Ёзда салқин, қишда иссиқ сақловчи пахса деворлар шу даражада оммалашганки, пойтахтга, водийга самарқандлик, воҳалик усталар бориб пахса уриб келишган. Устачиликнинг бу йўналиши ҳақиқий паҳлавонлар иши эканлиги ҳам эътиборга молик. Сабаби, лой билан узлуксиз ишлаш, лўмбозни 3-4 метрга ирғитиб бериш эр кишидан катта қувват талаб қилади.
Ғиштни саноат даражасида ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши пахсачиликка бир зарба бўлган бўлса, иҳота деворлар учун енгил конструкциялар ишлаб чиқариш кенгайиши яна бир кучли зарба бўлди.
Аммо пахсачилик бутунлай йўқолиб кетмаган. Воҳада, дашт ҳудудларда оз бўлса-да учраб турса, Қорақалпоғистонда, Хоразмда ҳануз кенг қўлланилади.
Хоразм вилоятига сафаримиз чоғида Боғот туманининг Қалажиққалъа маҳалласидаги хонадонлардан бирида пахса ураётган усталарга дуч келдик ва уларнинг ишбошиси Баҳром оға Тиллоев билан суҳбат қурдик:

– Ҳорманглар уста акалар. Пахса уришда ўлчов қанақа бўлади? Бутун уй деворларини тиклашни келишасизларми ёки метрлаб ҳисоб-китоб қиласизларми?
– Саломат бўлинг. Метрлаб ҳисоб-китоб қилиш ҳам бор, аммо одатда бутун уйнинг деворларини тиклаб беришни келишамиз. Метрлаб ҳисоб-китоб қилишнинг ноқулай томони ҳар-хил қалинлик ва баландликдаги деворлар бўлади. Қолаверса, пойдевордан кейин бир қатор пахсани 1 метр баландликда урсангиз, юқори қаватларга бориб 30-40 сантиметрга тушиб қолади. Кўтара ҳисоб-китобда эса бошидан девор қандай бўлиши келишиб олинади.
Масалан, мана шу уйнинг деворлари умумий узунлиги 120 метр, баландлиги 3,2 метр, эни эса 50 см. Мана шу уйни кўтара савдо қилганмиз.
– Сир бўлмаса, қанчага келишгансизлар ва қанча вақтда битириб берасизлар?
– Умумий деворлари 120 метрлик бу уйни 12 млн сўмга келишганмиз ва тўрт киши ишлаб, тахминан бир ойда битириб берамиз. Ейиш-ичишимиз уй эгаси ҳисобидан. Айтишади-ку, пахсачини ошдан бошқаси тўқ тутмайди, деб. Шунинг учун ҳар куни палов пишириб беришади, биз эса эрта тонгдан бошлаб тинмай ишлайверамиз.















