Дуров АҚШнинг TikTok’га қарши ҳаракатлари интернет учун хавфли ҳолат келтириб чиқаришини маълум қилди
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери асосчиларидан бири Павел Дуров АҚШда TikTok’нинг тақиқланиши эҳтимоли ҳамда унинг бутун рақамли саноат учун оқибатлари ҳақида гапирди.
Тадбиркор ушбу мавзу бўйича катта постни ўзининг Telegram каналида эълон қилди.
Дуровнинг айтишича, у АҚШ ҳукумати нега TikTok’ни тақиқлаш билан таҳдид қилаётганини тушунади. Сабаби, унинг Америкадаги активлари америкалик сармоядорларга сотилиши керак.
Хитой ҳам ўз ҳудудида Хитойда ишлаб чиқилмаган ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган деярли барча иловаларни тақиқлайди.
«Нима учун дунёнинг қолган қисми, шу жумладан АҚШ ҳам хитойликларга ўз бозоридан бепул фойдаланишга рухсат бериши керак? Агар сиз бошқа мамлакатларнинг бозорига киришни хоҳласангиз, уларга ҳам ўз бозорингизни очишингиз керак - бу адолатли бўлади», - деди «ВКонтакте» асосчиси.
Бироқ, унинг фикрига кўра, АҚШнинг TikTok’га қарши хатти-ҳаракатлари «охири интернетни ҳақиқатан ҳам глобал тармоқ (ёки ундан қолган нарса) сифатида йўқ қилиши мумкин бўлган хавфли ҳолатни» келтириб чиқаради. АҚШ ва TikTok эпопеясидан олдин фақат Эрон, Хитой ёки Россия каби автократик мамлакатлар технологик компанияларни ўз ҳукуматлари билан яқин алоқада бўлган инвесторларга бизнеснинг бир қисмини сотишга мажбур қилишган. Масалан, Uber ўзининг Россия ва Хитойдаги филиалларини маҳаллий ўйинчиларга сотишга мажбур бўлгани ажабланарли эмас, деб ёзади Дуров.
«Uber’дан фарқли ўлароқ, Telegram’да баъзи мамлакатларда ўз операцияларимизни сотиш бўйича таклифларни рад этиб келганимиздан фахрланаман. Бир неча йил олдин кейинчалик Telegram’ни блоклаб қўйишга уринган мамлакатлар билан боғлиқ иккита фонддан хат олдик.
Иккала хатда ҳам битта нарса бор эди: «Тез орада Telegram бизнинг мамлакатимизда блокланади, шунинг учун ягона вариант - бу бизнесингизнинг маҳаллий қисмини сотиш». Менинг ушбу таклифларга бўлган муносабатим 2011 йилда ўрта бармоғим тасвирланган фотосуратга ўхшаш эди: биз фойдаланувчиларимизга хиёнат қилиш билан шуғулланмаймиз. Биз Telegram’ни сотмаймиз, қисман ҳам, тўлиқ ҳам. Бу ҳар доим бизнинг позициямиз бўлади», - деди тадбиркор.
У TikTok иши фақат авторитар режимлар томонидан илгари ишлатилган товламачилик тактикаларининг қонунийлаштиришини таъкидлади.
«Ўнлаб йиллар давомида АҚШ эркин савдо ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаб келган. Аммо, энди Хитой уларни глобал савдонинг асосий фойда олувчиси сифатида алмаштиришни бошлади, АҚШ эса (ёки Трамп маъмурияти) ушбу қадриятларга унчалик эътибор бермаётганга ўхшайди. Бу афсусланарли, сабаби сайёрадаги миллиардлаб одамлар ҳали ҳам очиқ ва ўзаро боғлиқ дунё ғоясини яхши кўради», - дейди Дуров.
Унинг қўшимча қилишича, дунёдаги авторитар раҳбарлар TikTok билан боғлиқ вазиятдан глобал интернетнинг катта қисмини олишга уринишда баҳона сифатида фойдаланмоқда.
Дуровнинг тахмин қилишича, яқин орада ҳар бир йирик мамлакат халқаро технологик компанияларини ажратиб юбориш учун миллий хавфсизликдан баҳона сифатида фойдаланиши мумкин.
Ажабланарлиси шундаки, айнан Facebook ёки Google каби Америка компаниялари оқибатлардан энг кўп йўқотишга учраши мумкин.
Мавзуга оид
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
15:52 / 16.11.2024
Америкалик олимлар биоорганизмларнинг “учинчи ҳолати”ни аниқлади
15:12 / 16.11.2024