Жамият | 20:55 / 12.08.2020
9921
17 дақиқада ўқилади

«Ниятингиз холис бўлса, фикрингиз асосини келтиринг» - Ҳуқуқшунос ижтимоий тармоқдаги «негатив»лар ҳақида

Тарозининг ҳам икки томони бор, бир томонига ўз манфаатингиз учун оғирроқ тош қўйсангиз, мувозанат бузилади. Дастлаб кимгадир, сўнгра бутун жамиятга зиён етади. Шу тариқа, жамиятда адолатсизлик юзага келади. Жамият тарозининг оғир томонига қараб оғиб кетиши ҳам мумкин. Ана кейин ҳақиқий фалокат, жамиятни «хаос»га етаклайди.

Кейинги пайтларда, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳаётдан нолиш, нолийвериш, нимаики ислоҳотга қўл урилмасин ҳали ўша ислоҳот бошланмасиданоқ, унга ишончсизлик билдириш, ҳеч бир фуқаролик масъулиятини ҳис қилмай туриб, масалани чуқур англамай, осонгина негатив фикр билдириш ҳолатлари болалаб деймизми, сунъий урчиб деймизми, нима бўлганда ҳам хуллас кўпайиб кетяпти.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» («Ҳужурот» сураси, 6-оят).

Ҳайронман, жамиятда бирор бир мавқега эришмаган, ҳатто ўз яқин атрофдагилардан меҳр кўрмаган, меҳрни виртуал оламдаги «лайк»лар ва «тўғри масала кўтардингиз, буларни танобини тортиб қўйиш керак», «раҳмат сизга», «юрагингиз иккитами дейман... қойил-ей», «сизни қўллаб-қувватлайман» дейиладиган шарҳлар йиғишга «касал» бўлиб қолганлар, диванда ётиб олиб, ижтимоий тармоқдаги каналларида оқибатини ҳам ўйлаб кўрмасдан, ўртага тўла асосланмаган «негатив»ларни ташлаб мазза қиладиганлар фаолияти урфга кириб улгурди.

Бугун ижтимоий тармоқларнинг «пиар» номли тўридаги ўзига ўхшаган тор доирада фикрлайдиганлар билан «ижтимоийлашган», виртуал мулоқот оламининг фаолларимиз дейдиган, бир томонлама дунёқараши шаклланиб бораётган, ўзи қуруқ танқиддан бошқа жамият учун бирор-бир фойдали иш қилмай, сохта (реалликдан анча йироқ) бўлган ўз виртуал оламида «менман» (менинг битта негатив постим бутун муаммони ҳал этади, ўша масалани мен кўтариб чиқдим, мен ҳал қилдим) деган қабилида, аслида масаланинг фақат бир томонинигина кўрадиган, бошқа томонига «тупурган»лар (чунки у томони унга керакмас) сони кўпайиб бормоқда.

Ушбу тоифа масалани реал қўйса, маслакдошлари уни қўлламайди. Маслакдошлар фақат негатив фикрлиларни қўллайди. Шунинг учун ҳам у масаланинг негатив томонига зўр беради, позитив томонига эса тақиқ қўяди (нопозитив) ёки масалани бошқа томони унинг виртуал оламдаги «пиар» имижига салбий таъсир этади...

Яна бир гап, ижтимоий тармоқларда каналлар очиш, аъзоларни кўпайтириш, «виртуал шоу-бизнес» вакилига айланиш, шу орқали даромад манбайига эга бўлиш ёки айрим гуруҳ ва шахслар манфаатида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш - булар бошқа бир алоҳида мавзу бўлиши мумкин...

Бугунги хавотирим эса, бутун дунёда, ҳатто «манаман» деган энг тараққий этган давлатларда ҳам амалда мавжуд ҳамда ечими билан кундалик ва тизимли шуғулланиш лозим масалаларни ҳам ушлаб олиб, «Ўзбекистондаги у раҳбар қаерга қараяпти? Бу раҳбар қаерга қараяпти? Бу ҳукумат ўзи нима қилмоқчи? », «Ким-ким, мендек инсонни ижтимоий тармоқда билдирган мутлақ фикрим жавобсиз қолди», «Қани адолат? Қани демократия, қани инсон ҳуқуқлари?» дейдиганлар вирус сингари урчиб боряпти.

Вирусларни биласиз, аксарият зиён келтирувчилар ҳисобланишади. Лекин, фойдали вируслар ҳам бор. Бизга айни дам офат ёғдирувчи, зарар келтирувчи вируслар ортиқча...

Айтмоқчиманки, ҳаммага кундай равшан бўлган масалани байроқ қилиб олиб, бўлар-бўлмасга ҳадеб нолийверманг...

