Ўзбекистон | 15:17 / 15.08.2020
11767
4 дақиқада ўқилади

Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг якуний муҳокамаси ўтказилди. Ҳужжат нималарни қамраб олмоқда?

Ўзбекистонда 2020-2030 йилларда Гендер тенгликка эришиш стратегияси якуний муҳокамадан ўтказилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Таъкидланишича, стратегиядан кўзланган асосий мақсад – барча аёллар ва қизлар, эркаклар ва болалар учун уларнинг ирқи, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқейидан қатъи назар ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаётдаги фундаментал инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш ҳисобланади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида ўтган муҳокамада халқаро ташклотлар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, стратегияни такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдиришди.

Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси:

– Гендер тенглигига эришиш масаласи Ўзбекистон учун устувор сиёсат йўналиши ҳисобланади. Мустақиллик йилларида бу масала тилга олинмаган, аёлларнинг зўравонликка учраши мавзуси ёпиқ бўлган бўлса, сўнгги уч йилда бу борада 2та қонун ва 15дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Қонунлар бўлса-да, лекин уларни амалиётга татбиқ қилишда ҳали кўплаб муаммолар бор.  

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Қабул қилиниши кутилаётган мазкур стратегия 2030 йилгача Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш учун қандай вазифаларни бажариши кераклигини белгилаб беради. Стратегия ижроси нафақат давлат идоралари, балки нодавлат-нотижорат ташкилотлар томонидан ҳам амалга оширилади. Бунинг учун уларга давлат бюджети ва молиявий институтлар маблағлари асосида субсидиялар ажратилади.

Стратегиянинг қониқарли даражада ижро этилиши устидан парламентнинг мониторинг тизими ўрнатилади.

Ашита Миттал, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини вақтинча бажарувчи:

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш йўлида амалга ошираётган ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

2020-2030 йилларда Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижроси нафақат аёллар, балки эркакларнинг ҳам бу борадаги ролини ошириш орқали бажарилиши керак. Шунингдек, гендер тенглиги тушунчасини таълим жараёнида ёш авлодга тушунтириб бориш жамиятда бу масалага нисбатан янгича қарашнинг пайдо бўлишига замин яратади.

Шу билан бирга, гендер тенглигини таъминлаш сиёсатида натижадорлик ва ҳисобдорликни ошириш учун гендер адолатига тааллуқли статистика ва маълумотларни жамлаб бориш муҳимдир.

Ю Ю, ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили:    

– Мазкур стратегияни амалга оширишда талаб этиладиган харажат ва чиқимларни қатъий белгилаб олиш керак. Давлат бюджети ва бошқа ресурслардан ажратиладиган маблағлар тақсимоти учун аниқ ҳисобдорлик тизимини жорий қилиш даркор.

Мамлакатда гендер тенглиги борасидаги реал вазиятни таҳлил қилиш учун илмий тадқиқотлар олиб борилиши лозим.

Оксана Пак, Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакили:

– Ўзбекистонда аёлларнинг юридик ва молиявий саводхонлигини тизимли ошириш масаласи ҳам миллий даражада кўриб чиқилиши керак. Гендер тенглигини таъминлашда давлат сиёсатини амалга оширишда назорат ва таҳлил механизми мавжуд бўлиши лозим.

2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси 9та мақсадни қамраб олади:

– ижтимоий-сиёсий ҳаётда эркак ва аёлларнинг иштирок этишида тенг имконият ва ҳуқуқларни яратиш;

– аёл ва эркакларнинг иқтисодиёт, бандлик ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда гендер тенглигини таъминлаш;

– бутун ҳаёт давомида барча учун адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш;

– барча хотин-қизлар учун гендер тенглигини таъминлаш, зўравонликдан ҳимоялаш, одам савдосига чек қўйиш;

– барча эркак ва аёллар учун ижтимоий ҳимоя, соғлом турмуш тарзини таъминлаш;

– миллий гендер статистикасини ривожлантириш;

– режалаштириш ва бюджетлаштиришда гендер масаласини инобатга олиш;/

– ОАВда гендер муаммоларининг кенг ёритилишини таъминлаш;

– барча учун хавфсиз экологик муҳитни таъминлаш масалаларига хотин-қизларни жалб қилиш.

Маълумот учун,  Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича 188та давлат орасида 44-ўринни эгаллайди.

Мавзуга оид