Наманган ҳақида қонуният даражасидаги умумийликларга назар ташлаш фойдадан холи бўлмайди. Бу вилоятда яшовчи ҳар бир одамнинг тадбиркорликка, деҳқончиликка уқуви бордек тасаввур уйғонади ва бу тасаввурда жон борлигига бир неча марта амин бўлдик.
Деҳқончиликда, айниқса сўнгги йилларда шиддат билан ривожланаётган иссиқхона йўналишида деярли ҳар бир маҳаллада шуғулланишади. Вилоятнинг тўқимачилик соҳасидаги ютуқлари ҳам унга “текстиль пойтахти” деган ном бежиз қўлланмаётганини англатади. Энг муҳими – ҳар қандай лойиҳа, хоҳ у ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлсин, хоҳ минглаб иссиқхоналар мажмуаси бўлсин, жуда катта масштабда бошланган ва уларни амалга ошиши ҳатто қийиндек туйилади. Лекин ҳар бирининг эгалари хотиржам, бемалол юрита олишларига кўзлари етади.

Давлат раҳбарининг Наманганга ташрифи доирасида бир гуруҳ журналистлар вилоятдаги қатор объектларга бордик ва ҳар бирига оид қизиқарли маълумотлар билан танишдик.
Art Soft ceramics holding компаниясига ташрифимиз чоғида бизга компания кузатув кенгаши раиси Олимжон Бобохонов ҳамроҳлик қилди. Президентга «Юксалиш» кичик саноат зонасидаги мана шу ҳолдинг таркибига кирувчи «Flat Tile» масъулияти чекланган жамиятнинг кафел-керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим этилган.
– Керамик плиталар (кафеллар) ишлаб чиқаришни бошлашимизга сабаб бу маҳсулотга ички ва ташқи бозорда эҳтиёжнинг жуда юқорилиги билан боғлиқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистон бозоридаги 55 фоизгача керамика маҳсулотлари импорт қилинади.
Давлат раҳбари ҳам биринчи навбатда мана шу жиҳатга эътибор қаратди. Маҳсулотни тезроқ маҳаллийлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш билан бирга кун сайин ривожланаётган қурилиш соҳасига сифатли маҳсулот етказиб беришимиз зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, президентимиз ишчиларимизга яратилаётган шароитлар, иш ўринларини ошириш билан ҳам қизиқди.

Бу борада кўнглимиз тўқ, ишчиларимиз бемалол ишлашлари ва дам олишлари учун зарур шароитлар яратилган, иссиқ овқатларни вақтида берамиз. Асосан ёшлардан иборат ходимларимиз сафини ҳам кенгайтириб боряпмиз. Сабаби, узлуксиз жараён бўлган ишлаб чиқаришимиз суръати тушмаслигидан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдормиз.
·















