Жамият | 18:22 / 19.06.2020
3602
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1,5 триллион сўмлик 10та лойиҳанинг амалга ошириш муддати кечикмоқда - Сенат

Сенатнинг 5-ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Олий Мажлис Сенатининг Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилган. Мажлисда ўрганиш якунлари ҳам атрофлича кўриб чиқилгани, вилоятни ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар олиб борилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг Самарқанд вилоятига 6 марта амалга оширган ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида 450дан ортиқ лойиҳалар тасдиқланиб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Вилоятда 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 37 трлн. 594 млрд. сўмни ташкил этган. Режадаги 40 мингта ўрнига 45 мингта янги иш ўрни яратилган, вилоятда бугунги кунда қарийб 48 мингта кичик бизнес субъекти фаолият олиб бормоқда.

Маълумки, Самарқанд – жаҳон туризм марказларидан бири. Ҳудудда бу борада амалга оширилган салмоқли ишлар натижасида 2019 йилда вилоятга 560 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳлар ташриф буюриб, ушбу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 1,6 баробар ўсишига эришилган.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида соғлиқни сақлаш муассасалари 10,3 млрд. сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, тез тиббий ёрдам автомашиналари сони 115тадан 260тага етказилган. Сўнгги уч йилда вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 37тадан 376тага етган, яъни 10 баробар ортган.

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида вилоятда 2019 йил давомида 7 мингга яқин турли тадбирлар ўтказилиб, уларга 1,6 млн нафардан зиёд ёшлар жалб қилинган.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотлари эшитиб борилган. Маҳаллий депутатлар томонидан аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориш жараёнида, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш давомида кўтарилган муаммоларни ҳал этишга қаратилган депутатлик сўровлари юборилган ва ижроси назорат қилиб борилган.

Мажлисда вилоятни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликлар борлигига урғу берилди. 

Жумладан, 2019 йилда вилоятдаги маданият марказларида бажарилиши лозим бўлган қурилиш ишлари тўлиқ амалга оширилмаган. Масалан, Булунғур ва Паст Дарғом туманларидаги маданият марказларида қурилиш ишлари якунланмаган бўлса, Каттақўрғон ва Жомбой туманларида бу борадаги ишлар бошланмаган.

Вилоятга бириктирилган Хитой, Туркия, Греция, Испания давлатларидаги элчихоналар томонидан таклиф этилган қиймати 1 трлн. 540 млрд. сўмлик 10та лойиҳанинг амалга ошириш муддати кечикмоқда. Қиймати 2 трлн 385 млрд сўмлик 16та лойиҳа бўйича ишлар бошланмаган.

Умумтаълим мактабларини спорт анжомлари билан мунтазам таъминлаш тизими йўлга қўйилмагани боис вилоятдаги аксар мактабларга охирги марта 2016-2017 йилларда спорт жиҳозлари етказиб берилган. Яна бир жиҳат, ҳудуддаги мактабларда фаолият олиб бораётган 2 минг 164 нафар психологнинг 1 минг 340 нафари, яъни 62 фоизи ихтисосликка эга эмас.

Бундан ташқари, аҳолини ичимлик суви, электр энергияси ва табиий (суюлтирилган) газ билан тўлиқ ва узлуксиз таъминлаш борасида муаммолар мавжуд. Хусусан, электр тармоқларининг айрим қисмлари фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Газ қувурларини мукаммал таъмирлаш бўйича 2019 йилга белгиланган режа бажарилмаган. Вилоятнинг ички йўллари таъмирталаб аҳволда.

Мажлисда ҳудудни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 22 майдаги сессиясида муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича «Йўл харитаси», шунингдек вилоят Кенгаши фаолиятини «намунали Кенгаш» сифатида йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқлангани қайд этилди.

Шунингдек, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Мажлисда мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, вилоятда ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Уларнинг ижроси устидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Мавзуга оид