Жамият | 18:23 / 18.07.2020
28009
10 дақиқада ўқилади

Фермерга кўра таъминотчи чириган картошка сотган, таъминотчига кўра фермернинг ўзи чиритган — Яккабоғдаги воқеа

Kun.uz’нинг Телеграм канали орқали Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермерларга чириган картошка уруғи тарқатилаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинган эди.

Мурожаатда бўшаган ғалла ер майдонларига такрорий экин сифатида экиш учун фермерларга «EGOIST AST» МЧЖ дан килосини 7000 сўмдан картошка уруғи сотиб олишга мажбурланаётгани, харид қилинган уруғлик картошкаларнинг бир қисми чириб кетганлиги ва экишга яроқсизлиги ҳикоя қилинган.

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири тумандаги картошка уруғи олган фермерлар билан суҳбатлашди, шунингдек, бозордаги нарх-наво ўрганилди, уруғлик картошка тарқатаётган корхона раҳбаридан ҳолат бўйича изоҳ олинди.

«Картошка уруғи масаласи ҳар йилги муаммо»

Яккабоғ туманидаги бозорларда уруғлик картошка сотаётган сотувчилардан уруғлик нархларини сўраб, 5-6 минг сўмдан сотилаётганини кўрдик. Аммо бозордаги маҳсулот гектарлаб ерга экиш учун тонналаб ўтказилаётгани йўқ. Сотувчилардан бирини суҳбатга тортганимизда картошка етиштираётган фермерлар муаммолари ҳақида сўзлаб берди.

«Ўзим фермерман, ғалла, пахтадан тортиб картошка ва бошқа сабзавотларгача экаман. Уруғлик картошка масаласига келсак, бизга тавсия қилинган, 7000 сўмдан тарқатилаётган ўша картошка уруғини эмас, ўзимиз Тошкентдан 5600 сўмдан олиб келдик. Нега десангиз, ишончли, ўзингиз истагингиздаги нарсани олиб келасиз. 2 тоннадан зиёдроқ олиб келгандик, 200 килога яқин картошка уруғи ортган эди, мана, бозорга олиб чиқиб сотяпман.

Картошка уруғи масаласи ҳар йилги муаммо: фермерга уруғ тарқатилади, лекин ҳосил яхши бўлмайди. Фермер эса меҳнати ва пулига куйиб қолаверади. Жуда кам одам ҳақини талаб қилиб ололади, тўғри маънода, таниши, «орқаси» бўлсагина мажбуриятлардан четлаб ўтиши мумкин», — дейди сотувчи-деҳқон.

«Омборда пайтидаёқ чиригани маълум бўлганди, чегирма қилиб берамиз дейишди»

Шундан сўнг ғалладан бўшаган далага картошка етиштираётган айрим фермерлар даласига бордик. Экишга тайёр қилиб, ёйиб қўйилган картошка турган ерида чириб, ҳатто ичида қуртлар «ўйнаб» юрганини кўрдик. Исми ошкор қилинишини истамаган фермер олинган 6 тонна картошка уруғини саралаш натижасида 1,5 тоннага яқини чиқитга чиқарилганини куйиниб ҳикоя қилиб берди.

Унинг сўзларига кўра, уруғлик картошкага мажбурий тарзда шартномага қўл қўйиш учун олиб борилган, аммо фермер ким билан қайси ташкилот ёки фирма билан шартномага қўл қўйгани ва муҳр босганини билмайди.

Шунингдек, у Шаҳрисабз шаҳридаги омбор-музлатгичдан картошка олишга борганда эса омборда чириган картошкаларни юклаб бериб, чириганига чегирма қилиб берамиз, дейишганига қарамасдан, ҳеч қандай ёрдам берилмаганини айтди.

«Дунёда энг қўланса ҳид — чириган картошканинг ҳиди бўлса керак, деб ўйлайман. Ҳафта-ўн кундан бери қўшнилар ҳам шикоят қилиб келади. 2 гектар ерга экиш учун 6 тонна уруғлик олиб келгандим. Омборда пайтидаёқ чиригани маълум бўлганди, бошқа фермерлар ҳам бор эди. Битта халтани тўкиб ҳам кўрсатилди, бундан картошка чиқадими, чириб ётибди-ку десак, « чиригани ҳисобига ҳаммага чегирма қилиб берамиз», дейишди, лекин на чиригани қопланди, на алмаштириб берилди.

