Спорт | 14:58 / 25.07.2020
64248
15 дақиқада ўқилади

Тошкентга келгани учун судга чақирилган Мессидан Ривалдонинг қолиб кетган 16 млн евросигача. ФИФА аралашаётган қарздорлик қандай пайдо бўлмоқда?

Легионер футболчиларнинг қарздорлик масаласида ўзбек клублари устидан ФИФАга ёзаётган шикоят хатлари бири ечимини топмай туриб, навбатдагиси келиб тушмоқда. ФИФАнинг бу сафарги арзи «Навбаҳор» клуби манзили томон жўнатилган бўлиб, россиялик мураббий Алексей Беленков томонидан талаб қилинаётган маблағ анча катта – ярим миллион долларни ташкил этади. Бироқ бу ўзбек футболида хорижликлар томонидан талаб қилинган энг катта қарздорлик ҳолати эмас. Tribuna.uz хорижлик легионерларнинг ўзбек клублари устидан ФИФА, Европа судларига киритган муаммоларини ёдга олиб, молиявий можаролар якунда қандай ечим топганига қизиқди.

Йиллик 8 миллион евро маош олиб, 16 миллион евро талаб қилган Ривалдо

Фаолият: Ўзбек футболида энг катта пуллар айланган 2008-2010 йиллар давомида Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби жаҳоннинг таниқли футболчи ва мураббийларини Ўзбекистонга чақиришни одат тусига айлантирганди. Ўшанда бразилиялик Ривалдо ва унинг ҳамюртлари, Зико, Сколари сингари таниқли мураббийларнинг «Бунёдкор»да фаолият юритиши, Роналду, Месси, Это’О, Иньеста, Пуйол, Фабрегас каби юлдузларнинг Тошкентга келиб кетиши шов-шувларга сабаб бўлганди. Бироқ икки йил давомидаги мисли кўрилмаган харажатларга қарамай, «Бунёдкор»нинг халқаро майдонда ёдда қолган энг яхши натижаси Осиё чемпионлар лигаси яримфинали бўлди, холос.

Қарздорлик: «Бунёдкор» ва ўзбек футболидаги шов-шувларнинг молиявий таъминотчиси саналмиш Ўзбекистондаги нефтегаз соҳасидаги йирик компания Zeromax 2010 йилда банкрот деб эълон қилингач, муаммолар бўй чўза бошлади. Хусусан, Sportingintelligence’нинг ёзишича, «Бунёдкор»да йиллик 8 миллион евро маош олган бразилиялик машҳур футболчи Ривалдо шартномаси бўйича клуб ва ҳомийлардан 16 миллион евро талаб қилган.

Шикоят якуни: 2010 йилда Тошкент клубини тарк этган Ривалдо дастлаб «Бунёдкор» клуби устидан, кейин эса 6 йил давомида - 2016 йилгача Швейцарияда рўйхатдан ўтган Zeromax компанияси устидан бир қатор органларга мурожаат қилди, бироқ улкан миқдордаги қарздорлик ҳолати бўйича 2010 йилда молиявий инқирозга учраган Zeromax’дан айтарли маблағ ундиришнинг имкони бўлмади.

Сколари ва бразилиялик футболчиларнинг ундирилмаган миллионлари

Фаолият: Лондоннинг «Челси» клубидан кейин «Бунёдкор» бош мураббийига айланиб, Ўзбекистонда бир йил ҳам ишлай олмаган Луиш Сколари 2010 йилнинг май ойида Тошкент жамоасини тарк этди. Bild’ нашрининг қайд этишича, бразилиялик таниқли мураббий Ўзбекистондаги 11 ойлик фаолияти учун 13 миллион евро ҳақ олиб, жаҳоннинг энг кўп маош олувчи мураббийига айланиши лозим эди.

Қарздорлик: Zeromax’нинг молиявий муаммолари сабабли Сколари ва клубдаги қолган бразилиялик футболчилар ойлик маошларини ундириб бериш учун Швейцарияда рўйхатда ўтган компанияни судга беришди.

Жумладан, бразилиялик ҳужумчи Денилсон клубдан ололмаган 848 минг доллар, яримҳимоячи Рамос 358 минг АҚШ доллари миқдоридаги маошларини талаб қилган бўлишса, бразилиялик таржимон ва физиотерапевт жами 77 минг доллар ҳақларини сўрашган. Бундан ташқари, Бразилиянинг «Можи Мирим» клуби (Ривалдога тегишли) «Бунёдкор»га кўрсатган бир қатор хизматлари учун 1,5 миллион доллар миқдоридаги маблағни ундириб бериш талаби билан мурожаат қилган.