Бирор масала юзасидан негатив фикр бердингизми, агар ниятингиз холис бўлса, мақсадингиз тоза-пок бўлса, давлат ва жамият, халқ манфаатини устувор билсангиз, фикрингиз асосини келтиринг! Майли у илмий мақола бўлмасин. Бироқ, ҳеч бўлмаса қуруқ гапдан холи, объектив ахборотлар, асослар бўлсин!

Қолаверса, ўзингиз кўтараётган муаммонинг ечимини ҳам таклиф қилинг! Чора-тадбирларини кўрсатинг, балки, давлат идораларига фойдангиз тегар, балки, улар сиз билган нарсани билмас, кўрилаётган масала юзасидан таклиф, дастур ёки бошқа бир ечимни ишлаб чиқишга фақатгина Сиз қодирсиз...

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали ҳукумат ундай қилди, ҳукумат бундай қилди, сиёсий партия тузсам у қиламан, бу қиламан деб аравани қуруқ олиб қочиш ҳам бошланди. Агар мақсад давлат ва жамият манфаатига хизмат қилишдек шаффоф, очиқ бўлса, бу учун сиёсий партия тузмасдан, таклиф йўллаш, фаол фуқаролик позициясини тўғридан тўғри ваколатли органга мурожаат қилиш орқали билдириш ҳам мумкин-ку... Мабодо мақсад ўзгача бўлмаса...

Энди позитив фикр юритишга ва фаол фуқаролик позициясини объектив билдириш учун асослар сифатида кейинги уч йилда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг айримларини келтириб ўтсам:

