Штаб аъзоси тез-тез рентген ёки МСКТ текширувидан ўтиш соғлиққа зарарлигидан огоҳлантирди
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова баъзи давлатлар кўчада ниқоб тақишни олиб ташлагани, нима учун бизда ниқоб тақиш шартлиги тўғрисидаги саволга жавоб берди.
«Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмайди. Бироқ коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камаяди. Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак.
Аввало, таъкидлаш лозимки, баъзи давлатларда ниқоб тақиш бутунлай бекор қилингани йўқ. Транспортда, бозорлар, дўконлар ва бошқа аҳоли тўпланадиган жойларда ниқоб тақиш талаби сақланиб қолган, фақатгина кўчада юрганда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ниқобсиз юриш мумкин.
Ҳар бир давлат касаллик профилактикасига қаратилган ўзининг тартибини белгилайди ва амалга оширади. Бизда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт», деди Барно Абдусаматова АОКАда бўлиб ўтган брифингда.
Мурожаатлардан бирида фуқаро вирусли пневмония билан касаллангани, шифохонадан чиқиб кетаётганида ҳам ўпкасида ўзгариш бўлгани, 6 кундан кейин МСКТга тушгани, ҳали ҳам ўзгариш борлигини айтиб, касалликдан кейин ўпка қанчада тикланиши ҳақида сўраган.
«Кўплаб беморларда шундай ҳолат кузатиляптики, стационарда даволаниб чиққандан атиги 1 ҳафта ўтгач, дарров ўпкани рентген ёки МСКТ қилдиришяпти. Текширувдан ўтгач, ўзгариш бўлмагани ҳақида шикоят қилиб шифокорга мурожаат келишяпти. Аслида, пневмония илк аниқланган даврда ўпкада жараён қандай кечаётганини билиш учун МСКТ ёки рентген текширувидан ўтилади. Шундан сўнг 25-30 кундан кейингина бу текширувлардан яна ўтиш мумкин. Шунда ўпкада асорат қолгани ёки қолмаганини билиш мумкин бўлади.
Рентген ёки МСКТ текширувига фақат шифокор тавсияси асосида тушишингиз лозим. Тез-тез рентген ёки МСКТ текширувидан ўтиш соғлиққа ҳам зарар ҳисобланади.
Шу сабабли касалликдан сўнг организм ўзини тиклашига вақт бериш керак. Диспансеризация давомида керак бўлса, шифокор ўзи сизга рентген ёки МСКТ текширувидан ўтишни тавсия этади», деди штаб аъзоси.
Мавзуга оид
18:03 / 11.11.2020
«Гигиенага риоя этсак, ниқоб тақиб, ижтимоий масофа сақласак, Ўзбекистонда карантин кучайтирилмайди» – штаб аъзоси
18:36 / 03.11.2020
Тузни кўп миқдорда истеъмол қилиш инсульт ва юрак етишмовчилигини келтириб чиқаради – штаб аъзоси
17:50 / 03.11.2020
Рентген натижаларига кўра коронавирус ташхиси қўйиш мумкин эмас – штаб аъзоси
10:22 / 28.10.2020