COVID-19 инқирозидан таълим тизими қандай чиқади? Пандемиядан сўнг таълим, хусусан олий таълим қайси шаклда давом этади? Анъанавий таълим сақланиб қоладими ёки у тўлиғича онлайн таълимга трансформация бўладими? Бугун бутун дунёдаги таълим ташкилотлари, халқаро экспертлар ва нуфузли университетлар айни саволларга жавоб изламоқда.

Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси ҳам юртимиздаги бошқа олий ўқув юртлари қатори пандемия муносабати билан янги 2020/2021 ўқув йилини ташкил этиш, жорий ўқув йилининг иккинчи семестрида масофавий таълимни ташкил этиш бўйича орттирилган тажриба ва йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган сифатли таълимни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилмоқда.

 

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,


Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори

2019/2020 ўқув йили якунида уни сарҳисоб қилиш, янги ўқув йилидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда талабалар ва уларнинг ота-оналарининг фикрини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Таълим жараёнларини ташкил этиш, малакали ўқитувчиларни жалб қилиш, хорижий тажриба алмашиш ва шу каби таълим сифатини белгиловчи омиллар ҳақида, афсуски, сўровлар жудаям кам.

Умуман, олий таълимда энг муҳим масала нима? Таълим жараёнларими ёки воситалари? Бугун биз асосий масаладан, унинг моҳиятидан чалғиб, ечими вақт билан боғлиқ бўлган иккиламчи масалалар атрофида ўралашиб қолаётгандекмиз.

Давлат фуқароларнинг конституция билан мустаҳкамлаб қўйилган билим олиш ҳуқуқларини кафолатлаган ҳолда, мажбурий бепул умумий таълим билан таъминлаган. Яна миллиардлаб маблағ эвазига фанлар чуқурлаштириб ўқитилади ёки касб-ҳунар ўргатилади. Олий таълим олиш эса бутун дунёда мажбурий эмас, ҳар кимнинг мустақил қарори ва шахсий танлови билан боғлиқ. Лекин халқимиз ва Президентимиз талаби билан олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичлари сўнгги йилларда кескин ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон олий таълимда бугунги кунгача асосий инвестор – давлат, у жамият тараққиёти учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун жуда катта маблағ сарфлайди. Талабалар тўлов-контрактидан тушадиган маблағлар профессор-ўқитувчилар ва бошқа харажатларнинг бир қисмини қоплайди, холос.

Бугун медиамаконда контракт масаласини кун тартибига чиқаришга бўлаётган уринишларни кўриб, беихтиёр ҳайрон қоласан. Ахир масофавий таълимнинг олиб борилиши билан контракт тўловларини камайтириш эвазига юзага келадиган камомадни қоплаш ёки яна бюджет зиммасига тушади-ку.