Ўзбекистон | 07:26 / 17.08.2020
36163
13 дақиқада ўқилади

Таълим сифатини назорат қилиш тизимида ислоҳот кутиляпти. Президент фармони лойиҳаси эълон қилинди 

Таълим сифатини назорат қилиш тизими такомиллаштирилади.

Президентнинг “Таълим сифатини назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб таълим сифатини назорат қилиш соҳасида:

таълим сифатини баҳолашнинг рақамли технологиялар асосида такомиллаштирилган ички ва ташқи тизимлари жорий қилинади;

таълим сифатини ички баҳолаш таълим ташкилотлари томонидан мустақил тарзда шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида ўтказилади;

таълим сифатини ички баҳолаш механизмлари таълим ташкилотлари томонидан халқаро стандартларга асосланган ҳолда жорий қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар, уларнинг ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари тегишлича таълим ташкилотларида таълим сифатини ички баҳолаш жараёнини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашади;

таълим сифатини ташқи баҳолаш текширувлар ўтказиш, аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш, рейтинглар тузиш, мониторинг қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа шаклларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади;

таълим ташкилотлари фаолиятини текширишнинг хавф-хатар таҳлилига асосланган тизими жорий этилади, текширувлар қамрови, давомийлиги ва даврийлиги таълим сифати ёмонлашиш хавф-хатари даражасига қараб белгиланади;

таълим ташкилотларини аккредитациялашнинг институционал (таълим ташкилотининг давлат аккредитацияси) ва махсус (йўналиш, мутахассислик, ихтисослик, касб ва курс бўйича) шакллари жорий этилади;

махсус шаклдаги аккредитация эҳтиёжга кўра барча олий таълим ташкилотлари учун мажбурий бўлган институционал аккредитацияга қўшимча равишда Таълим инспекцияси томонидан рўйхати тасдиқланадиган халқаро тан олинган аккредитация ташкилотлари ёки Таълим инспекцияси томонидан ўтказилади;

мактабгача ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини давлат аккредитациясидан ўтказиш амалиёти бекор қилиниб, унинг ўрнига хавф-хатар таҳлилига асосланган сайланма текширувлар орқали таълим сифатини назорат қилиш механизми жорий этилади;

халқаро рейтинг ташкилотлари стандартлари ҳамда миллий рейтингни аниқлаш бўйича халқаро тажриба асосида миллий рейтинг тизими такомиллаштирилади, таълим ташкилотларининг таълим соҳалари кесимида рейтинги (subject ranking) жорий этилади ҳамда уларнинг фаолияти натижадорлигини қиёслашда бенчмаркинг (benchmarking) воситаларидан кенг фойдаланилади;

Ўзбекистон Республикасининг таълим сифатини халқаро баҳолаш (PIAAC, ICILS, ICCS, LANA ва бошқа) дастурларида иштирокини кенгайтириш орқали миллий баҳолаш тизими такомиллаштирилади;

Инсон капитали индекси (Human capital index) ва бошқа нуфузли глобал рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг мавқеини мустаҳкамлаш юзасидан идоралараро ҳамкорлик асосида чора-тадбирлар амалга оширилади.

Олий таълим ташкилотларининг таълим сифатини ошириш бўйича ўз олдига қўйган мақсадларига эришишдаги эркинлик даражасини янада кенгайтириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) олий таълим ташкилотлари қуйидаги таълим дастурлари, шу жумладан қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Таълим инспекциясидан экспертизадан ўтказилган намунавий олий таълим дастурлари;

олий таълим ташкилотлари томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулосасига эга бўлган таълим дастурлари;

халқаро эътироф этилган ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities рейтингларининг барчасида бир вақтда биринчи 1 000 та ўринни эгаллаган, рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим инспекцияси томонидан тасдиқланадиган олий таълим ташкилотларининг аккредитацияланган таълим дастурлари.

