокуратураси 2020 йил феврал ойида МЧЖ томонидан мазкур ҳудудда ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари бошлаб юборилганини аниқлаб, «Qurilish montaj Kompressor» МЧЖ раҳбарига ушбу ишларни зудлик билан тўхтатиш тўғрисида огоҳлантириш хати берган.

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорига мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман ҳокимликлари томонидан олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк обектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарор лойиҳаси барча мулкдорларга тегишли компенсация берилганидан кейин, шунингдек, турар ва нотурар жойлар, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатилганидан сўнг, икки иш куни мобайнида тайёрланиши белгилаб қўйилган.

Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида низомга кўра, олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши шартлиги белгиланган. Тошкент шаҳар Aдлия бошқармасининг 2020 йил феврал ойидаги жавоб хатида кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинмагани маълум қилинган.

Фото: Aдлия вазирлиги
Фото: Aдлия вазирлиги

МЧЖ: «Қурилишни бошламадик, фақат тозалаш ва захиралаш ишларини олиб боряпмиз»

«Qurilish montaj Kompressor» МЧЖ вакиллари бу ҳудудда қурилиш ишлари бошланмаганини айтишмоқда.

Жасур Усмоналиев

МЧЖ директори ўринбосари Жасур Усмоналиевнинг сўзларига кўра, уй эгаларини рози қилган ҳолда авария ҳолатидаги, бузилган икки қаватли уйлар ўрнида тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

«Ҳозирда ҳеч қандай қурилиш ишлари бошлангани йўқ. Фақатгина сносдан бўшаган ерлар тозаланиб, захирага олинмоқда. Бу жойларга ер ости сувлари яқин. Сувни қочириш учун кавлаб қўйганмиз.

Кейин, фуқаролар рози бўлмагунча, уйлари бузилмагунча, бу ердан бир қават ҳам кўтармаймиз. Чунки бир қават кўтариш учун ҳам қолган уйларни ҳам бузишимиз керак.

Ҳозир фуқароларда нотўғри тушунча бор. Яъни 16 қаватни биз кўтариб қўйсак, кейин чиқишга мажбур бўламиз, деган нотўғри тушунча бор. Биз бир қават ҳам кўтармаймиз. Чунки бу жойда ишлашимиз учун ҳам қолган уйларни бузишимиз керак. Фуқароларга шу нарсани тушунтира олмаяпмиз», – дейди Жасур Усмоналиев.

Туман ҳокимлиги: «Уйларни бузмасдан кўп қаватли уйлар қурилишига йўл қўйилмайди»

Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг қурилиш бўлими бошлиғи Жамшид Aюповнинг айтишича, уйлар тўлиқ бузилмасдан туриб инвесторлар томонидан кўп қаватли уйлар қурилишини бошлашга йўл қўйилмайди. Бу – қонун билан ҳимояланган.

Жамшид Aюпов

«Қурилиш бўйича маҳаллада йиғилиш ўтказилди. Aҳоли ва тадбиркорлар таклифларни қисман қабул қилишди. Норозиликлар ҳам бўлди. 1,7 гектарли ер майдонида 72та квартира, 21та якка тартибдаги турар-жой бор. Инвесторлар 21та квартирани бузиб, ерни захиралашди. Бузилган квартираларнинг пойдеворларини тозалаш ишлари бошлаб қўйилган, лекин қурилиш ишларини бошлашга асос йўқ.

Қачон аҳоли билан келишиб, тақдимот ўтказишгандан сўнг қурилиш ишлари бошланади. Ҳозирча ишлар тўхтатилган», – деди Жамшид Аюпов.

Инвестор ва аҳоли ўртасидаги масала қандай ҳал этилади?

Ушбу ҳудудда авария ҳолатидаги икки қаватли уйлар бўлган. Aлбатта, уй эгалари рози қилиниб, улар бошқа жойга кўчирилгани ва ўрнида замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши яхши. Лекин захиралашга ажратилган ҳудудга ҳовли уй-жойлари ҳам киради.

Ҳовли эгалари эса инвесторлардан олдин 1,7 гектардаги барча аҳоли билан келишиб, улар рози қилингандан кейин бузилиш ва қурилиш ишларини бошлашни талаб қилишмоқда. Инвесторлар эса ҳудудни босқичма-босқич захиралашни режа қиляпти ва ҳозирда қурилиш ишлари бошланмагани, бузилган эски уйларнинг ўрнини тозалаш ишларини аҳоли нотўғри тушунганини таъкидлашмоқда.

Хуллас, ҳали аҳоли ва инвесторлар якуний бир қарорга келишмаган.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид