Иқтисодиёт | 16:38 / 18.06.2020
6106
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон қарз даражаси барқарор, уни бошқариш жиҳатидан хавфлар мавжуд эмас» – Осиё тараққиёт банки

«Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида Осиё тараққиёт банкининг бош иқтисодчиси Ражеш Васудеван Ўзбекистон давлат ташқи қарзи масаласи борасидаги учта шарҳни келтирди.

«Биринчидан, тақдимотлар ва мунозаралардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ҳукумати давлат қарзи соҳасидаги сиёсатни жуда эҳтиёткорлик билан олиб борган ҳамда паст даражадаги ташқи қарз ва шу билан бирга катта валюта захираларига эга.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ташқи қарзнинг катта қисми асосан имтиёзли кредитлар асосида, жуда паст фоиз ставкалари ва узоқ муддатга - 10 йилгача ёки ундан ортиқ муддатга жалб қилинган. Қарз манбаларига назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон диверсификацияланган давлат қарз портфелига эга, Халқаро молия институтларидан маблағлар 33 фоизни ташкил қилса, икки томонлама кредитлар бўйича қарзи 23 фоиз, давлат ички қарзи қарийб 29 фоиз ва 5 фоизи евробондлар улушига тўғри келади», деди Ражеш Васудеван.

У келтирган иккинчи шарҳ коронавирус пандемияси келтириб чиқарган ноаниқлик вазияти ва унинг ижтимоий-иқтисодий салбий таъсири билан боғлиқ.

«Covid-19 пандемияси кенг миқёсдаги ноаниқликни келтириб чиқарган. Яъни ҳукуматлардан янги чораларни талаб қилувчи, вирус тарқалишининг иккинчи оқими юзага келадими? Зеро жорий вазиятда ҳам пандемия нафақат минтақада, балки бутун дунё миқёсида салбий макроиқтисодий ва ижтимоий-иқтисодий салбий таъсир кўрсатди.

Ўзбекистонга келсак, Халқаро валюта жамғармасининг прогнозлари асосан Covid-19 пандемиясидан олдинги йил охирига қадар 6 фоиз ўсишдан 1,5 фоизгача пасайтирилди. Бюджет даромадларининг камайиши, ёрдам ва ижтимоий харажатларнинг ошиши, шунингдек, даврий молиялаштириш натижасида тахминан 2,3 миллиард бюджет тақчиллиги юзага келиши прогноз қилинмоқда. Бу ЯИМнинг 5,6 фоизини ташкил этади.

Ушбу ўринда Осиё тараққиёт банки ва бошқа ривожланиш бўйича ҳамкорлардан молиявий камомадни тўлдириш учун ёрдам олиниши кўзда тутилган. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг қарзлар барқарорлиги бўйича таҳлиллари сингари, биз ҳам ўз ички баҳолашларимизни ўтказдик ва умумий натижалар қарз даражаси барқарор бўлиши, уни бошқариш жиҳатидан хавфлар мавжуд эмаслигини кўрсатди», деди Осиё тараққиёт банки бош иқтисодчиси.

Ражеш Васудеван глоабал иқтисодий ноаниқликка қарамай, Ўзбекистон ҳукумати томонидан барча жавоб чоралари амалга ошириляпти деб ҳисоблайди.

«Учинчи фикрга тўхталадиган бўлсам, ўйлашимча иқтисодий ноаниқлик натижасида ҳукуматнинг қатор режаларига ўзгаришлар киритилди. Глобал ноаниқликка қарамай, барча жавоб чоралари амалга оширилмоқда. Асосан, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун ҳукумат томонидан келажакда режалаштирилган эмиссиялардан ҳам яхши натижалар кутиш мумкин.

Шу билан бирга, бу корпоратив сектор ҳамда бошқа танланган давлат корхоналари учун бенчмарк бўлиб хизмат қилади. Қарзларни бошқариш ва макроиқтисодий сиёсат ўртасида жуда яқин мувофиқлаштириш, давлат инвестицияларини бошқариш жараёнларига устуворлик бериш, лойиҳалар қандай амалга оширилишини кўриб чиқиш - буларнинг барчаси қарзларни бошқаришнинг институционал жиҳатларини белгилаш учун бир хил даражада муҳим.

Шу сабабли менда битта асосий савол пайдо бўлмоқда. Бу - Covid-19 пандемиясининг қай даражада тарқалиши ва глобал муҳитга қандай таъсир қилиши, ўзгаришларга олиб келиши. Ушбу таҳлиллар орқали саволларга жавоб берилиши натижаларингизга қандай таъсир қилганини аниқроқ кўра билиш имконини беради», - деди Ражеш Васудеван.

Мавзуга оид