  • юртимизда сўз ва фикр юритиш ҳамда эътиқод эркинлиги ҳуқуқи амалда таъминланди;
  • диний эътиқод, диний бағрикенглик масаласида 2016 йилдан бошлаб илк бор тақиқланган гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 20 мингдан ортиқ юртдошларимиз «қора рўйхат»дан чиқарилди, амалда «қора рўйхат» деган тушунча йўқ қилинди. Айниқса, президентнинг БМТда «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси ҳамда «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвецияси»ни қабул қилиш ташаббусини илгари суриб, бунга эришгани бу юртимизда давлат сиёсати негизида инсоннинг ҳар қандай ҳуқуқлари устиворлигини англатади;
  • болаларнинг мажбурий меҳнатига амалда чек қўйилди;
  • пахта «умуммиллий ҳаракати» ислоҳ этилди. Пахта режаси деган тушунчага барҳам берилиб, меҳнатга яраша тўлов жорий этилди. Ўқитувчи ва соғлиқни сақлаш ходимлари, талабалар ҳамда бошқа давлат ташкилотлари ходимларининг беминнат хизматларидан фойдаланиш амалиёти деярли тугатилди;
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилиниши бекор қилинди, Ўзбекистонда прописка тизими, шубҳасиз, босқичма-босқич барҳам топади;
  • қатор давлатлар билан визасиз тизим жорий этилди ва Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам қатор давлатларда виза тартиби бекор қилинди. Туризм ривожланиш сари қадам ташлади. Туристлар сони тўрт баравар ошди, бу соҳада хизмат кўрсатишнинг комплекс тармоғи шакллана бошлади, соҳада минглаб аҳолига янги иш ўринлари яратилмоқда;
  • Ўзбекистоннинг чет элдаги элчилари фаолиятидан энди чет эллардаги фуқароларимиз кенгроқ бохабар бўла бошлади. Бир сўз билан айтганда, элчиларни халқ таниди, элчиларнинг халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдаги роли сезиларли оширилди;
  • чегаралар очилди, ташқи сиёсатда яхши қўшничилик – яқин қўшничиликда «янги баҳор» сиёсати ўрнатилди;
  • «ЯИМ 8 фоиз ўсди, бюджет 2 фоиз профицит билан бажарилди», деган ҳисоботлардан воз кечилди;
  • давлат бюджети, ЯИМ таркиби ва харажатлар, валюта ва олтин захирасига оид маълумотлар, давлат ғазнасига оид ҳисоботлар очиқланди;
  • қанчалик мураккаб бўлмасин валютани либераллаштириш сиёсати изчиллик билан олиб борилмоқда;
  • Боботоғда яшаётган пенсионер нафақасини илк марта нақд пулда олди. Энди у туман марказига пул тўлаб транспортда боради, сир эмаски, унгача нақд пул олмагандан кейин яёв юришга ҳам мажбур эди, унгача жойларда транспортларда нақдсиз пул тўлови шаклланмаганди;
  • нақд ва нақдсиз тўлов тафовутлари йўқ қилинди. Энди узоқ туманларда ҳам нақдсиз харид қилган маҳсулотингиз учун ортиқча 20 фоизгача устама тўламайсиз;
  • давлат идоралари фаолияти очиқланди. Давлат идоралари раҳбарлари жамоатчилик олдига чиқиб бемалол гапирадиган бўлди;
  • ортиқча йўл патрул постлари олиб ташланди;
  • коррупцияга қарши курашга алоҳида масъул агентлик ташкил этилди. Бу эса, айни соҳада ҳам ислоҳотлар ортга қайтмаслигидан далолатдир;
  • инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда. Аввало, қийноқлар тан олинди. Тергов фаолияти ислоҳ этилмоқда. «Жаслиқ» жазони ижро этиш муассасаси фаолияти тугатилди;
  • бугун судларда оқлов ҳукмлари чиқариш одатий ҳолга айланди. Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чораларини тайинлаш сезиларли равишда камайди;
  • судлар мустақиллик сари илк қадамларини ташлашга улгурди;
  • одил ва мустақил судловни таъминлаш, суд ва тергов органларида инсон ҳуқуқларини амалда самарали таъминлаш, ишончли ҳуқуқий ҳимоя ва адвокатура институтини мавқейини ошириш юзасидан Давлат раҳбари томонидан 16та фармон, қарорлар қабул қилинди. Шу асосида қонунларга тузатишлар киритилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Исбот тариқасида жорий йил 24 июнда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон ҳамда куни кеча имзоланган «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир десак бўлади;
  • тадбиркорларни текширишлар амалда кескин қисқарди;
  • ҳукумат муаммоларни тан олмоқда ва очиқ муносабат билдирмоқда;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар сотувига рухсат берилди;
  • эндиликда хусусийлаштириш натижалари амалда қайта кўриб чиқилмайди;
  • таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммолар эътироф этилди, тан олинди. Уларнинг ечимига қаратилган ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинмоқда;
  • олий таълим тизимида квота институтини йўқ қилиш сари ишлар изчил амалга оширилмоқда. Фуқароларимизнинг чет давлат ОТМларидан Ўзбекистон ОТМларига ўқишини кўчириш содалаштирилди, ҳатто жорий йил ўқишни кўчиришга ялпи равишда рухсат берилди;
  • мактабгача таълимда қамровни тўла таъминлаш сари амалий ишлар давом эттирилмоқда, хусусий сектор ҳам бунга кенг жалб этилди;
  • ўқитувчилар ойлиги ва мавқейини ошириш сиёсати тизимли давом эттирилмоқда. Ўқитувчиларни бошқа мажбурий меҳнат ва жамоат ишларига жалб қилиш амалиётига деярли чек қўйилди;
  • фидокор меҳнат муҳожирларимиз эндиликда расмий статистикаларда ҳам тан олинди. Уларга муносиб шароит яратиш, уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш бўйича президент фармони имзоланди, бу борада изланишлар олиб борилмоқда;
  • айнан президент халқ қабулхоналари томонидан аҳолининг арзон ва умуман уй-жойга бўлган юқори талаби, камбағал фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ночор аҳволи кўтариб чиқилди. Жойларда тезкорлик билан қулай ипотека шартларида арзон минглаб турар жойлар қурилиб эгаларига берилмоқда. Муҳтожларни текин уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам четда қолмади. Масалан, биргина ўтган 2019 йилнинг ўзида Тошкент шаҳрида 500дан ортиқ квартира ҳеч бир шартсиз муҳтожларга текинга берилди. Ушбу эзгу иш республика миқёсида давом этмоқда;
  • йиллар давомида йиғилиб қолган ва кўз юмилган аҳолининг ижтимоий (баъзан табиий эҳтиёжига оид муаммолар ҳам) муаммоларини ҳал этиш учун давлат бюджети ва гранд ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан, «Халқимиз бугун яхши яшаши керак» деган тамойил асосида амалда қўрқмай, очиқ-ошкора маблағ ажратиш кенг йўлга қўйилди. Асосини биргина Мўйноқ туманига олиб борилган ичимлик сувида ҳам кўриш мумкин. Ёки Оролни ўрмонзорга айлантириш юзасидан қилинган амалий ташаббус ва амалий иш республика аҳолисини шу ташаббус доирасида бирлаштирган умумҳаракат сифатида акс этганини эслаш кифоя;
  • амалда жамоатчилик назорати учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди. Жамоатчилик палатаси ташкил этилди, Ёшлар парламенти тузилди, Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилди;
  • маъмурий ислоҳотлар концепцияси амалга киритилди. Давлат функциялари ННТ ўтказиш ишлари давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. 100дан ортиқ вазифалар ННТларга ўтказилди. Бу жараён давом этади;
  • Парламент ва маҳаллий вакиллик органлари ваколатлари кенгайтирилди. Бу борадаги ислоҳотлар ҳам мантиқий давомлиликка эгадир;
  • «давлат идоралари халққа хизмат қилиши», «инсон манфаатлари устуворлиги» тамойили давлат сиёсатининг бош майдонига олиб чиқилди. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, Давлат хизматлари агентлиги орқали давлат хизматларини кўрсатиш кенг йўлга қўйилди. Электрон ҳукумат, бюрократиясиз фаолият сари тизимли ишлар қилинмоқда.
  • ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва Миллий армия ислоҳ этилди. Миллий армия рейтинги бир неча бор юқорилади. Мудофаа саноати йўлга қўйилди, бу учун махсус қўмита ташкил этилди. Янги ташкил этилган - Миллий гвардия халқ ичига кира олди;
  • энг асосийси эса, давлат ва ҳукумат ҳар бир мурожаат ва муносабатга имкон қадар эътибор қаратмоқда. Жамоатчиликнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганмоқда ва ҳисоблашмоқда.

