Жаҳон | 20:10 / 07.09.2020
28731
2 дақиқада ўқилади

Журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида айбланганларга ҳукм ўқилди

Қотилликда айбланган саккиз нафар шахснинг беш нафари 20 йилдан, бир нафари ўн йил, яна икки нафари етти йилга озодликдан маҳрум этилган.

Фото: AP

Саудия Арабистони суди 2018 йил октябрда Истанбулда ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг ўлимида айбланганларга нисбатан якуний суд ҳукмини эълон қилди.

Қироллик бош прокуратураси расмий вакилининг маълум қилишича, қотилликда айбланган саккиз нафар шахснинг беш нафари 20 йилдан, бир нафари ўн йил, яна икки нафари етти йилга озодликдан маҳрум этилган.

Саудиялик таниқли журналист Жамол Қошиқчи 2017 йилдан АҚШда яшаган ва Washington Post газетасида ишлаган.

У Истанбулдаги консулхонага 2018 йил 2 октябрда ҳужжатларни расмийлаштиргани келгач, изсиз йўқолган. Шундан кейин унинг ўлдирилгани ва буни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шахсан буюргани ҳақида тахминлар пайдо бўлган.

20 октябрда Саудия Арабистони ҳукумати журналист консулхонада юз берган можора вақтида ўлдирилганини маълум қилган. Дунё ҳамжамияти ушбу жиноятни қоралаб, Ар-Риёддан у бўйича очиқ-ойдин тергов ўтказишни талаб қилган. 

2020 йил май ойида Қошиқчининг оиласи унинг қотилларини кечиришини маълум қилган.

Мавзуга оид