Тўрақўрғонда «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 70 фоизи камбағалликдан чиқарилди. Бунга қандай эришилди?
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидамиз. Тўрақўрғон – вилоятдаги аҳолиси ва ер майдони жиҳатидан катта туманлардан бири, бу ерда 226 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Маълум бўлишича, туманда «Темир дафтар»га киритилган хонадонлар сони даставвал 1271та бўлган. Айни пайтда уларнинг 900тадан зиёдроғи (70 фоиз) мазкур рўйхатдан чиқарилган.
Ушбу мақолада ўша оилалар ҳокимият ва сектор раҳбарлари томонидан қай йўл билан даромад сари етаклангани борасида туманга бориб, кўриб-танишганимизни ўртоқлашмоқчимиз. Аввалига ўша «Темир дафтар» нима эканига тўхталиб ўтсак.
«Темир дафтар» – бу оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган Saxovat.argos.uz дастури. Ушбу дастурга ижтимоий аҳволи ҳамда турмуш шароити оғир бўлган, сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилалар киритиб борилади. Коронавирус пандемияси шароитида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбайи яратишнинг вақтинчалик тартибига асосан, «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оила аъзоларига иш топиб бериш, уларнинг доимий даромадли бўлишига кўмаклашиш чоралари кўрилади.
Ҳўш, тўрақўрғонликлар эҳтиёжманд оила сифатида хатга тушган оилаларнинг 70 фоизини қандай қилиб рўйхатдан чиқара олди?
Кумидон қишлоғидамиз. Бу ерда март ойининг сўнгида Кумидон, Шохидон ва Гулистон маҳаллаларининг «Темир дафтар»га тушган 41та оилаларига асосий кўча бўйидаги ер майдонига 41та иссиқхона қуриб берилган.
Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамова, 3-сектор раҳбари – туман ИИБ бошлиғи Миршоҳид Собиржоновлар билан бирга аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.
«Мен Носиржон Қаҳҳоров. Кумидонда Дўстлик кўчасида тураман. Баҳорда кам таъминланганларга иссиқхона берилаётганини эшитиб, МФЙга учрадим. Ўзим деҳқонман. Иссиқхонани беришлари билан ерга ишлов бериб, бодринг экдим.
4,5 миллион сўмдан кўпроқ даромад олдим. Мана, иккинчи ҳосилга ҳаракатни бошладик. Иккинчисига саримсоқпиёз экишни режалаштириб турибман. Ердан икки марта ҳосил олишнинг иложи бор. Ҳозир эккан саримсоқпиёзимиз февралда етилади. Сўнг яна бодринг ёки помидор экамиз», – дейди Носиржон.
Шу ерлик ёш йигит Нурилло Саматов ҳар йили Россияга бориб ишлаб келган. Бу йил унга ҳам эрта баҳор давлат томонидан қурилган иссиқхоналардан бири берилибди.
«Мартнинг охирларида иссиқхонага помидор экдим. Ҳосил яхши бўлди. 2 миллион сўм атрофида даромад қилдик. Энди ерни укроп, кашнич экишга тайёрлаяпман. Кўкатнинг харидори аниқ. Шу ердаги ширинлик фабрикаси олади. Россияга бора олмаганимдан хафа бўлмадим. Иш бор. Меҳнатни қилсак, ҳаммаси яхши бўлади», – дейди у.
Шохидон маҳалласида яшовчи Бахтиёржон Сатторов ўз иссиқхонасига бодринг экиб, илк ҳосилидан 5 миллион сўм фойда кўрибди. Айни пайтда иккинчи экин учун ерни тайёрламоқда.
Давлат томонидан тақдим қилинган иссиқхоналарда меҳнат қилаётган бошқа бир неча ҳамюртларимиз билан ҳам гаплашдик, улар ҳам берилган имконият ортидан хонадонларига барака кирганини айтишди.
Шохидондаги «Шохидон бургутлари» кластерида бўлдик. Кластер 300 минг долларлик мева маҳсулоларини чет элга экспорт экспорт қилибди. Шу кунгача чет элга сотилган 200 тоннадан зиёд гилос, 300 тонна ўрик ва 200 тонна олхўрини тайёрлаш ишларига пандемия даврида 100дан ортиқ киши жалб қилинган.
Кластернинг мева-сабзавот сақланадиган совуткичлари турли мева ва сабзавотлар билан тўлдирилиб, экспорт қилишга тайёрлаб қўйилибди. Бу совуткичларда ҳам 30 киши иш билан банд.
«Айни пайтда меваларни териш, саралаш, қадоқлаш ишлари билан яна юзга яқин қишлоқдошларимиз банд. Кунига кластерда ишлаётган ҳар бир ишчига 60 минг сўмдан иш ҳақи берамиз. 100 нафар ишчига 10 миллион сўм. Бу билан қишлоғимизнинг 100та хонадонига барака кириб боради», – дейди «Шохидон бургутлари» кластери раҳбари Абдулходи Азизов.
Ахси МФЙда бўлганимизда ҳудуддаги 6та хонадон «Темир дафтар»дан чиқарилиши қандай кечганини маҳалла оқсоқоли Шермирза Қўзиев билан бирга юриб ўргандик.
Март ойида маҳалла гузаридаги бўш турган бинони тадбиркор Абдурашид Акбаровга беришган. Тадбиркор бинонинг катта хонасига имтиёзли кредит маблағлари эвазига машиналар олиб тикувчилик цехи ташкил қилган, бунинг натижасида маҳалладаги 10та хонадон аъзолари бўлган чевар аёллар иш билан таъминланибди. Иккинчи бинога эса қишлоқ ёшлари ва аёллари учун фитнес зал ташкил қилинган.
«Пандемия пайтида маҳалладошларимни иш билан таъминлаш учун қилган ҳаракатларимга туман раҳбарлари яқиндан ёрдам беришди. Чевар аёлларимиз буюртма асосида сочиқ тикишяпти. Маош ишбай, ўртача бир миллион сўмга тўғри келади.
Фитнес залимиз фаолияти карантин бўлгани учун ҳозирча тўхтаб турибди. У ердаги гуруҳларда 30 нафардан зиёд маҳалла ёшлари ва 15 нафар аёлларимиз шуғулланишини билдиришган. Қишлоқ жойда улар учун барча тренажёрларга эга зал ва ювиниш хоналари ташкил қилдик», дейди тадбиркор.
Туманда фаолият юритаётган йирик саноат объектларида «Темир дафтар»га киритилган кўплаб оилалар вакиллари иш билан таъминлангани – алоҳида мавзу.
Пресс-тур давомида камбағал оилаларни даромадга киритиш учун қилинаётган бир қатор ишлар – хонадонларда кластер усулида қуёнчиликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил қилиш, турли касб-ҳунарга йўналтириш каби лойиҳаларга ҳам гувоҳ бўлдик.
Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
17:42 / 15.05.2023
Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади
17:06 / 15.05.2023
Йил якунигача 550 минг аҳоли янги тизим асосида ўқитилиб, камбағалликдан чиқарилади
16:58 / 15.05.2023
Айрим тадбиркорларга солиқлар бўйича алоҳида имтиёзлар берилади
16:34 / 15.05.2023