Ўзбекистон | 02:34 / 15.06.2020
250351
6 дақиқада ўқилади

Буюм бозорлари, ресторанлар ва чегаралар очилмоқда: 15 июндан нималарга рухсат берилди?

15 июнь, душанба кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида карантин чекловлари бўйича сезиларли ўзгаришлар кузатилади.

Бугундан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда кафе ва ресторанлар, хусусий боғчалар, буюм бозорлари қайтадан очилади; ҳудудлараро автобус қатновлари тикланади.

Бундан ташқари, эпидемиологик вазият барқарор давлатлар билан авиақатновларни қайта йўлга қўйиш бошланади.

Уч ойлик тақиқдан сўнг, 15 июндан Ўзбекистон фуқароларига ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун хорижга чиқишга рухсат берилди.

6та тоифадаги фуқароларга Ўзбекистонни тарк этишдан ташқари, ватанга қайтиб киришга ҳам рухсат берилди. Жумладан, энди даволаниш мақсадида хорижга бориб келиш мумкин. Чет элда яқин қариндошлари ёки оғир касал қариндош-уруғлари бор шахсларга ҳам чегаралар очилди.

Kun.uz 15 июндан бошлаб рухсат этилган фаолият турлари ва уларга қўйилган талабларни эслатиб ўтади.

Умумий овқатланиш объектлари (фақат «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда):

  • банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
  • фаолиятини 8:00дан 23:00га қадар ташкил этиш;
  • столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
  • бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш талаб этилади.

Хусусий боғчалар (фақат «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда):

  • биноларни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;
  • ходимлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши ва ижтимоий масофани сақлаши;
  • тана ҳарорати 37С ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ходим ва тарбияланувчиларнинг машғулотларга киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

Давлат боғчалари 1 августдан фаолият бошлайди.

Буюм бозорлари (фақат «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда):

  • доимий равишда дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозланиши,
  • сотувчилар ва харидорлар тиббий ниқоб ва тиббий қўлқоплардан фойдаланиши, ижтимоий масофани сақлаши,
  • ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган  ҳолларда буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик чораларини кўриш талаб этилади.

«Қизил» бўлмаган ҳудудлар ўртасида автобус қатновлари:

  • транспорт воситасини якуний йўналиш нуқтасида дезинфекция қилиш;
  • автобус салонига фақатгина тиббий ниқоблардаги йўловчиларни киритиш;
  • ҳайдовчиларни тиббий қўлқоп ва тиббий ниқоблар билан таъминлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб борилиши чораларини кўриш талаб этилади.

Поезд қатновлари қамрови кенгаяди

Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича «Афросиёб» поездлари ҳаракати тикланади. Бундан ташқари, қуйидаги рейсларга рухсат берилди:

  • Тошкент - Бухоро - Тошкент;
  • Тошкент - Термиз - Тошкент;
  • Тошкент - Хива - Тошкент;
  • Тошкент - Нукус - Тошкент;
  • Андижон - Хива - Андижон;
  • Андижон - Бухоро - Андижон;
  • Андижон - Термиз - Андижон.

18 майдан бошлаб, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ва Қарши шаҳарларига «Афросиёб» поезди, Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилган эди.

Эндиликда автотранспорт воситаларида ёлғиз ҳаракатланаётган ҳайдовчига тиббий ниқобдан фойдаланмасликка рухсат берилди.

Эпидемиологик вазият барқарор давлатлар билан авиақатновларни тиклашга рухсат берилди

Қуйидаги тоифадаги шахсларга Ўзбекистонга кириш ва Ўзбекистондан чиқишга рухсат берилди:

  • даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;
  • хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
  • Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;
  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан Ўзбекистон Республикаси орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар.

Бундан ташқари, ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистон Республикасидан чиқишга рухсат берилди.

Халқаро авиарейслар уч тоифага ажратилади

  • «Яшил»: Эпидемиологик вазият барқарор давлатлардан келганлар карантинга олинмайди. Булар — Япония, Жанубий Корея, Хитой, Исроил.
  • «Сариқ»: Коронавирус аниқланиши камайган давлатлардан келганлар 14 кун уй карантинига олинади. Булар — Европа Иттифоқи, Малайзия, Таиланд, Сингапур.
  • «Қизил»: Коронавирус камаймаётган давлатлардан эвакуация рейсларида келганлар 14 кун карантин марказида сақланади. Булар — Россия ва бошқа МДҲ давлатлари, Туркия, БАА, Эрон, Афғонистон.

Вазият барқарор ёки яхшиланаётган давлатларда рейс кунигача узлуксиз 14 кундан кам бўлган, шунингдек, «қизил» давлатлардан транзит орқали келаётган шахсларга Ўзбекистонга келиш учун авиачипталар сотилмайди.

Энди карантин харажатини карантин талабларини бузган қоплайди

«Карантин чекловлари шароитида фаолият юритишига рухсат берилган тадбиркорлик субъектларига (қурилиш, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш объектлари ва б.) тегишли объектларда белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш ҳамда сақлаш билан боғлиқ харажатлар мазкур субъектлар ҳисобидан қопланиши белгиланди», дея эълон қилди Республика махсус комиссияси.

Карантин 1 августгача узайтирилди. Шу жумладан, ҳудудларни уч тоифага ажратиш амалиёти ҳам. Жамоат жойларида ниқоб ва антисептикдан фойдаланилиши бўйича назорат кучайтирилади.

Мавзуга оид