«Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари юқори бўлса, бемалол ташқаридан қарз олиш мумкин» – Жамшид Қўчқоров
Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров «Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида ташқи қарз сифатида олинаётган маблағлар қайси соҳаларга йўналтирилаётгани ҳақида гапирди.
«Ташқи қарзни экспортга боғлаш керак дейилди. Бизда ҳозир экспортдан келадиган даромад тушумларимизнинг 15 фоизини ташкил этади. Албатта, пандемия шароитида экспорт кўрсаткичлари пасаймоқда, лекин биз шуни айтишимиз мумкинки, газ экспортини ҳисобга олмаганимизда жорий йилнинг беш ойида экспорт бўйича тушумларимиз 9 фоизга камайган. Яъни ташқи қарзимизни экспортга нисбатан қиёслаганда ҳам ҳозирча у қадар жиддий муаммо кўринмаяпти.
Умуман, бугунги мавзу ҳақида гапирганда, албатта, ташқи қарз мамлакатнинг барқарорлиги, мамлакат келажаги нуқтайи назаридан жудаям бир муҳим кўрсаткич бўлиб ҳисобланиши ҳақида маъруза қилмоқчимасман.
«Мунозара клуби»нинг илк муҳокамаси учун ушбу мавзуни бежиз танламадик. Мазкур масала бўйича билдирилган фикрлар бўйича ўзимнинг хулосамни билдирадиган бўлсам, биринчидан, кўпчиликнинг гапидан шуни англадимки, «Ўзи нима учун олиняпти ташқи кредит ва унинг сарфланиши қанчалик самарадор?» деган савол бугунги тадбирнинг бош лейтмотиви ҳисобланаркан. Бу ерда тўғри фикрлар бўлди, ташқи қарзни олиш мумкин, агар яхши «institutional capacity» бўлса. Яъни давлат идоралари фаолиятини самарали ташкил қилса, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари юқори бўлса, бемалол ташқаридан қарз олиш мумкин.
Лекин олинган қарзни ишлатишда самарадорлик масаласи бор, албатта. Ташқаридан кредит сифатида олинган маблағларни қайси соҳаларга бериш мумкин-у қайси соҳаларга бериш мумкин эмас. Бу масалаларга ойдинлик киритишимиз керак», деди Жамшид Қўчқоров.
Бош вазир ўринбосари давлатнинг хусусий сектордаги иштироки хусусида тўхталди.
«Бу ерда хусусий сектор билан боғлиқ савол ҳам ўртага ташланди. Биз нима учун хусусий секторга аралашиб юрибмиз деган саволга аввалги пайтлар учун бир нарса дейишим қийин, лекин ҳозирги пайтдаям шу ишни қиляпмиз. Буни онгли равишда қиляпмиз. Масалан, ҳозир биз Жаҳон банки билан Фарғона водийсида қишлоқ ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳасини молиялаштиряпмиз.
Худди шундай, Осиё тараққиёт банки билан чорвачиликни ривожлантириш лойиҳасини молиялаштиряпмиз. Ёки Жаҳон банкидан яна битта кредит келяпти, у қишлоқ хўжалигини трансформация қилишга йўналтирилади.
Бу кредитлар доирасида ажратилган маблағларни ишлатувчи, фараз қилайлик, Фарғонанинг Ёзёвон ёки Андижоннинг Бўз туманида фаолият юритадиган хусусий тадбиркор. Лекин бу кредит линияси бўйича қарз олувчи молия вазирлиги бўляпти-да, вазирлик бу пулларни конкурс асосида тижорат банкларига бўлиб беряпти. Тижорат банкларидан бу кредит маблағлари хусусий секторга кетяпти. Худди шундай иссиқхоналар ва бошқа лойиҳалар амалга ошириляпти.
Биз, яна бир бор айтаман, буни онгли равишда қиляпмиз. Лекин яқинда мана шу қишлоқ хўжалик корхоналарини реструктуризация қилиш агентлиги деган ташкилот бор. Шу ташкилотдагилар билан шу мавзуни муҳокама қилиб, бу соҳадаги кредитларни қатъиян чеклашга қарор қилдик. Шунинг учун давлат секин-секин бундан чиқиб кетиши керак. Чиқиб кетиш керак, тамом. Бу умуман муҳокама қилинмайди. Давлат эртага инфратузилмалар, ижтимоий соҳа ва зарур бўлиб қолганда бюджетни қўллаб-қувватлашга қаратилган кредитларни олиши керак», дейди Жамшид Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, «Мунозара клуби» кўпчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиш, жамоатчиликни келгуси режалар юзасидан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган. Клубнинг биринчи муҳокамасида ҳукумат иқтисодий блоки раҳбарлари, депутатлар, экспертлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг вакиллари, журналистлар қатнашишди. Kun.uz интернет нашри «Мунозара клуби»нинг бош ахборот ҳамкори ҳисобланади.
Илк муҳокамадан батафсил видеорепортаж билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
13:25 / 19.10.2024
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди
08:50 / 12.10.2024
«2025 йилда энерготарифлар ислоҳотининг асосий босқичи якунланади» — бош вазир ўринбосари
22:19 / 11.10.2024
Ўзбекистон 2027-2028 йилларда электр ва газ улгуржи бозорига ўтишни якунлайди – Жамшид Қўчқоров
14:16 / 03.06.2024