Жаҳон | 23:39 / 25.06.2020
49671
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: ЖССТ собиқ совет республикаларидаги вазиятдан ташвишда, Парижда Эйфель яна очилди

Европада ва МДҲ ҳудудидаги 11 давлатда карантин чоралари юмшатилиши ортидан Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари жиддий ўса бошлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу мамлакатлардаги вазиятдан хавотирларини билдирмоқда.

Фото: Каzаkh-ТV

Ташкилот 11 давлатдаги вазиятни алоҳида қайд этган: Арманистон, Швеция, Молдова, Шимолий Македония, Озарбойжон, Қозоғистон, Албания, Босния ва Герцеговина, Қирғизистон, Украина ва Косово.

ЖССТнинг Европадаги минтақавий директори Ҳанс Клюге сўнгги икки ҳафтада 30 давлатда янги касалланиш ҳолатлари ўсиши қайд этилганини маълум қилди.

«Бу мамлакатлардан 11тасидаги темп пандемиянинг аввалги даражаси қайтганини кўрсатмоқда. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, Европадаги соғлиқни сақлаш тизимлари яна катта юклама остида қолади», деган у.

Айни вақтда дунёда коронавирусга чалинганлар сони 9,6 миллиондан ошган, вирус қурбони бўлганлар сони 487,4 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини маълум қилди.

«Европадаги вазият яхшиланган бўлса-да, бутун дунё бўйича вазият ёмонлашмоқда. Пандемиянинг дастлабки ойида 10 мингдан камроқ ҳолат ҳақида хабар қилинган бўлса, охирги ойда қарийб тўрт миллионта ҳолат қайд этилди. Келаси ҳафтада касалликка чалинишлар 10 миллионга, қурбонлар сони эса 500 мингга етиши кутилмоқда», деди у Европарламентдаги чиқишида.

Кейинги ҳафталарда қатор мамлакатларда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошлангани маълум қилинди.

Эйфел минорасига чиқишга рухсат берилди. Фақат нарвон билан

Фото: EPA/Vostock-photo

Париждаги асосий диққатга сазовор жойлардан бири - Эйфель минораси 25 июнь куни сайёҳлар ва парижликлар учун яна очилди. Минора уч ой давомида сайёҳларни қабул қилмади.

Аммо Парижни минорага чиқиб томоша қилмоқчи бўлганлардан яхши жисмоний тайёргарлик талаб этилади. Минора лифтлари 1 июлга қадар ишламайди, шу туфайли истовчилар минорага фақат нарвон орқали кўтарилиши мумкин. Миноранинг энг юқори қисмига чиқиш учун 1665 зинани босиб ўтиш керак бўлади, аммо ҳозирча миноранинг энг юқори қисми омма учун ёпиқ қолади, фақат иккинчи босқичгача кўтарилиш мумкин (674 зина).

Минора сайтида хабар қилинишича, бу баландликка чиқиш учун 30-45 дақиқа сарфланади, аммо бу ташриф буюрувчининг жисмоний ҳолатига ҳам боғлиқ.

Ёш болали оилалар ёки соғлиги яхши бўлмаганларга бу жойга келишдан тийилиб туриш тавсия қилинган. Минора оператори томонидан маълум қилинишича, ташриф буюрувчиларнинг зиналарда қарама-қарши келмаслиги учун минорага кўтарилиш шарқий устундан, тушиш эса ғарбий устундан амалга оширилади.

Коронавирус сабабли Францияда маданий тадбирлар бекор қилинган. Лувр ва Орсэ музейлари, Версал саройи ёпилган.

Англияда контактларни аниқлаш
Ўтган уч ҳафтада Англияда коронавирусга чалинганлар билан алоқада бўлган 100 мингдан ортиқ кишига ўзини иҳоталаш тўғрисида кўрсатма берилган. Бу иш инфекция тарқалиши олдини олиш дастури доирасида амалга оширилди.

Бу дастур май ойи охирида жорий этилганди. Ўтган вақт давомида дастур коронавирус тасдиқланган 20 мингдан ортиқ кишининг маълумотларини олди.

Вирусга чалинганларнинг 25 фоизи ўзи билан алоқада бўлган одамлар ҳақида маълумот беришдан бош тортган. Қолганлар ўзлари билан алоқада бўлган жами 130 мингдан ортиқ одам ҳақида маълумот беришган. Шундан қарийб 114 мингдан ортиқ киши билан алоқа ўрнатишга эришилган. Уларга уйда қолиш кўрсатмаси берилган.

Марказий Осиёдаги вазият
Сўнгги кунларда минтақа давлатларида коронавирус яна авж ола бошлади. Айниқса, карантин чоралари барвақт юмшатилган Қозоғистон ва Қирғизистонда аҳвол ёмонлашмоқда, ушбу мамлакатларда вирус юқори доираларгача етиб борган.

REUTERS/Pavel Mikheyev

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов коронавирусга чалингани туфайли истеъфо берди. Мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳам вирус юқтиргани туфайли ўзини иҳоталаган.

Қозоғистонда май ойи охирида вирус тарқалиши темпи пасайгач, карантин чоралари юмшатилиши бошланганди. Аммо сўнгги кунларда кунлик ўсишлар сони 500дан оша бошлади, шу вақтгача Қозоғистонда 19 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, 140 киши вафот этган.

Мамлакатда 24 июндан карантин чоралари кучайтирила бошлади, шаҳарлар яна ёпилмоқда.

Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбеков эса Москвага сафар давомида ўзига ҳамроҳлик қилган икки ходимда вирус аниқлангач, ўзини яккалаш режимига ўтди.

Ушбу мамлакатда ҳам коронавирус яна авж ола бошлагани туфайли ҳукумат яна бир неча област ва шаҳарларда фавқулодда ҳолат режимини жорий этишга тайёрланмоқда.

Қирғизистонда шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони 3954тага етган (сўнгги бир кунда 228та янги ҳолат қайд этилди ва бу рекорд кўрсаткичдир), шундан 43 бемор вафот этиб, 2112 бемор тузалиб чиққан.

ОАВ Туркманистонда ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар тарқатди. «Хроника Туркменистана» нашри тарқатган хабарга кўра, Ашхободдаги С.Ниёзов номидаги даволаш-консултатив марказининг олти нафар ходимида, хусусан, шифокорларда коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.

Инфекцияга чалинганларнинг уч нафарининг ҳолати ўртача оғирликда экани айтилмоқда.

Марказда юқумли касалликлар бўлими мавжуд эмас, шунинг учун беморларнинг бир қисми Чўганлидаги касалхонага, қолганлар эса Ахал вилоятида тайёрлаб қўйилган изоляторларга жойлаштирилган.

Аммо ҳозирча Туркманистонда коронавирус аниқлангани ҳақида расман эълон қилинмади.

Тожикистонда вазият барқарорлашган. Сўнгги бир кунда 61 янги ҳолат қайд этилди ва жами ҳолатлар сони 5691тага етди. Шу вақтгача беморларнинг 52 нафари вафот этган.

Ушбу мамлакат ҳам босқичма-босқич карантин чораларини бекор қилиб бормоқда.

Мавзуга оид