Жаҳон | 21:35 / 07.08.2020
4071
3 дақиқада ўқилади

БМТ пандемия шароитида санкцияларни юмшатиш ёки бекор қилишга чақирди

Венесуэла, Эрон, Яман, Куба, Сурия ва Судан каби давлатларга қарши киритилган санкциялар коронавирус пандемияси шароитида ушбу давлатлар аҳолисини асосий ҳуқуқлар, жумладан соғлиқни сақлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга олиб келади. Бу ҳақда Женевада БМТнинг ҳуқуқ ва эркинликлар соҳасидаги экспертлари маълум қилишди.

Шу сабабли БМТ мутахассислари жаҳон ҳамжамиятини коронавирус билан қамраб олинган давлатларга дори-дармон ва биринчи эҳтиёждаги буюмлар етказилишини қийинлаштирувчи санкцияларни бекор қилиш ёки юмшатишга чақиришган.

Экспертларнинг баёнотини БМТнинг бир томонлама санкцияларнинг инсон ҳуқуқларига салбий таъсири масаласи бўйича махсус маърузачиси Алёна Духан (Беларусь) ва унинг БМТдаги ҳамкасблари – Аньес Калламар (Франция), Тлаленг Мофокенг (ЖАР), Обиора Окафор (Канада) ва Майкл Фаҳрий (Ливан) имзолаган.

“Инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун киритилган санкциялар аслида одамларни ўлдиради ва уларни асосий ҳуқуқлардан, жумладан соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва ҳаттоки ҳаёт учун ҳуқуқлардан маҳрум этади”, дейилган баёнотда. “Биз дори-дармон, тиббий ускуналар, озиқ-овқат ва ёнилғи етказиш учун санкциялар киритган давлатларни уларни зудлик билан бекор қилишга, тўхтатишга ёки минимал даражага пасайтиришга яна бир бор чақирамиз”, деб таъкидлаб ўтишган экспертлар. 

Ҳужжатда таъкидланишича, санкцияларда инсонпарварлик етказмалари учун кўзда тутилган истиснолар аслида “ишламайди”.

Духаннинг таъкидлашича, “инсонпарварлик ёрдами етказишга рухсат энг енгил тарзда тақдим қилиниши лозим. Иложи бўлса, бу рухсат ёрдам ҳақида илтимос келиб тушиши билан автоматик равишда берилиши керак”. 

“Санкциялар Куба, Эрон, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман каби давлатларга азоб-уқубат ва ўлим келтирмоқда. Бу давлатлардаги одамлар совун ва дезинфекциялаш воситалари каби биринчи эҳтиёждаги буюмларни, шифохоналар эса одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари ва бошқа қурилмаларни олишлари учун санкциялар бекор қилиниши ёки юмшатилиши лозим”, деб таъкидлаб ўтган Духан.

Экспертнинг маълум қилишича, унинг ҳамда Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерациясининг санкцияларни бекор қилишга апрелдаги чақириқларидан кейин “вазият яхши томонга ўзгармаган”.

Мавзуга оид