Иқтисодиёт | 19:10 / 02.09.2020
3111
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инвестициялар ҳажми ва ўсиш суръатлари ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан бироз пасайди

Ўзбекистонда жорий йилнинг II чорагидаги мажбурий карантин чоралари иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга ўз салбий таъсирини кўрсатди. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да айтилмоқда.

Фото: Shutterstock

Хусусан:

Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг ярим йиллигида ЯИМнинг ўсиши 100,2 фоизни (дастлабки прогнозга нисбатан 105,8 фоиз), саноат - 98,1 фоизни (105,9 фоиз), хизматлар - 102,6 фоизни (107,3 фоиз), қишлоқ хўжалиги - 102.8 фоизни (103,3 фоиз) ташкил этди.

Маълумот учун: энг оғир карантин (апрель) ойида саноатнинг пасайиши тахминан 22,8 фоизга (2019 йил апрелга нисбатан), хизматлар 37,5 фоизга, экспорт 9,6 фоизга баҳоланмоқда.

Давлат бюджети даромадлари қимматбаҳо металларнинг қулай нархлари ҳисобига сезиларли даражада пасаймади.

Бироқ 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида консолидациялашган бюджет тақчиллиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг шаклланиши, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш ҳисобига иккинчи даражали харажатларни секвестрлаштиришга карамасдан, ЯИМнинг 4,1 фоизини (режа - 0,5 96) ташкил этди.

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларига бир қатор солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар доирасида давлат бюджети даромадлари 2,8 триллион сўм ёки ЯИМнинг 0,4 фоиз миқдорида камаяди.

Ўтган йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан инвестициялар ҳажми ва ўсиш суръатлари бироз пасайди (прогноз қилинган 108,2 фоизга нисбатан 87,2 фоиз), лекин иқтисодиёт учун муҳим бўлган 39 та йирик лойиҳа объектив шароитлар туфайли белгиланган муддатидан кеч ишга туширилади. Бу нафақат 2020 йилда, балки 2021 йилда ЯИМнинг ўсиш суръатларига салбий таъсир қилади.

Хом ашё ва бутловчи қисмларни етказиб беришда транспорт-логистика чекловлари, корхоналарнинг вақтинча ёпилиши, шунингдек, хорижий мамлакатларда қўлланган карантин чоралари нафақат импортнинг 15 фоиз қисқаришига таъсир қилди, балки экспорт ҳажмига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида экспортдаги йўқотишлар 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 миллиард долларга, жумладан, табиий газ экспорти 735 миллион доллар, туризм хизматлари 399,1 миллион доллар, авиация хизматлари 150,3 миллион доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 215,5 миллион доллар, мис ва рух маҳсулотлари 106 миллион долларга баҳоланмокда.

Туризм, транспортнинг барча турлари, умумий овқатланиш, ноозиқ-овқат товарлари савдоси, барча турдаги таълим хизматлари, маданий ва кўнгилочар муассасалар хизматлари коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўрган тармоқлар ҳисобланади.

Мавзуга оид