Дунё Covid-19’нинг иккинчи тўлқинида яшаяптими?

Хитой, Словения ва Янги Зеландия каби кам сонли давлатлар кундалик ҳолатлар сонини нолга туширишга эришганди. Аммо кўп вақт ўтмай, ушбу мамлакатларда тағин янги ҳолатлар қайд этила бошлади. Ҳиндистон, Бразилия ва Жанубий Африка сингари мамлакатларда эса эпидемия ҳали энг юқори чўққисига чиққанича йўқ, шунинг учун ҳам вирусга чалиниш билан боғлиқ рақамлар кун сайин ўсишда давом этмоқда. АҚШ, Эрон, Исроил, Португалия каби мамлакатларда ҳам вирус тарқалиш суръати пасайганди, бироқ эпидемиянинг эгри чизиғи яна кўтарила бошлади. Ҳатто вирусни жиловлагандай кўринган айрим давлатларда ҳам ҳолатлар сони ортиб бораётгани жуда муҳим бир саволни ўртага қўймоқда: дунё Covid-19’нинг иккинчи тўлқинини яшаяптими?

ЖССТ, Жаҳон иқтисодий форуми, тегишли мамлакатларнинг Covid-19’га қарши курашишга масъул вакиллари мазкур саволни қизғин муҳокама қилмоқда. Айниқса, сўнгги кунларда АҚШда ҳолатлар сонининг кўпайиши ортидан ушбу мунозарали масала яна кун тартибига чиқди.

Иккинчи тўлқин нима?

Иккинчи тўлқин нима экани ҳақида сўнгги тўхтам ва хулоса йўқ. Шу сабабли, мазкур атамани нотўғри ишлатиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Эпидемик xасталикларда «тўлқин» тушунчасини қўллаш 50 миллион инсон ўлимига сабаб бўлган 1918 йилги «испанка» гриппи пандемиясининг авж олиши билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган. 1918 йил «испанка» гриппи пандемиясида йил бошида чўққига кўтарилган эпидемиянинг эгри чизиғи ёз ойларида яна кўтарилиб, иккинчи эпидемия сифатида намоён бўлган. Қиш ойларида эса эпидемия учинчи марта, фақат бу сафар олдингиларига нисбатан кам рақамлар билан ўсган ва кўп ўтмай тағин сўнган.

Шу тариқа, 1918 йилги эпидемия босқичларида вирусга чалиниш ҳолатлари сонининг вақтга тақсимланиши тўлқинга қиёс қилиниб, биринчи, иккинчи ва учинчи тўлқин сифатида номланган. Covid-19 пандемиясидан олдин тарихда энг кенг миқёсли пандемия 1918 йилда рўй бергани, Sars-CoV-2 ва грипп вируси ўртасида баъзи ўхшашликлар мавжуд бўлгани сабабли таққослаш ҳамда келажакни башорат қилишда 1918 йилдаги пандемия тебранишларига тез-тез мурожаат қилинади.

Иккала пандемияни бир-бири билан таққослашни хато деб билган ва шу боис Covid-19’нинг тўлқин шаклида давом этиши борасидаги тахминлар нотўғри эканини илгари сураётган мутахассислар ушбу икки вирус ўртасидаги фарқларга алоҳида эътибор қаратишади.

Тўлқин модели мавсумий гриппнинг йил давомида бир неча бор шакл ўзгартириши орқали вужудга келади, аммо Covid-19’нинг мавсумий инфекция характерига эга экани ҳали исботланганича йўқ. Ушбу қарашга кўра, Covid-19 ҳолатлари билан боғлиқ рақамларнинг тўлқин сифатида изоҳланиши ижтимоий кўрсатма ва чора-тадбирларга риоя қилиш ёки қилмаслик натижалари билан бевосита боғлиқ.