«Йўллардаги тартиб-интизомга фақатгина қоидабузарликни қайд этиб, жарима ундириш билан эришиб бўлмайди» – Сенат раиси
Сўнгги икки йилда тез ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган. Охирги уч йилда ҳайдовчилар томонидан махсус автотранспорт воситаларига йўл бермаслик билан боғлиқ 700 дан зиёд ҳолат аниқланган. Бу ҳақида Сенат раиси Танзила Норбоева маълумот берди.
“Аслида ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга йўл бериш керак. Бироқ уларни ўтказиб юбораман, деб бошқа ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда. Яъни ўтказиб юбораман деб қоида бузса ҳам жарима тўлайди, қоида бузмай деб уларга йўл бермаса ҳам жарима тўлайди. Бу каби ҳолатларга чек қўйиш учун ҳам “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун жуда муҳим. Ўз ўрнида шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, қонун қабул қилиш муаммони ҳал қилишнинг бир қисми, холос. Йўллардаги тартиб-интизомга фақатгина қоидабузарликни қайд этиб, жарима ундириш билан эришиб бўлмайди. Бугун қонун чиқса, эртадан бошлаб ҳайдовчиларни жазога тортиш керакмас. Аввало, тушунтириш, ўргатиш, огоҳлантириш керак”, - деди Танзила Норбоева Сенатнинг 5-ялпи мажлисида.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги каби бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексининг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлик жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига қўшимча киритилмоқда. Яъни таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши белгиланмоқда. Агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва ўз навбатида давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024