Картошка экадиган дала тайёр турибди, эртадан экишни бошлаймиз. Лекин бундан нимадир униб чиқадими-йўқми, Худо билади», дейди ачиниш билан фермер.

Яккабоғ туманининг Ғуржоб, Алакўйлак қишлоқларидаги бошқа фермерлар билан гаплашганимизда уларга берилган уруғлик баъзиларида алмаштириб берилган бўлса, баъзилари эса «омади келиб» яхши уруғлик олганини айтишди.

«Музлатгичда сақланаётган уруғ музламаса, чиримайди. Омбордаги ҳарорат яхши бўлмаган. Йўқса, бунчалик даражада чириб қуртлаши мумкин эмас», дейди биз билан суҳбатда кекса фермер.

Унинг айтишича, 63 млн сўмга 9 тонна уруғлик олган ва фермерлар уюшмасига қилган мурожаатидан сўнг яроқсиз қисми алмаштириб берилган.

«Омборда тарқатилаётган вақтда қоп ичини ёриб кўрсатганмиз»

Биз ҳолатга янада аниқлик киритиш мақсадида Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларига уруғлик картошка тарқатишга масъул «EGOIST AST» фирмаси раҳбари Чори Сафаровдан изоҳ олдик.

«Музлатгич-омбордан уруғлик олиб чиқиб кетаётган ҳар бир фермер билан тузилган шартнома ва бошқа ҳужжатлар бўлади. У яроқли картошка олиб кетяптими ёки яроқсиз — бу ҳақда ҳужжат расмийлаштирилган.

Биз фермерни қуртлаган картошкани олишга мажбурламаганмиз. Омборда тарқатилаётган вақтда қоп ичини ёриб кўрсатганмиз. Бундан ташқари, тилхат ҳам олинган. Ҳар бир онгли одам қаердан нима олаётганини билиши керакку», — дейди фермерларга картошка тарқатаётган «EGOIST AST» фирмаси раҳбари Чори Сафаров

Бундан ташқари, фирма раҳбари уруғлик картошка фермерлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар натижасида чириган деб ҳисоблайди. Унинг таъкидича, уруғлик картошкани олиб кетган фермер иссиқ ва дим шароитда сақлаган бўлса, унинг чириши табиий ҳодиса.

«Бу ўз номи билан уруғлик, уни омбордан олиб чиққандан нишлаши учун сўнг ҳарорати +18 даражадан юқори бўлмаган жойда ёйиб қўйилади, бу ҳақда ҳар бир фермерга агротехник тавсиялар берганмиз. Музлатгичларда турган ва фермерларга тарқатилаётган уруғлик картошка талаб даражасида сақланмоқда», дейди Чори Сафаров.

Фирма сотаётган уруғлик бозор нархидан қиммат экани ҳақида берган саволимизга шундай жавоб берди: «Биз Тошкентдан 5-6 мингдан олганмиз, унинг устига ҚҚС ҳам қўшилади. Энди бунга транспорт, холодилник, ортиш-тушириш, шунингдек, ходимлар ойлик-маошлари қўшилади. Бевосита Россия федерациясидан ҳам олиб келган ҳолатларимиз ҳам бор, лекин бу биз учун янада қимматга тушган».

Фирма вакилларининг бизга тақдим этган ҳужжат нусхаларида уруғлик картошканинг сотиб олинганидан фермерларга тарқатиб берилгунгача бўлган асосий харажатлари кўрсатилган. Бу билан қуйида танишасиз.

 

Чори Сафаров шунингдек, айрим фермерларнинг туман ҳокимликларига қилган шикояти сабабли уруғлик картошкаларнинг чиригани алмаштириб берилганини айтиб ўтди.

«Гарчи айб бизда бўлмаса ҳам, туман ҳокимлигининг илтимосига кўра ўша фермерларга алмаштириб бердик. Лекин ҳамма фермернинг хатосини мен тузатиб беролмайман», дейди фирма раҳбари.