Шикоят якуни: Ривалдонинг мурожаати сингари Сколари ва қолган бразилиялик футболчиларнинг Zeromax устидан даъво арзлари Швейцария суди томонидан қарийб уч йил давомида кўриб чиқилган бўлса-да, улар ҳам аслида «Бунёдкор» клуби эмас, ҳомий ташкилот саналмиш Zeromax билан шартнома тузилгани боис қолган маблағларини ундира олишмади.

Тошкентга ташрифи учун судга чақирилган Месси ва «Барселона» футболчилари

Фаолият: Ўзбекистондан кўра, Туркия ва Испанияда овоза бўлган бу иш футболчининг эмас, футбол агентининг даъвосидан кейин очилган. 2011 йилда туркиялик футбол функционери Байрам Тутумлу «Барселона» клуби президенти Жоан Лапорта ва «Бунёдкор» клуби ҳомийси устидан Испания судига мурожаат қилган. Унинг суд ишида келтиришича, Тутумлу «Бунёдкор» раҳбарияти ва «Барселона» президенти Жоан Лапорта ўртасида ўзаро алоқа ўрнатилишида ёрдам бергани, қолаверса Лапорта орқали «Бунёдкор»нинг «Камп Ноу»да «Барселона»га қарши ўртоқлик учрашувини ташкил қилгани, «Барса» юлдузларининг Ўзбекистонга боришида иштирок этгани учун томонларни келишилган комиссион маблағларни тўламаганликда айблаганди.

Байрам Тутумлунинг адвокати Пеп Ориоланинг даъвосида қайд этилишича, асосий харажатлардан ташқари «Барса» президенти Жоан Лапортага тегишли «Laporta & Arbos Advocats Associats S. L.» тижорий фирмасига 2008 йилнинг 27 июнь куни Цюрихдаги «Russian Comercial Bank» орқали ўзбекистонликларга тегишли «Zeromax GMBH» компанияси ҳисоб рақамидан 3 миллион евро миқдоридаги маблағ «профессионал хизматлар учун» ўтказиб берилган, дейилади Marca хабарида.

Қарздорлик: Туркиялик футбол агенти ўзбек клуби раҳбарларининг Лапортага ваъда қилинган 3 миллион еврони бергани, бироқ унинг ўзига на Лапорта томонидан комиссион улушлар ва на ўзбекистонликлар томонидан хизматлари учун ҳақ тўланганлигини айтиб, суддан «Laporta & Arbos Advocats Associats S. L.» ва «Zeromax GMBH»дан жами 10 миллион евро ундириб беришни сўрайди.

Шикоят якуни: 2011 йилнинг 10 октябрь куни ўтган суд ишида «Барселона»нинг ўша пайтдаги президенти Жоан Лапорта, шунингдек 2009 йил «Zeromax GMBH» таклифига кўра, Ўзбекистонга бориб келгани учун компания томонидан молиявий рағбат олган «Барселона» футболчилари Андрес Иньеста, Карлес Пуйол, Самуэль Это’О, Фабрегас ва Лионель Месси чақирилган. Узоқ давом этган суд иши «Laporta & Arbos Advocats Associats S. L.» фирмасининг Тутумлуга бор йўғи 10 фоизлик комиссион хизмати – 300 минг евро ундириб бериш қарори билан тугаган.

ФИФА томонидан қуйи лигага равона қилинган «Шўртан». Қарздорлик ҳали ҳам мавжуд

Фаолият: Ғузорнинг «Шўртан» клуби 2009-2016 йиллар давомидаги легионер футболчи ва мураббийлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмагани жабрини ҳалигача чекмоқда. 2011-12 йилги мавсумда жамоани бошқарган белоруслик мураббий Игорь Криушенко ва унинг ёрдамчиси Виталий Варьвончикка тўланиши керак бўлган қарздорлик тўлиқ ёпилмаган. Шунингдек, 2011 йилда «Шўртан» сафида ОФК кубокларида тўп сурган сербиялик Урош Милославлевич ҳам кўп йиллар клубдан пулларини ололмади. Ўша мавсумда жамоа шарафини ҳимоя қилган черногориялик Предраг Вуйович ҳам Ғузор клубидаги пулларини ололмагач, ФИФАга мурожаат қилган.

Қарздорлик: Ғузор жамоаси Игорь Криушенкодан 95 минг доллар қарздор бўлса, Варьвончикдан 26 минг доллар, Урош Милославлевичдан 59 минг доллар, Предраг Вуйовичдан 45 минг доллар миқдорида қарздорлик ҳолати йиғилган. ФИФА қоидаларига кўра, ўз вақтида тўланмаган ҳар қандай сумма бир йил давомида 5 фоиздан пеня ҳосил қилиши сабабли рақамлар йиллар давомида ўсиб бораверган.

Шикоят якуни: Хорижлик легионер футболчи ва мураббийлар клуб устидан ФИФАга мурожаат қилгач, Ғузор клуби қарздорликни ўз вақтда ёпа олмагани сабабли жаҳондаги бош футбол ташкилоти ЎФАдан «Шўртан»дан очколарни олиб ташлашни бир неча марта талаб қилди, 2017 йил якунида бу клуб ҳатто қуйи лигага равона қилинганди. Бу жарима ва жазолардан ташқари «Шўртаннефтегаз» оталиғидаги клуб охирги 5 йил ичида 10 йил аввалги қарзларни узиш билан овора. Жумладан, Урош Милославлевичнинг 59 минг доллар (Дастлаб 46 минг АҚШ доллари олган Урош Милославлевич яна 13 минг талаб қилган), Предраг Вуйовичдан 29 минг доллар миқдорида қарздорлик узилган бўлса, собиқ бош мураббий Криушенкога 54 минг доллар, белоруслик дарвозабонлар мураббийи Виталий Варьвончикка 13 минг доллар тўланган. Энг ёмони «Шўртан» клубининг ФИФА билан ёзишмаларини ҳали ҳам тўхтатган эмас.

Қизиғи, Предраг Вуйович 2015 йилда «Андижон»да ҳам тўп суриб, пулини ололмагач, 2019 йилда ФИФА орқали пенялар билан қўшиб олган.

ФИФА «Нефтчи»га учта трансфер ойнасини ёпиб қўйган қарздорлик

Фаолият: Россиялик 29 ёшли ҳужумчи Вячеслав Сушкин Фарғона жамоаси сафида 2018 йилги мавсумда фаолият юритган. Бироқ ўша мавсумда клуб Суперлигани тарк этгач, футболчи олдидаги қарздорлик ҳолати қолиб кетган.

Қарздорлик: Натижада Вячеслав Сушкин бу борада ФИФАга арз қилгач, Фарғона клуби учун кетма-кет уч трансфер ойнаси ёпиб қўйилганди.

Шикоят якуни: ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг маълум қилишича, водий клуби россиялик футболчи олдидаги қарздорлик ҳолатини бартараф этмоқда. Ҳозирга келиб «Нефтчи» қарздорликнинг ярмини ёпишга эришган. Рақамлар маълум қилинмаган.

Симоненкодан «Бунёдкор»га қайтарилган 400 миллион сўм

Фаолият: 2014 йил «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган украиналик легионер Сергей Симоненко ярим йилгина ўйнаган ва 14 та учрашувда иштирок этган: 1 та суперкубок, 1 та кубок, 5 та Олий лига ва 7 та Чемпионлар лигаси. Шу билан у «Бунёдкор» учун керак бўлмай қолган. Шунга қарамай, Сергей 2-давра учун ҳам пул ундириш пайида бўлган.

Қарздорлик: Симоненко Украинага қайтгач, «Бунёдкор» устидан ФИФАга арз қилиб, ўйнамаган ярим йили учун ҳам 400 миллион сўм миқдоридаги ҳақини талаб қилган. ФИФА қистовига қарамай, «Бунёдкор» бу масалани белгиланган муддатда ҳал қилмагач, ФИФАнинг буйруғи ва ЎФА қарори билан 2018 йилги Суперлигада «Бунёдкор»дан 6 очко олиб ташланган.

Шикоят якуни: Охир-оқибат «Бунёдкор» 2019 йилда ақлли қарор билан беш йиллик ишга нуқта қўйди. Клуб Симоненконинг банк рақамига 400 миллион сўмни ўтказган. Футболчининг ўзи Украинадан келмай, пулни Ўзбекистондаги таниши орқали ишончнома эвазига олмоқчи бўлган. Бироқ клуб футболчининг танишига ҳам бу пуллар судга оширилганлигини маълум қилгач, у бу ишга аралашишни истамади. Якунда ушбу маблағ суд томонидан яна клуб ҳисоб рақамига қайтарилган.

