Вирусолог: Коронавирус кучсизланмоқда. Кузда унинг иккинчи тўлқини бўлмаслиги мумкин
Келаётган кузда дунёда коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини бўлмаслиги мумкин. Охирги илмий тадқиқотлар коронавирус тобора кучсизланаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда италиялик вирусолог Массимо Клементи маълум қилди.
Миландаги Vita-Salute San Raffaele университети проректори Массимо Клементининг таъкидлашича, италиялик шифокорлар май ойида коронавирусга чалинганларда касаллик ўткирлиги пасайганини пайқашган.
“Бунда гап нафақат касалланганлар сони, балки интенсив даволаш бўлимида даволаниши талаб қилинган беморлар, жумладан ўпкаси яллиғланганлар сони ҳам камайгани ҳақида борган. Шу билан бир вақтда уйда даволаш мумкин бўлган касалланганлар сони ошган”, деб таъкидлаб ўтди Клементи.
Шундан кейин San Raffaele шифохонаси микробиология ва вирусология лабораторияси ходимлари бундай ўзгаришнинг илмий сабабини излашга тушишган.
“Биз кичик тадқиқот ўтказдик ва унда шифохонага 1 мартдан 15 мартгача тушган 100 бемор билан майнинг иккинчи ярмида тушган 100 беморни таққосладик. Аниқланишича, вирус юкламаси (муайян ҳажмдаги биологик суюқликда вирус зарралари сонини баҳолаш билан ҳисобланадиган ўлчам) эпидемиянинг бошида май охиридагидан кўра анча – 10 марталаб юқори бўлган. Бу натижа катта аҳамиятга эга”, деб айтган олим.
Клементининг фикрича, коронавирус тобора кучсизланмоқда. Олим бу билан боғлиқ ҳолда лондонлик олимлар яқинда ўтказган тадқиқот ҳақида сўзлаб берган. Улар Хитой, Европа, АҚШда аниқланган вирус геномининг турли секвенцияларини (кетма-кетлигини) ўрганиб чиқишган.
“Натижада британиялик ҳамкасбларимиз вирус геномида мутация юз берадиган муайян ҳудудлар борлигини аниқлашган. Гап гомоплазия деб номланган феномен ҳақида бормоқда. Бу вирус жуда қайишқоқлигини ва турли мутациялар ёрдамида инсон организмига мослашаётганини англатади”, деб таъкидлаб ўтган микробиолог.
У бу маълумотларни ажойиб янгилик деб атаган.
“Гап шундаки, юқорида таърифланган жараён барча давлатларда уларнинг географик жойлашиши ва эпидемиянинг қайси босқичида бўлганидан қатъий назар юз беради. Вируснинг эволюцияси ҳамма ерда бир хил йўналишда, бироқ қаердадир секинроқ, қаердадир тезроқ кетмоқда. Бу жараён, аввал бир неча марта бўлганидек, вируснинг патоген салоҳиятини ва унинг вирулентлигини (касаллик чақира олиш даражаси, яъни зарарлиги) камайтиришга олиб келиши мумкин. Вирус тобора камроқ тажовузкорга айланмоқда, инсон организмига мослашиб, кучсизланиб бормоқда”, деб хулоса қилган олим.
Клементининг фикрича, тез орада вирус шунчалик кучсизланадики, у бошқа коронавируслар каби инсонда фақатгина оддий респиратор касалликлар чақирадиган ҳолга келади. Олим шу билан боғлиқ ҳолда кузда пандемиянинг иккинчи тўлқини бўлмаслигига умид билдирган.
Мавзуга оид
10:14 / 13.05.2022
Шимолий Корея COVID-19’дан илк ўлим ҳолатлари ҳақида хабар берди
22:17 / 11.05.2022
Шанҳайдаги коронавирус: қатъий локдаун, дезинфекция, шифохонага эса фақат ҳокимият рухсати билан
18:01 / 07.05.2022
Пекинда коронавирус тарқалиши сабабли метро станциялари ёпилмоқда
18:02 / 03.05.2022