Ушбу матбуот анжуманида мамлакатимиз ва хориждан 25 га яқин журналист, блогерлар иштирок этди. Мулоқот доирасида хусусийлаштириш, давлат корхоналари самарадорлигини ошириш ҳамда E-IJRO AUKSION электрон савдо майдончасида яратилган қулайликлар бўйича тақдимотлар қилинди.

Қайд этилганидек, Агентлик ташкил этилгандан буён ўтган давр мобайнида давлатга тегишли бўлган 1187 та актив реализация қилинди. Жорий йилда 15 июнь ҳолатига 359 та давлат активи (55 та акция ва улушлар, 304 та кўчмас мулк объекти) 391,2 млрд сўмга, 3164,7 млрд сўм инвестиция киритиш ва 5102 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан сотилди.

Бугунги кунда республика бўйича жами 389 та давлат активлари (115 та жамият акция (улуш)лари ва 274 та кўчмас мулк объектлари) 3,0 трлн сўм бошланғич қийматида 151,2 млрд сўм инвестиция киритиш ва 1,7 минг иш ўрни яратиш шарти билан оммавий савдоларда турибди.

2020 йилнинг январ-май ойларида хусусийлаштириш ҳисобидан давлат бюджетига 113,1 млрд сўм йўналтириш режалаштирилган бўлиб, амалда давлат бюджети даромадларига 128,7 млрд сўм йўналтирилди (2019 йил давомида хусусийлаштириш ҳисобидан – 160 млрд сўм ўтказилган; режага нисбатан 113,8% ёки 15,6 млрд сўмга кўп) 2019 йил мос даврига нисбатан ўсиш темпи 4,8 баробар. Энг муҳими, барча фаолият очиқлик ва шаффофлик асосида олиб бориляпти.

Зарар кўриб ишлаётган 84 та корхонадан 46 таси хусусий секторга сотилиб, 18 таси соғломлаштирилди ва 6,3 млрд сўм соф фойдага эришилди. Давлат бюджетига жами 1,4 трлн сўм (15,5 баробар кўп) маблағ туширилди.

Жумладан хусусийлаштиришдан – 113,1 млрд сўм (14,9 баробар кўп); давлат иштирокидаги корхоналар тўланган дивидендлардан – 1,3 трлн сўм (25,6 баробар кўп); давлат мулкларини ижарага беришдан эса – 6,6 млрд сўм.

Давлат активларини самарали бошқаришни ташкил этиш мақсадида Ўзбекнефтгаз, Ўзбекэнерго, Ўзсувқурилиш, Ўзсувтаъминот, Ўзмиллийбанк, Humo Air авиакомпанияси, шу жумладан таркибидаги 95 та тизим корхоналарининг реструктуризацияси тўлиқ якунланди.