Вазият юзасидан ўз муносабатини билдирган Яккабоғ туман ҳокимлиги ахборот хизмати уруғлик картошканинг ичида сифатсиз ва уриниб қолгани аниқланган фермер хўжаликларига сифатлиси алмаштириб берилгани ҳақида маълумот берди.

«Туманнинг жорий йил 6–7 июль кунлари уруғлик картошка олган кўпчилик фермерлари қаторида «Суюнов Мирза» фермер хўжалиги раҳбари Темур Мирзаев, «Темир Ҳабибулло ўғли» фермер хўжалиги раҳбари Холниёз Бозоровлар «EGOIST АSТ» МЧЖ томонидан етказиб берилган уруғлик картошканинг ичида сифатсиз ва уриниб қолгани, уруғликка ярамайдиган қисми борлиги фермерларнинг хақли эътирозларига сабаб бўлган.

Ҳолат юзасидан жойида ўрганилганида фермерлар Холниёз Бозоров экишга олинган уруғлик картошканинг 6 тоннадан 500 килограмми, Темур Мирзаев 9 тоннадан 1 тонна 200 килограмми эътироз билдирганидан сўнг «EGOIST АSТ» МЧЖ томонидан алмаштириб берилган», дейилади туман ҳокимлиги хабарида.

Барча томоннинг фикрини эшитдингиз.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги «Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4704-сонли қарорида кўра, истеъмол ва уруғлик картошка, жумладан, унинг супер элита, элита авлодларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар санаб ўтилган.

Қашқадарё вилоятида Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги фермерларларга такрорий экин ўрнига экиш учун уруғлик картошка биргина «EGOIST AST» МЧЖ томонидан етказиб берилмоқда.

Туманларда фермерлар топшириқни бажариш учун туман ҳокими, прокуратураси томон ёппасига «EGOIST AST» МЧЖ билан шартнома имзолашга мажбурланмоқда. Айрим фермерлар ким билан, нима учун шартнома имзолаганини ҳам билмайди. Шунчаки туман раҳбарлари томонидан айтилган — тамом.

Мана шундай иш тутуми билан Президент қарорида кўзда тутилган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб бўладими?

Монопол тарзда фермерларга бир маҳсулотни ўтказиш, албатта, мана шундай тушунмовчиликлар, норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Ва тўғрисини тан олиш керак, кимларнингдир бойишига ҳам хизмат қилади.

Фермерлар картошкани тижорий кредит эвазига харид қилишмоқда. Мабодо уруғнинг сифатсизлиги туфайли улар картошка етиштиролмаса, банкка кредитни қоплаб беришади. Қолгани — картошка сотганни ҳам, банкни ҳам, ҳокимликни ҳам қизиқтирмайди. Ютқазган фақат фермер бўлади.

Шуни била туриб, фермер очиқчасига ўзининг зарарига ишлаши — картошка уруғини авайламасдан чиритиб юборишига ишониш қийин.

Бир қатор ўринли саволлар пайдо бўлади:

Хўп, картошкачилик соҳасида янги марралар эгалланиши мақсад қилинган экан, ҳайбаракаллачилик билан битта корхона орқали картошка тарқатмасдан, фермер учун учун манфаатли рақобат муҳити юзага келтирилса бўлмасмиди?

Айтайлик, картошка уруғини харид қилишни уларнинг ўзларига қўйиб берилса бўлмайдими? Наҳотки фермернинг ўзига арзон ва сифатли уруғлик картошка сотадиган фирмани топиб, ўша билан шартнома қилиш, ажратилаётган кредит маблағлари сўнг ўша фирмага кўчирилиб берилишини таъминлаш шунчалик қийин?

Нима учун мана шу жойда ҳам монополия бўлиши керак? Яккаҳокимлик ва монополия бор жойда сифат ва ривожланиш ҳеч қачон бўлмайди-ку?! Нега мана шу оддий ҳақиқатни жойлардаги раҳбарлар тушуниб етиши шунчалик қийин бўлмоқда?

Қачон бизда фермернинг ёқасини қўйиб юборишади, уни ўз ҳолига қўйишади. Қачон у енгил нафас олиб, далада ишлайди?

Йигитали Маҳмудов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид