Самарқандда ҳарбий қисм ва спорт мажмуалари шифохонага айлантирилмоқда. Турдимов яна аҳолига мурожаат қилди
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов онлайн брифинг орқали аҳолига, хусусан, шифокорларга мурожаат қилди.
Дастлаб Турдимов вилоятда 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август кунлари кеча-кундуз автотранспорт воситаларининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилишини маълум қилди. Шундан сўнг, шифокорлар фаолиятига тўхталди.
«Коронавирус вақт ўтиши билан ўзига бошқа турли касалликларни ҳам йўлдош қилиб олаётгани шифокорларнинг ишини юз карра, минг карра қийин қилмоқда. Коронавирусга қарши курашда бир гуруҳ шифокорларнинг давлатимиз раҳбари томонидан тақдирланганидан хабарингиз бор. Бизнинг вилоятдан 13 нафар шифокор мана шундай шарафга лойиқ кўрилди. Улар ҳозир ҳам коронавирусга чалинган беморларни даволашда бор имконини ишга солиб меҳнат қилмоқда. Лўнда қилиб айтсак, фидойилик кўрсатишмоқда.
Масалан, юқумли касалликлар клиник шифохонасининг шифокори Абдусодиқ Боймирзаев уч ойдан бери уйига бормасдан беморларга шифо улашмоқда. Бу фидойиликнинг энг ёрқин намунаси деб биламан. Барча шифокорларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Халқимиз сизлардан миннатдор», деди Самарқанд вилояти ҳокими.
Турдимов шифокорлардан уларга нисбатан бўлаётган танқидлардан хафа бўлмасликни сўради: «Тушуниб-тушунмай сизларга тош отаётганлар ҳам бор, бу ўткинчи, бундан хафа бўлманг, сиз бугун халқимизнинг дардига малҳам бўлаяпсиз. Биз сиздан миннатдормиз, кўплаб шароитларни яратиб беролмай қолган вақтимизда ҳам ўзингиз озгина имкониятдан унумли фойдаланганингизни кўриб турибмиз. Сиз бугун фронтнинг олдинги қисмида турибсиз.
Дунёнинг энг ривожланган давлатлари тиббиёти ҳам пандемия зарбасига чидолмай, кўплаб силкинишларга дучор бўлди, эътирозларга сабаб бўлди. Бизнинг тиббиётимиз ҳам бундан холи эмас. Тиббиётимизда хато камчиликлар бор, лекин гап тиббиётимизда эмас, шифокорларимиз тўғрисида кетганда улар ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини кўрсатмоқда» деди ҳоким.
Вилоят ҳокимининг маълум қилишича, Самарқанд давлат тиббиёт институтида ташкил этилган колл-марказга 15 апрелдан бери 5 мингга яқин мурожаат келиб тушган. 20 июлдан бошлаб марказ 1105 қисқа рақами билан ўз фаолиятини қайта бошлади. Операторлар сони 7 нафардан 20 нафарга кўпайтирилди. Марказга аввал 25-50тагача мурожаат бўлган бўлса, энди бир кунда 500дан зиёд мурожаатлар тушмоқда. Ушбу мурожаатчиларнинг 60 фоизи тез тиббий ёрдамга муҳтожлиги сабабли 103 – тез тиббий ёрдамга йўналтирилмоқда. Марказ ва 103 хизмати ўртасида алоқа ўрнатилди.
Айтилишча, вилоятда тез тиббий ёрдамга талаб кескин ошган. Ўтган йили шу вақтда кунига 900-1100та қўнғироқ бўлган бўлса, бугун қўнғироқлар сони 3200тадан ошмоқда. Мисол учун кеча (26 июль) 3248та мурожаат бўлган, шундан 780таси Самарқанд шаҳри аҳолисидан. Шу сабабдан тез тиббий ёрдам моддий техник базасини қайтадан кўриб чиқилиб тез ёрдам машиналари сони 280тадан 363тага етказилган.
Шунингдек, ҳоким беморлар учун вилоят бўйича 10500та захира жой тайёрланганини маълум қилди. Шу каби жойларда ҳам ташкил этиладиган шифохоналар ва ПЦР лаборатория ҳақда маълумот берилди.
Ҳарбий қисм, спорт мажмуаси ва санатория шифохонага айлантирилади
Хусусан, вилоятдаги бир қатор турли соҳалардаги объектларнинг вақтинчалик шифохоналарга айлантирилиши айтилди. Масалан, 4 кун ичида Самарқанд олимпия захиралари тайёрлаш марказида 1080 ўринли шифохона ҳозирланади. Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмда 400 ўринли, «Марварид» санаториясида 200 ўринли, собиқ туғруқхона биносида 200 ўринли шифохона ташкил этилиши шулар жумласидан. Яқин кунларда 4та лаборатория станцияси иш бошлайди. Ўтган ҳафтанинг ўзида 500та кислород баллонлари олиб келингани айтилди.
Паст Дарғомда қурилган минг кишилик карантин мажмуасига куни кеча Россиядан олиб келинган 450 нафар фуқаролар жойлаштирилган. Яна 500 нафар фуқаролар яқин кунларда Россиядан олиб келиниб шу ерга жойлаштирилиши режалаштирилган.
Мурожаат сўнгида вилоят ҳокими иқтисод тўхтаб қолмаслиги кераклигига урғу қаратди: «Иқтисод ҳам бир маромда давом этиши керак. Республика махсус комиссияси томонидан фаолияти тўхтатилган соҳалар ишламайди. Лекин тақиқланмаган фаолият турлари албатта ишлаши керак. Ушбу соҳадаги тадбиркорлар ҳам карантин қоидаларига қатьий риоя қилган ҳолда ишлашлари лозим. Иқтисодиёт тўхтаб қолса, қайта тиклашимиз оғир бўлади. Иқтисодиёт аҳолининг турмуш тарзига бевосита таъсир кўрсатади» деди Турдимов.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024