Жаҳон | 13:17 / 29.07.2020
8102
4 дақиқада ўқилади

Қул савдоси бугунги кун ген харитасига қандай таъсир кўрсатди?

Кенг кўламли бир тадқиқотда XVI-XIX асрлар оралиғида қул савдоси натижасида Америка қитъасига ўтиб қолган миллионлаб африкаликларнинг бошига қандай савдолар тушгани билан боғлиқ батафсил, айни пайтда кутилмаган ва ҳайратланарли маълумотлар аниқланди.

Фото: Getty Images

50 мингдан ортиқ одам иштирок этган мазкур тадқиқот бугунги кунда Америка қитъасида яшовчи одамларнинг генетик таркибига қул савдоси қандай таъсир кўрсатганинини аниқлашга қаратилган эди.

1515 йилдан 1850 йилгача 12,5 миллион нафар африкалик қуллар савдоси амалга оширилган.

Африкадан қул сифатида олиб кетилган 2 миллионга яқин эркаклар, аёллар ва болалар йўлларда ҳалок бўлишган.

Африкаликларнинг тақдирига зўрлаш, ёмон муомала, касаллик ва ирқчилик ҳам жиддий таъсир кўрсатди.

Истеъмолчи генетика компанияси – 23andMe ташаббуси билан ўтказилган ва Атлантика океанининг иккала тарафидан 30 минг афро-миллат вакиллари қатнашган ДНК тадқиқотининг натижалари генетик тадқиқотлар билан шуғулланувчи American Journal of Human Genetics’да эълон қилинди.

Тадқиқотнинг мақсади нима эди?

23andMe компаниясининг поп-генетик мутахассиси Стивен Мишелетти француз ахборот агентлиги билан суҳбатда тадқиқотнинг мақсади Америка қитъасидаги мамлакатларнинг ген харитаси маълумотларини қул савдоси билан шуғулланган кемаларнинг маълумотлари билан таққослаш, уларнинг бир-бирини тасдиқлаши ёки тасдиқламаслигини аниқлашдан иборат эканини айтди.

Одамлар Африканинг қайси минтақасидан олиниб, қаерга келтирилгани ҳақидаги тарихий маълумотлар кўп ҳолларда бугунги генетик топилмалар билан мос тушди.

Аммо Мишелеттининг сўзларига кўра, мазкур топилмалар баъзи ҳолларда ажабланарли даражада бир-бирига номувофиқ келган.

Тадқиқот афро-америкаликларнинг аксарияти қул савдосининг энг катта тармоғи орқали, яъни ҳозирги Ангола ва Конго Демократик Республикаси жойлашган ҳудудлардан олиб келинганини тасдиқлади.

Кутилмаган натижалар

Ажабланарлиси шундаки, бугунги кунда АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги аҳоли орасида илдизи ҳозирги Нигерияга бориб тақалувчи одамларнинг сони бу ҳудуддан келтирилган қулларнинг сонига нисбатан анча юқори.

Тадқиқотчилар буни 1619 ва 1807 йиллар кечган мустамлакалараро қул савдоси билан изоҳлаш мумкин, деб ўйлашмоқда.

Ўша пайтда инглиз қул савдогарлари томонидан Кариб денгизига олиб келинган нигерияликлар қулликни бекор қилиш таъсири кучайгани сабабли бу ердан Америка қитъасининг қул меҳнатига эҳтиёж бўлган бошқа минтақаларига кўчирилган бўлиши мумкин.

Шунингдек, тадқиқотчилар, қул савдоси билан шуғулланган ҳудудлар – Сенегал ва Гамбиядан келтирилганларнинг бугунги генетик харитадаги улуши кутилганидан кўра анча паст эканлигини таъкидладилар.

Бунинг иккита даҳшатли сабаби бор, деб тахмин қилинмоқда: ушбу ҳудудлардан келтирилганларнинг аксарияти безгак ва бошқа хавфли касалликлар кенг тарқалган гуруч далаларида меҳнат қилишган. Бундан ташқари, маълум бир муддат давомида қул болаларнинг сони жуда катта бўлган. Эҳтимол, улар бир ойдан кўпроқ давом этган денгиз офатларидан омон қолмаган бўлиши мумкин.

Қул аёлларнинг тақдири нима кечган?

Яна бир даҳшатли топилма эса қул аёлларнинг Америка қитъасининг бугунги генофондига таъсири ва унинг эҳтимолий сабаблари билан боғлиқ.

Африкадан олиб келинган қулларнинг аксарияти эркаклардан иборат бўлишига қарамай, бугунги кун генофондида африкалик аёлларнинг салмоғи катта. Бу ҳолат қулдорлар томонидан қул аёлларга кенг миқиёсда зўравонлик қилингани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Лотин Америкасидаги ҳозирги генофондда ҳар бир африкалик эркакка 17та африкалик аёл тўғри келади.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу Лотин Америкасида «branqueamento» деб номлганган «гибридлаш орқали ирқни оқартириш» сиёсати доирасида Европадан оқ танли эркакларнинг бу ўлкаларга кўчиб келишини рағбатлантириш билан боғлиқдир.

Британия колониялари генофондида африкалик аёлларнинг эркакларга нисбати иккига бир, аммо барибир аёллар оғирлиги юқоридаги тарихий муаммога ишора қилмоқда.

Америка Қўшма Штатларида фарзанд кўриш эвазига озод қилиш ваъдасининг берилиши қуллик даврида кенг тарқалган сиёсат эди. Шунга қарамай, АҚШда турли ирқдаги одамларнинг турмуш қуришини тақиқловчи ирқчилик қонунларининг узоқ вақт амалда бўлиши генофондга таъсир қилувчи омиллардан бирига айланди.