Белгиланишича, тегишли таълим дастури бўйича ўқитишни ташкил этиш учун зарур бўлган моддий-техник, ахборот ва ўқув-услубий базаларга, педагог кадрларга, таълим ҳажми ва мазмунига ҳамда бошқа талабларга риоя этилиши уларни жорий этишнинг асосий шарти ҳисобланади.

б) давлат олий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини лицензиялаш тартиби жорий қилинади ва Таълим инспекциясидан белгиланган тартибда лицензия олган давлат олий таълим муассасалари таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади, давлат аккредитациясидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган амалда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари таълим фаолияти аттестациядан ўтказилмаган ҳолда тўғридан-тўғри лицензияланади;

в) давлат олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларини, шунингдек, нодавлат олий таълим ташкилотларини давлат мулки бўлган бино ва иншоотларни фойдаланиш ҳуқуқи асосида берган ҳолда ёки бошқарув ва хавф-хатарлар билан боғлиқ жавобгарликнинг бир қисмини давлат томонидан кафолатланиши орқали ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим инспекцияси билан мажбурий тартибда келишиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;

г) янги ташкил этиладиган олий таълим ташкилотларига улар Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан ҳамда “Олий таълим фаолияти билан шуғулланадиган ташкилотлар реестри”га киритилганидан сўнггина таълим фаолияти билан шуғулланиш учун рухсат этилади.

Таълим инспекцияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бошқармаларига 2021 йил 1 январдан бошлаб таълим ташкилотларида ҳужжатли ва сайёр текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилади.

Белгиланишича:

а) ҳужжатли текширув таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган ҳисоботлар ва маълумотлар, шунингдек унинг фаолияти тўғрисида Таълим инспекциясида мавжуд бўлган (шу жумладан, тизимида таълим муассасаси мавжуд бўлган вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари, ташкилотлар ва давлат органларидан олинган) ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида таълим ташкилотига бормасдан ўтказилади;

б) тадбиркорлик субъекти ҳисобланадиган таълим ташкилотларида ҳужжатли текширувлар ўтказиш Таълим инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилмасдан ва унинг рухсатини олмасдан амалга оширилади;

в) сайёр текширув таълим ташкилотига ташриф буюрган ҳолда амалга оширилади ва таълим ташкилоти томонидан таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши ва таълим сифати ҳолати текширилади;

г) тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадиган таълим ташкилотларида сайёр текширувлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади;

д) сайёр текширувлар таълим ташкилотидаги қонунчилик бузилиши ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари маълумотлари, бошқа ахборот манбалари ёки Таълим инспекциясида мавжуд бўлган маълумотлар асосида таълим ташкилотлари фаолиятининг хавф-таҳлили натижалари асосида ўтказилади;

е) сайёр текширув доирасида Таълим инспекциясининг масъул ходимлари:

текширилаётган таълим ташкилотининг ҳудуди ёки биносига киришга;

текширилаётган таълим ташкилотининг ҳудуди ва биноларини, шунингдек ҳужжатлар, ўқув-услубий ва моддий-техник базани кўздан кечиришга;

текширилаётган таълим ташкилотидан текширув учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олишга;

экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва холисларни жалб этишга;

таълим жараёнини кузатиш ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.

Таълим инспекцияси икки ой муддатда қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик жорий қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини киритади:

таълим сифатини ички баҳолаш тизимини белгиланган тартибда жорий қилмаслик;

таълим ташкилотларининг рейтингини аниқлаш, таълим ташкилотлари ва педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш фаолияти ҳамда бошқа таълим-тарбия жараёни билан боғлиқ нотўғри маълумотлар тақдим этиш ёки тақдим этишни асоссиз рад этиш;

кўрсатилаётган таълим хизматларининг белгиланган давлат талаблари ва стандартларига номувофиқлиги, таълим дастурларини тўлиқ ҳажмда бажармаслик ёки давлат таълим стандартларини (талабларини) бошқача тарзда бузиш;

