Ўзбекистон | 12:06 / 19.06.2020
3999
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Илм-фан, инновациялар соҳасига хусусий секторни жалб қилиш кўрсаткичи жуда паст»

Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги «Инновацион фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Муҳокамалар давомида Сенат раиси Танзила Норбоева илм-фан ва инновациялар соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, уларга қулай шарт-шароит яратиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим эканини таъкидлади.

«Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан «Глобал инновацион индекс» бўйича давлатлар рейтинги юритилишини биламиз. Ушбу рейтингга 129та мамлакат кирган. Қўшни мамлакатлардан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон кирган. Лекин Ўзбекистон мазкур рейтингда ўрин эгаллай олмаган. Вазирлик бу борадаги ишга жиддий ёндашиши, вазифаларни аниқ белгилаб олиши керак. Сенат қўмиталари ҳам вазирликнинг бу борадаги ҳисоботларини эшитиб боришимиз керак. Халқаро рейтинг ва индексларда мамлакат ўрнини яхшилаш бўйича ишларга алоҳида эътибор қаратиш керак», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Инновациялар соҳасига хусусий сектор кенг жалб этилиши кераклиги айтиб ўтилди.

«Илм-фан, инновациялар соҳасига хусусий секторни ҳам кенг жалб қилиш, улар фаолиятини олиб бориши учун қулай шарт-шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш керак. Бугунги кунда бу йўналишга хусусий сектор деярли жалб қилинмаган десак бўлади. Жалб қилинган бўлса ҳам жуда паст кўрсаткичда. Илм-фан, инновацияларни молиялаштириш асосан давлат бюджети зиммасига юкланиб қолган. Илм-фан соҳасига ажратилган молиялаштириш бугунги кунда ЯИМга нисбатан 0,2 фоизни ташкил қилади.

Сўнгги йилларда давлат бюджетидан соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми 3 мартагача оширилди. Лекин улар асосан илмий фаолият билан шуғулланувчиларнинг маошлари, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга сарфланмоқда.

Илмий ташкилотларнинг моддий-техника ва илмий лабораториялар баъзаларини ривожлантирмас эканмиз, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз.

Тижоратлаштириш учун ташкил этилган президент жамғармасига Молия вазирлиги томонидан ҳалигача маблағ ажратилмаган. Бу эса илмий ишланмаларни тижоратлаштириш учун лойиҳаларни молиялаштиришга жиддий тўсқинлик қилмоқда. Шу боис, ушбу масалага Молия вазирлиги эътибор қаратиши мақсадга мувофиқдир», деди Сенат раиси.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид