Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йили бошида жами 138,1 минг киши талабаликка қабул қилиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 114,5 минг кишини ташкил этган (23,8 минг кишига, ёки 20,6 фоизга ошган). Ҳудудлар бўйича олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичларининг юқорилиги бўйича Тошкент вилояти ўтган йилга нисбатан 40,3 фоизга, Андижон вилояти 31,3 фоиз ва Фарғона вилоятида 25,7 фоизга ошганлиги кузатилди.
2019 йилда бакалавр даражасига эга бўлган талабалар сони 65,4 минг нафарни ташкил этиб, уларнинг 18,6 минг нафари давлат грантлари асосида таълим олган. 2019 йилда бакалавриат босқичини битирганларнинг 25,0 минг нафарини қизлар (38,3 фоиз) ташкил этган. 2020 йилда бакалавриатни 76,9 минг нафар талаба битириши кутилмоқда, уларнинг 22,1 минг нафари (28,7 фоиз) давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабаларни ташкил қилади.
2019-2020 ўқув йили учун магистратурага жами 9362 нафар талаба қабул қилинган. Талабалардан, 44,1 фоизи (4131 нафари) давлат гранти асосида, 55,9 фоизи (5231 нафари) тўлов шартномаси асосида қабул қилинган. 2018-2019 ўқув йилида магистратурага жами 5725 нафар қабул қилинган талабалардан, 27,2 фоизи (1555 нафари) давлат гранти асосида, 72,8 фоизи (4170 нафари) тўлов шартномаси асосида қабул қилинган. Магистратурага қабул квоталари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,8 фоизга ошган, шу жумладан, давлат гранти асосида қабул квоталари ҳам 2,7 баробарга кўпайган.
2019/2020 ўқув йили бошида олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг жинси бўйича тақсимланишида бошқа ҳудудларга нисбатан аёллар улушининг юқорилиги Навоий вилоятида 60,2 фоиз, Сирдарё вилоятида 56,2 фоиз ва Сурхондарё вилоятида 55,2 фоизни ташкил этмоқда, эркаклар улушининг юқорилиги бўйича Тошкент шаҳри 61,1 фоиз, Тошкент вилояти 59,9 фоиз ва Самарқанд вилоятида 58,9 фоизни ташкил этган.
2019/2020 ўқув йили бошида олий ўқув юртларида жами таҳсил олаётган бакалавриат босқичида талабалар сони 424,9 минг нафарга етган бўлиб, гуманитар соҳада 206,9 минг нафар (48,7 фоиз) талаба, Ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва ҳуқуқ йўналишларида 41,6 минг нафар (9,8 фоиз) талаба, ишлаб чиқариш техникаси соҳаси йўналиши 105,1 минг нафар (24,7 фоиз) талаба, қишлоқ ва сув хўжалиги 25,9 минг нафар (6,1 фоиз) талаба, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот 27,1 минг нафар (6,4 фоиз) талаба, хизматлар соҳасида 18,4 минг нафар (4,3 фоиз) талаба таҳсил олмоқда.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига қабул натижалари таҳлилидан кўринадики, 100 ўринга тўғри келадиган энг юқори кўрсаткич Қашқадарё вилоятида 1427 нафар, Сирдарё вилоятида 1270 нафар ва Сурхондарё вилоятида 1175 нафарни ташкил этади.
















