Давлат улушидаги мулклар, корхоналар нега хусусийлаштирилади, бунинг иқтисодий ўсишга таъсири қандай, деган савол охирги пайтларда йирик давлат корхоналари сотила бошлагани боис кўпроқ янграмоқда.

Мавзу марказидаги мунозарали масала эса – Ўзбекистон бу борада етарли тажрибага эга эмаслиги ва сотувлар шаффофлигига ишонч пастлиги билан боғлиқ.

Қанча давлат активлари хусусийлаштирилади?

Давактив агентлиги айни пайтда Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 минг 541та экани, шулардан ярми (1 минг 210та) унитар корхона шаклида ташкил қилинганини очиқлади. Агентлик маълумотига кўра, 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияда 4 йил ичида давлат иштирокидаги корхоналар сони 75 фоизга қисқартирилиши белгиланган.

Хусусан, шу йил охирига қадар 550дан ортиқ давлат активлари, жумладан, Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» бизнес маркази, «Малика» савдо маркази, «Ичан қалъа» меҳмонхонаси ва маъмурий мажмуалар, бир неча банк, йирик мулк комплекслари сотилиши кутилмоқда.

2020 йилдаги президент фармонида давлатга тегишли 479та корхона ва 15та кўчмас мулк савдоларга қўйилиши, 62та корхона хусусийлаштиришга тайёрланиши, 32та корхона ва тармоқ трансформация қилиниши ва 507та бозор фаолияти такомиллаштирилиши белгиланган. Бундан ташқари, илгариги қарорларда кўрсатилган 386та ҳамда сотиш ваколати ҳокимларга берилган 559та объект савдоларга чиқарилади.

Хусусийлаштириш нега керак?

Давлат корхоналарини хусусийлаштириш иқтисодиёт ривожланишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатиши жаҳон тажрибасидан маълум. Айни пайтда давлатнинг йирик корхоналарга эгалик қилиш кўрсаткичининг пастлиги бўйича Япония (5 фоиз) дунёда юқори ўринда туради. Бу кўрсаткич бошқа ривожланган мамлакатлар, хусусан, АҚШда 11 фоиз, Германияда 18, Жанубий Кореяда 22 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда эса катта корхоналарнинг 55 фоизига давлат эгалик қилади.

Мутахассисларга кўра, давлатнинг иқтисодиётда юқори даражада иштирок этиши ўзаро рақобатга халақит беради, монополия, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви каби жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Афсуски, бизда бу муаммолар ҳозир ҳам йўқ эмас. Балки бунга ечим сифатида ҳам хусусийлаштиришга урғу берилаётгандир. Қолаверса, бир қанча йирик давлат активлари борки, улар иқтисодиётга ортиқча юк бўлишда давом этмоқда.  

Ўз навбатида, ҳукумат томонидан кўплаб давлат корхоналари фаолияти самарасизлиги айтиб келинади. Масалан, ўтган йилги йиғилишлардан бирида президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги муаммолар учун масъулларни танқид қилганди.