Хитой орбитага “сир тутилаётган” кўп маротабалик қурилмани чиқарди
4 сентябрда Хитойнинг Цзюцюань космодромидан Long March-2F ракетаси фазога учирилди. У орбитага кўп маротаба қўлланувчи фазовий қурилмани олиб чиқди.
Қурилма ҳақида бирор-бир тафсилот, жумладан унинг тури ошкор қилинмаган. Шу маълумки, у орбитадаги вазифасини бажаргач, Хитой ҳудудига қўндирилади.
N+1 нашрининг эслатишича, 2017 йилда Хитой 2020 йилда орбитага Ерга қайтарилувчи космопланни чиқаришини эълон қилган. Орбитага чиқарилган қурилма айнан шу космоплан бўлиши эҳтимоли мавжуд. Ўшанда қурилма орбитага юк ва одамларни етказа олиши ва фазовий парвозлар сонини оширишга имкон бериши, бунинг натижасида парвозлар нархи арзонлашиши маълум қилинган. Умуман олганда, Хитой бир нечта космоплан яратишни режалаштирган.
Long March-2F ракетаси учун бу 14-парвоз бўлди. Биринчи марта ракета 1999 йил ноябрида фазога учирилган. Ракетанинг барча парвозлари муваффақиятли деб топилган.
Май ойида Хитой ўзининг бўлғуси орбитал станциясига юк ва фазогирларни етказишга мўлжалланган фазовий кемани муваффақиятли синовдан ўтказган. Кема ўз бортига 6 кишини сиғдира олади, оғирлиги эса 14 тоннадан 20 тоннагачани ташкил қилиши мумкин.
Кеманинг синов парвози 300 кмдан 8 минг кмгача баландликдаги орбитада экипажсиз ўтказилган. Миссия давомида мутахассислар кемадаги турли тизимлар, жумладан иссиқдан ҳимояловчи экранлар, бошқарув тизими ва ҳавонинг сизиб чиқишини аниқлаш тизимини текширувдан ўтказишган.
Мавзуга оид
19:57 / 25.12.2024
Хитойда ёлғиз инсонларни оила қуришга ундовчи тарғиботлар кучайтирилди
14:53 / 25.12.2024
Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди
23:04 / 24.12.2024
Хитой қутб сувларида сузишга қодир дунёдаги энг йирик юк ташувчи кемани синовдан ўтказди
21:52 / 24.12.2024