Вазирлар Маҳкамаси Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш, сақлаш ва уларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлади.
 
Ҳужжат Президентнинг 17.06. 2019 йилдаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5742-сон Фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
 
Norma’нинг ёзишича, қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ҳамда истиқболли навларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш соҳасида қуйидагилар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Фанлар академиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган замонавий усул ва технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳаллий навлар асосида сув танқислиги ва шўрга мослашган, комплекс қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган янги навларини ва уларнинг генетик паспортларини яратиш ҳамда селекцияда бирламчи материалларни танлаб олиш самарадорлигини ошириш;
  • ички ва ташқи бозор талабидан келиб чиққан ҳолда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари навларини хорижий мамлакатлардан интродукция қилиш;
  • қайта тикланган қишлоқ хўжалиги экинларининг маҳаллий навларини синовдан ўтказиш ҳамда уларни давлат реестрига киритиш ва бошқалар.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Фанлар академияси билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни амалга ошириш вазифаси топширилди:

  • қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш;
  • етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;
  • 3 ой муддатда мева ва узумнинг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган юқори сифат кўрсаткичига эга, сувсизликка чидамли навлари кўчатларини «Invitro» лабораторияларида кўпайтириш ишларини ташкил этиш.

Қарор билан ишчи гуруҳининг асосий вазифалари ҳам белгиланган.