«Навбаҳор»дан талаб қилинаётган 5 миллиард

Фаолият: Россиялик Алексей Беленков 2019 йил бошида бош мураббий Андрей Канчельскисга ёрдамчи сифатида «Навбаҳор»да фаолият юритган. Бироқ Беленков билан 2023 йил 30 ноябрга қадар тузилган шартнома муддатдан аввал бекор қилинган ҳамда клуб ёрдамчи мураббийга битим бўйича пулларини тўламаган. Россиялик мураббийнинг келишувни бекор қилишни сўрагани сабаби клуб мураббийнинг 4 ойлик маошини беришни кечиктирган. ФИФА қоидаларига кўра агар клуб футболчи ёки мураббийнинг 2 ойдан кўпроқ маошини беришни кечиктирса шартномани бекор қилиш борасида мурожаат қилиш мумкин. У шу банддан фойдаланган.

Қарздорлик: Мураббийнинг вакиллари 2020 йилнинг январь ойида «Навбаҳор» клубига алоқага чиқиб, 150 минг АҚШ доллари тўлашни ва барча масала ёпилишини маълум қилишган. Бироқ клуб бунга кўнмаган. Қолаверса, иш очилаётгани юзасидан «Навбаҳор» футбол клуби 21 апрель куни (ҳамма карантинда вақти) огоҳлантирилган. ФИФА томонидан йўлланган сўнгги хат 20 июль куни қабул қилиб олинган.

Шикоят якуни: Охир-оқибат бу иш жуда қимматга тушиши арафасида турибди. Наманган клуби 30 кун ичида Беленковга 520 минг АҚШ доллари (тахминан 5 миллиард 300 миллион сўм) тўлаши шарт, акс ҳолда ФИФА клубга нисбатан санкциялар қўллайди. Бу трансферларга тақиқ қўйиш, очколарни олиб ташлаш ёки қуйи лигага тушириб юбориш кўринишида бўлиши мумкин. Бироқ бу жазолар ҳам маблағни тўламасликка сабаб бўла олмайди. ЎзПФЛ мазкур масала юзасидан «Навбаҳор» билан ҳамкорлик қилишини ва ФИФА талаб қилган ҳужжатларни юборишга ёрдам беришини маълум қилган.

«Навбаҳор»дан ёрдамчи мураббий талаб қилаётган пул миқдорини яхшироқ тасаввур қилишингиз ва таққослашингиз учун 5 миллиард 300 миллион сўм – бу Суперлигага чиқишни мақсад қилган Про лига иштирокчиси, Самарқанд вилоятининг бош жамоаси «Динамо» клубининг қарийб йиллик сметасига яқин маблағдир. Энди Наманган вилояти ҳокимияти ҳомийлигидаги «Навбаҳор»нинг йиллик бюджетини тасаввур қилаверинг...

Хулоса

Афсуски, ўтган 10 йиллардан буён ўзбек футболида хорижликлар билан рўй бераётган мана шундай маш-машалар клубларимизга дарс бўлаётгани йўқ. Молиявий можаролар йиллар давомида жамоаларнинг оёғидан тортиб қолаётганлигини кўриб турибмиз. Аксарият клуб собиқ раҳбарларининг ақлсизларча йўл қўйган қўпол хатолари ўша жамоа ва ундан кейинги раҳбарларга дард устига чипқон бўлмоқда. Энг аламлиси, отни калласидек пулни талаб қилаётган хорижлик аксарият мураббий ва футболчиларни биз майдондаги ўйинлари орқали эмас, клубларимиз устидан ФИФАга ёзилган бир жилдлик шикоятларидан кейин таниб олаяпмиз. Сабаби, савияси ҳаминқадар бўлган легионерларга ҳам ўзбек футболи бозорида харидорлар топилаётганидир. Аслида айрим клублардаги ноҳақликлар фақатгина легионерларга нисбатан эмас, ўзимизнинг футболчиларимизга нисбатан ҳам қилинади, фарқ шундаки қоракўзларимиз ваъдаларга ишониб андиша қилади ёки ечим жуда топилмаса, узоққа бормай ПФЛга мурожаат қилиб қўйишади.

Энг ёмони эса юқоридаги муаммолар барҳам топмаётганидир. Яқинда сербиялик футбол агенти Игорь Петковичнинг «Сурхон» клубидаги ҳамюртлари Дарко Станоевич ва Владимир Бубаньяларнинг бир неча ойлик маошларини ололмаётгани ҳақидаги баёноти янгради. Кўраяпсизми, ФИФА билан юқоридаги муаммолар совумай туриб, яна бир молиявий можаро илдиз отаётгандек. Бу масала ҳам вақтида ҳал қилинмаса, эртага ФИФАдан навбатдаги кўп сонли рақамлардан иборат маблағларни ундириб бериш ҳақидаги талаб келса ажаб эмас...

Усмон Ибодов

Мавзуга оид