Мисол учун, биргина бизнинг йигирмага яқин таклифимиз президентнинг парламентга жорий йилги Мурожаатномасида акс этди ва тегишли давлат дастуридан ўрин эгаллади.

Ҳар қандай хушомаддан холи равишда, объектив ёндашиб, юқоридаги каби ислоҳотлар рўйхатини анча давом эттириш мумкин. Лекин, асл муддао бунда эмас.

Тўғри, ҳаётга татбиқ этиладиган ислоҳотлар ҳар доим ҳам силлиқ кетиб, кутилганидек натижани тақдим қилавермайди. Ислоҳотларнинг 20-30 фоизи кутилган самарани тақдим этмаслиги ёки қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳам айнан шунча фоизи ўз вақтида ижро этилмаслиги ёхуд умуман ижро этилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Бу жараён ва ҳолат ҳам фалокат эмас, тараққий этган давлатлар тажрибасига таянсак ҳам, бу табиий ҳолат, бекаму-кўст ислоҳотлар жараёнининг ўзи жаҳон тажрибасидаги ноёб ҳолатлардандир.

Шундай экан, кенг қамровли ислоҳотлар жараёни албатта, катта куч, тажриба, фидокорлик (Жанубий Корея фуқаролари каби қимматбаҳо тошларини ҳам давлатни қўллаб-қувватлаш учун топширганини мисол қилмоқчи эмасман), меҳнат, маблағ ва белгиланган вақтни талаб қилишини охир-оқибат тушунишимиз, ё бўлмаса тушуна билишимиз, англаб етишимиз ёки шунга хоҳишимиз бўлиши, буни тан олишимиз муҳимлигини айтмоқчиман, холос.

Илло, юртимиздаги бугунги шиддатли ислоҳотлар пакетларини тан олмаслик, кўриб кўрмасликка олишга ҳеч биримизнинг на маънавий на ҳуқуқий жиҳатдан ҳаққимиз бор.

Билъакс, бу ислоҳотлар жараёнига фақатгина негатив фикрларга асосланган арзон популизмга муккадан кетиш, фаол фуқаролик позициямиздан, давлат ва жамият, она халқимиз ва жонажон Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздан бироз йироқлаштириши эҳтимолдан холи эмас.

Узоқ изламайлик. Бугун Ғарбни қийнаётган энг асосий икки муаммо: иккинчиси - мигрантлар оқимини тўхтатиш масаласи бўлса, биринчиси – сиёсий (ижтимоий) популизмдир.

Биздаги қанотчаларини ёзиб шаклланаётган шахсий пиар, арзон ижтимоий (сиёсий) популизмни хавфи эса, ўн баробар юқори негаки, бунинг асоси бир томонлама негатив факторлар доирасига таянса, популизмдаги мунозара ва муҳокама жараёнлари фаолиятга эмас кўпроқ шахсларга қаратилиб, маданий аҳамият касб этмаяпти. Тажовузкорлик кайфиятини белгилари сизиб чиқмоқда. Бу эса, нафақат ижтимоийлашув жараёни қоидаларига, балки, жамиятнинг ижтимоий қадриятларига путур етказиши мумкин...

Яна бир гап, ҳадисда келтирилганидек, «Барча амаллар ниятга қараб бўлади». Пок ниятлар билан бошланган хайрли ишлар, албатта ижобат бўлади. Агар ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссамизни қўшмас эканмиз ҳеч бўлмаса, бу жараёнларда жамият умумкайфиятига салбий таъсир этувчи, асоссиз негативлар ўрнига фойдали иш билан машғул бўлиш хайрлироқдир.

Агар, парламентга Мурожаатномадаги сўзлар билан айтсак, барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари мададкор бўлади.

Нуриддин Муродов, ҳуқуқшунос

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламайди.

Мавзуга оид