Ўзбекистон | 21:18 / 05.08.2020
9616
3 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси ва Сенат келишмовчилигига сабаб бўлган қонун Сенатга қайта юборилди

Бугун, 5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси сайтида маълум қилинди.

Йиғилиш давомида «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун ҳам депутатлар томонидан муҳокама қилинган. 

Бунгача ушбу қонун 2019 йил 24 октябрь куни қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига юборилган эди. Аммо у Сенатнинг 2020 йил 28 февралдаги Қарори билан рад этилган. Шундан кейин юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида иккала палата ўртасида келишув комиссияси тузилган эди.

«Комиссия томонидан билдирилган фикр ва эътирозлар кўриб чиқилиб, қонун қайта таҳрир қилинди ва шу боис, у халқ вакилларининг қайта муҳокамасига қўйилди.

Низо юзасидан икки тараф учун мақбул бўлган тўхтамга келиш ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларини сақлаб қолиш, суд орқали низолашишдан кўра қулай ва камхарж ҳисобланади. Ривожланган давлатлар тажрибасида муаммо ва низоларни ана шу муқобил усуллар яъни, судгача ҳал этиш бўйича жорий этилган замонавий механизмлар яхши самара бераётганлигини халқаро амалиёт кўрсатиб турибди.

Муҳокамаларда қонуннинг айрим моддалари ўзгаришсиз қолдирилган бўлса, унинг халқаро амалиётдаги мавжуд бўлган, умум эътироф этилган тамойилларни ифодаловчи, арбитрлар ва арбитраж суд ишини юритуви бошқа иштирокчиларининг иммунитети тўғрисидаги ҳамда арбитраж иш юритувида вакиллик тўғрисидаги каби моддалар билан тўлдирилди. Шунингдек, қонуннинг баъзи моддаларига тегишли аниқлик киритилди», – дейилади хабарда. 

Шундан сўнг қонун келишув комиссияси томонидан таклиф қилинган таҳрирда қабул қилинган ва Сенатга юбориши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, қонун Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланувчи ва оммавий аҳамиятга эга бўлган функцияни амалга оширувчи фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва хўжалик юритувчи субъектлар харажатлари қисқартирилишини таъминлаш мақсадига хизмат қилади.

Маълумот учун, Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг 2011 йил 1 февралдаги қарорига асосан ташкил қилинган ва 2011 йил 15 февралда адлия органида ҳисоб рўйхатидан ўтказилган.

У ўз фаолиятини «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида», «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонунлари, регламент ва низомга мувофиқ амалга оширади.

Мавзуга оид