Kun.uz таҳририятига қайнона-келин – Зиёдахон ва Фотима Мусахўжаевалар йўллаган мурожаатда банкнинг собиқ ходимлари омонатда сақлашга берилган пулларни талон-торож этгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Мусахўжаевалар бир неча йиллар давомида ўзларининг оилавий жамғарган пулларини ишончлироқ жойга узоқ муддатга сақлаб қўйиш ҳақида ўйлай бошлашган. Яқинлари Туронбанкнинг Зангиота филиалини ишончли давлат банки деб тавсия қилишгани учун, жамғарган пулларини шу банкка қўйишга қарор қилишган.

Ўша вақтдаги вазият ҳақида Зиёдахон Мусахўжаева қуйидагича ҳикоя қилади:

«Ўғлимнинг ишлари ўша вақтда яхши бўлгани учун, бу пулларни узоқ вақтга, невараларим катта бўлгунга қадар омонатда сақлашни айтган эдим. Ислом динида фоиз олиш яхши эмаслиги сабабли, пулларни фоизсиз омонатга қўйишни маъқул деб топдик.

Менинг номимдан 50 минг АҚШ доллари ва келиним Фотима номидан 50 минг АҚШ долларини омонатга қўйиш учун пулларни ва паспортимизни 2009 йил 2 декабрь куни ўғлим Шавкатга бериб юбордик. Шу куни ўғлим банкка бориб, менинг номимга ва келинимнинг номига пулларни Туронбанк Зангиота филиалига омонатга қўйиб келди. Менинг номимга 50 минг АҚШ доллари омонатга қўйилгани ҳақида 022333-сонли омонат дафтарчаси ва келиним номига 50 минг АҚШ доллари қўйилгани ҳақида 022334-сонли омонат дафтарчасини, пулни топширгани ҳақида квитанцияларни олиб келди.

Оиламизда даромадимиз етарли бўлгани сабабли, давлат банкини ишончли жой деб билиб, бу омонат пулларини узоқ вақт сўрамадик...»

2018 йил май ойида оила пулга эҳтиёж сеза бошлагани сабабли банкдаги омонат пулларини қайтариб олиш учун боришган. Лекин Туронбанк Зангиота филиали ходимлари уларга банкдаги омонат пуллари жойида йўқлигини хабар қилишган.

Шундан кейин улар вазият бўйича Туронбанк АТБга мурожаат қилишган. Мазкур мурожаат юзасидан Туронбанк АТБ Бошқаруви раисининг 2018 йил 17 майдаги буйруғига асосан, Зангиота филиалида хизмат текшируви ўтказиш белгиланади. Филиалда ўтказилган ҳамда Бошқарув раиси томонидан тасдиқланган хизмат текшируви хулосасида, банкнинг IABS электрон дастуридан очиб кўрилганда, 2010 йил 28 феврал куни 2009 йил 2 декабрдаги 010948-сонли квитанция билан Ф.Мусаходжаева номига ҳисоб рақами очилиб, 50 000 АҚШ доллари, З.Мусаходжаева номига очилган ҳисоб рақамига эса 20 000 АҚШ доллари кирим қилингани, 2010 йил 1 март куни эса Ф.Мусаходжаева номига ёзилган 015973-сонли чиқим касса ордери билан 50 000 АҚШ доллари, З.Мусаходжаева номига ёзилган 015976-сонли чиқим касса ордери билан эса 20 000 АҚШ доллари чиқим қилингани маълум бўлгани ёзилади.