2004 йилда Ҳолливуд киноижодкорлари томонидан ишланган «Терминал» фильмини кўпчилик томоша қилган бўлса керак. Фильмнинг бош қаҳрамони Виктор Наворский Нью-Йорк шаҳрига учиб келиб, маълум сабабларга кўра ўз ватани Кракозияга кета олмай қолади. АҚШга ҳам кира олмайди, оқибатда бир неча ой давомида аэропортда аросатда қолиб кетади. Бугунги ҳикоямиз қаҳрамонининг қисмати ҳам ана шу фильмда ҳикоя қилинган ҳодисаларни ёдга солади.
Қарши шаҳрида яшовчи Мамадалиева Интизор Мухамедовна 1976 йилда Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси, оила аъзоларининг барчаси Ўзбекистон Республикасининг тўлақонли фуқаролари.
И.Мамадалиеванинг сўзларига кўра, у 1992 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикасида ўқиш ва доимий истиқомат қилиш мақсадида ўша пайтдаги доимий манзили – Ўш вилояти Қорасу тумани Савай қишлоғи, Қизил Шарқ участкасидан пропискадан чиққан ҳамда Самарқанд шаҳар Кооператив институтига ўқишга кириш мақсадида Самарқанд шаҳар Даҳбет кўчаси 237-уйда жойлашган ётоқхонада доимий яшай бошлаган. Институтга ўқишга киргани муносабати билан 1992 йил август ойида Даҳбет кўчаси 237-уйга пропискага кирган. Институтни 1997 йилда тугатган. 1998 йилда Ўзбекистон фуқароси И.Ишназаровга турмушга чиқиши муносабати билан Қарши шаҳрига кўчиб кетган. 2000 йил 2 январь куни Қарши шаҳар ИИБ томонидан расмийлаштирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олган. 25 ёшга тўлгани муносабати билан 2001 йил 31 июль куни янги фуқаролик паспортини олган. 2012 йилда уни йўқотиб қўйгани сабабли қайта паспорт олишга мурожаат қилган ва шундан сўнг ҳаммаси остин-устун бўлиб кетган.
Унинг йўқолган паспортини тиклаш бўйича мурожаатидан сўнг у фуқаролик паспорти ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ноқонуний олганликда гумон қилинади. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, якунда иш судда кўриб чиқилади.
Суд И.Мамадалиевани 1992 йил 20 май куни Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти, Қорасу туман ИИБдан собиқ иттифоқ фуқаролиги паспортини олиб, 1992 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Самарқанд шаҳри Кооператив институти ётоқхонаси, яъни Даҳбет кўчаси 237-уйда вақтинчалик рўйхатда туриб, Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса-да, ноқонуний равишда Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмаси бошлиғи М.С. билан бир гуруҳга бирлашиб, олдиндан жиноий тил бириктириб, 2000 йил 2 январь куни Қарши шаҳар ИИБ паспорт бўлинмасидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортини олишга эришган ҳамда мазкур фуқаролик паспорти қалбаки эканлигини била туриб, ундан 2012 йил август ойига қадар фойдаланиб келган, деб топган.





















