Light | 00:16 / 22.07.2020
40055
4 дақиқада ўқилади

Тишланган олма ва тасодифий хато. Apple, Google ва Microsoft брендлари қандай пайдо бўлганини биласизми?

Дунёнинг ҳар бир бурчагида деярли ҳамма ишлатадиган турли брендлар бор. Биз уларнинг нега шундай номлангани ҳақида кўп нарса билмаслигимиз мумкин, лекин уларнинг ўзини яхши биламиз.

Forbes 2019 йилда эълон қилган энг машҳур брендлар рўйхатининг топ учталигида Apple, Google, Microsoft брендлари қайд этилган.

Forbesнинг ўша пайтдаги таҳлилига кўра, биргина Apple брендининг ўзи 205,5 миллиард долларга, Google эса 167,7 долларга баҳоланади.

Тишланган олма бренди: Apple нега олмани танлаган?

Apple компанияси 1976 йил 1 апрелда ташкил этилган. Компаниянинг асосий асосчилари Стив Жобс ва Стив Возняк дўст бўлишган. Улар 1971 йилда бошқа бир дўсти туфайли илк бор учрашади. Икки инсондаги техника ва янгиликларга бўлган қизиқиш мос келиб, биргаликда Apple лойиҳаси устида ишлай бошлашади. Дўстлар дастлаб битта жойда меҳнат қилиб, ўз ғоялари учун пул тўплай бошлашади.

Нега олма?

1984 йилда Возняк журналлардан бирига берган интервьюсида компания номланиши ҳақида хотираларини шундай эслайди: «Стив вақти-вақти билан Орегондаги боғда ишларди. Балки компания номининг айнан Apple бўлишига ўша боғда, асосан олмалар ўсгани ва унинг ўзига хос табиати сабаб бўлгандир. Эҳтимол, бу сўз шунчаки Стивнинг хаёлига келгандир. Бу ном ҳақида ўйлаганимиздан сўнг техникага оид яна бошқа вариантлар устида ҳам ишладик, лекин бизга барибир Apple кўпроқ ёқаверди», деган Возняк.

 

 

Стив Жобснинг ўзи эса хотираларида олманинг бренд сифатида танланишини бундай изоҳлаган: «Биринчи хаёлимга шу ном келганда қувноқ, илҳомлантирувчи ва чўчитмайдиган, деб ўйлаганман».

 

Хато талаффуз ихтироси – Google тарихи

Google тарихи 1995 йилда унинг асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Бриннинг учрашуви билан бошланган. Ўша пайтда Ларри Стенфорд университетида Ph.D. талабаси бўлган, Сергей эса шу университетга ўқишга киришга ҳаракат қилаётган эди. Улар 1996 йилда иш бошлагач, ўзларининг илк қидирув тизимларини BackRub деб номлашган эди. Ларри офисда қатор бир қанча магистрлар, Шон Андерсон, Тамара Мунзнер ва Лукас Перейралар билан бирга ўтирарди. 1997 йилда улар қидирув тизими учун янги номларни муҳокама қилишади.

 

Шон ва Ларри турли номларни саралаётган пайтда Шон кўп хонали махсус рақамлардан бири – googolplex’ни таклиф қилади. Ларри эса бу номни оғзаки тарзда қисқартириб, googol (бирнинг орқасида юзта нол бор сон) деб атайди. Компьютер ёнида ўтирган Шон эса бу номни домен учун қидирувга бераётганда адашиб Google деб ёзади ва компьютер ойнаси Google’нинг банд қилинмаганини кўрсатади. Гарчи хато ёзилган бўлса-да, Ларрига бу ном жуда ёқади ва машҳур қидирув тизимининг номи шу тарзда атала бошланади. Шундай қилиб Google 1997 йил 15 сентябрда рўйхатдан ўтади.

 

 

Microsoft – Micro-soft

Microsoft компанияси 1975 йилда Билл Гейтс ва Паул Аллен томонидан ташкил этилган. Ўшанда бу икки машҳур инженерлар Altair 8800 номли микрокомпьютерни ихтиро қилишган эди. Ўша ихтиро дунёнинг фойдаланувчига қулай, содда тилли илк миникомпьютери сифатида эътироф этилади.

 

Билл Гейтс ўзининг Fortune журналига берган интервьюсида нега компания бренди номини Microsoft деб атаганини изоҳлаган: «Micro-soft номи барча учун тушунарли. Биз Altair 8800’га ўхшаган микрокомпьютерлар, микропроцессорлар учун дастурий таъминотни такомиллаштиришни хоҳлаганмиз».

 

 

Мавзуга оид