«Президентлик давримнинг бошлари эди. Олдимга бир гуруҳ одамлар келди-да, «Чиндан бу мамлакатни бошқараман деб ўйлаяпсизми?» дейишди. Мен «ҳа», деб жавоб бердим. «Кўрамиз» дейишди, мен ҳам «кўрамиз» дедим». Владимир Путин

Сергей Карпухин / Reuters / Scanpix / LETA

Янги аср бошидан буён Россияни бошқариб келаётган Владимир Путин дунёдаги энг йирик мамлакатни яна икки муддат бошқариш имконига эга бўлди. Аниқроқ айтганда, янги асрнинг 2008-12 йилларида танаффус қилган ҳолда Россияни бошқариб келаётган Путин. Ахир бу муддатда Россияни Медведев бошқаргани факт, қолган ҳар қандай фикр тахминдан бошқа нарса эмас.

Асосий иши Кремль, хусусан, Путинни ташвиқот қилиш бўлган рус нашрларида бу ўзгаришнинг «ҳаёт-мамот масаласи» экани ҳақида ҳар қанча гапирилмасин, Путин кескин танқидлар гирдобида қолмоқда. Владимир Владимирович буни жуда яхши билади, ахир у чумчуқдан қўрққанида тариқ экмасди, тўғрими? Қуйида ҳаммаси нега бундай ривожланди, деган саволга ўз хабардорлигимиз даражасида мулоҳаза юритамиз.

Тўрт мушкетёр

Сўзимиз аввалида Путин президентлик даврида дуч келган воқеани келтирдик. Бу қайсидир фильмдан олинмаган ёки ўйлаб топилган ҳикоя эмас. Путин бу ҳақда интервьюларидан бирида айтган. Ўша одамлар ким бўлган деб ўйлайсиз? Уларнинг кимлигини аниқ айтиб бўлмаса-да, тахмин қилиш мумкин. Айтайлик, улардан бири Михаил Ходорковский бўлгандир. Балки Роман Абрамовичдир? Путинга заҳарханда қилган одам Борис Березовский ёки Владимир Гусинский ҳам бўлиши мумкин.

Владимир Владимирович тахтга келган вақтда бу тўртлик Россиянинг энг йирик тадбиркорлари эди. Путин улар билан келиша олмагани ҳақида кўп гапирилган. Россия сиёсатини кузатиб борадиганлар бу гаплар ҳақиқатга яқинлигини тушунади. Борис Ельцин даврида Россияда ёппасига хусусийлаштириш бошланади ва натижада йирик миллиардерлар пайдо бўлади.

Бу миллиардерлар, хусусан, юқоридаги тўртлик ортида АҚШ тургани ҳақида кўп гапириларди. Россияда эса Америка деган сўзга аллергия борлиги сир эмас. Агар чиндан бу тадбиркорларнинг ортида Россиянинг асосий рақобатчиси (ёки душмани) турган бўлса, табиийки Путин буни фожиа сифатида қабул қилган. Ахир мамлакат ҳарбий жиҳатдан ҳар қанча қудратли бўлмасин, унинг капиталини бошқалар назорат қилса, ҳарбий қудрат бир пулга қиммат бўлиб қолади.

Шу тариқа, Путин бунақа хусусийчилик керак эмас деб, миллиардерларга кескин зарба беради. Оқибатда бугун Ходорковский каби хусусийлаштириш ортидан миллиардер бўлиб кетганларни учратмайсиз. Бир сўз билан айтганда, Путин ўта мураккаб вақтда ҳокимият тепасига келиб мамлакатни бошқаришни истаётган бойларга «Жаноблар, Россиянинг эгаси бор», деди.