якуний давлат аттестацияси, олимпиадалар ва танловлар натижаларини бузиб кўрсатиш, якуний давлат аттестацияси, олимпиадалар ва танловларни ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш;

белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган ёки аккредитацияси тўхтатилган таълим йўналишлари, мутахассисликлар, ихтисосликлар, касблар ва курслар бўйича таълим бериш, белгиланган муддатда аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтмасдан фаолият юритиш;

таълим ташкилотларига таълим олувчиларни ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш, қайта тиклаш, ўқишдан четлаштириш ва академик таътил бериш тартибини бузиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, таълим ташкилотлари, раҳбар ва педагог кадрлар аттестацияси, таълим ташкилотлари рейтингини аниқлаш жараёнларида ўтказиладиган синовларни топшириш тартибини бузиш.

Белгиланишича, Таълим инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юклатилган вазифа ва функцияларга мувофиқ белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига фуқароларнинг таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш.

Таълим инспекцияси икки ой муддатда Таълим инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармаларини улар зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш юзасидан қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:

таълим ташкилотларининг давлат аккредитациясидан ўтмаган ёки аккредитацияси тўхтатилган таълим йўналишлари, мутахассисликлари, ихтисосликлар, касблар ва курсларга қабул параметрларини шакллантириш тақиқланади;

мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини (кейинги ўринларда – педагог кадрлар) аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда педагог кадрларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатларни тақдим этиш давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади;

педагог кадрларга иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаси, катта, етакчи ва бош ўқитувчи лавозими бериш, шунингдек мазкур малака тоифаларига (лавозимларга) талабгорларга тегишли малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича аттестация педагог кадрлар фаолиятининг самарадорлиги акс эттирилган портфолиосини баҳолаш ҳамда олий маълумот тўғрисидаги ёки қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги дипломида кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналишлари, мутахассислик ёки ихтисосликларига мос келадиган фанлардан назорат синовидан иборат соддалаштирилган тарзда ўтказилади;

педагог кадрларга иккинчи, биринчи ва олий малака тоифаси, катта, етакчи ва бош ўқитувчи лавозими бериш, шунингдек мазкур малака тоифаларига ва лавозимларга талабгорларга тегишли малака тоифаси (лавозим) бериш бўйича навбатдаги аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди, навбатдан ташқари аттестациядан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Таълим инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Узлуксиз таълим” ахборот тизимини жорий этиш ва уни 2021 йил 1 сентябрга қадар ишга тушириш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар “Узлуксиз таълим” ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилган ҳолда, таълим олувчилар билимларини ўрганиб бориш, педагог кадрлар сифати мониторинги, таълим сифатини ички ва ташқи баҳолаш, шунингдек назорат текширувлари натижалари ҳамда таълим сифатига таъсир этувчи бошқа омиллардан иборат маълумотларни ахборот тизимига киритиш;

Таълим инспекцияси томонидан амалга оширилаётган назорат текширувларини ва кўрсатиб ўтилган камчиликларни қайд этиш, уларни бартараф этиш бўйича маълумотлар базаларини шакллантириш;

лицензияланган ва аккредитацияланган таълим ташкилотлари ягона электрон реестрини юритиш;

таълим ташкилотида сифатли таълим олиш имкониятлари тўғрисидаги энг сўнгги маълумотларни доимий жойлаштириш ва кенг омма учун очиқ маълумотлар сифатида фойдаланиш имкониятини яратиш;

таълим олувчилар, уларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари, иш берувчилар ва аҳолининг бошқа қатламлари ўртасида таълим ташкилотларида таълим сифати даражаси юзасидан онлайн сўровлар ўтказиш ва уларнинг натижаларини белгиланган тартибда эълон қилиш.

Таълим инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда тизимида таълим ташкилотлари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда “Узлуксиз таълим” ахборот тизимини мазкур вазирликларнинг таълимни бошқариш ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлайди.

Мавзуга оид