Жаҳон | 22:19 / 07.09.2020
3819
2 дақиқада ўқилади

Хитой кўп маротабалик космопланининг биринчи синовини муваффақиятли  ўтказди 

Хитойнинг “сир тутилаётган” фазовий кемаси орбитада икки кун бўлгач, 6 сентябрда Ерга қайтарилди. Хитой ҳукумати ушбу кема ҳақида ҳеч нима маълум қилмаяпти, расмий ОАВ эса у ҳақида жуда чекланган маълумот бермоқда.

Фото: spacenews

Мутахассисларнинг фикрича, Хитой самолёт каби қўна оладиган орбитал кема яратган

“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, 4 сентябрда Цзюцюань космодромидан “Чанчжэн-2 °F” ракетаси “кўп маротабалик тажрибавий фазовий кема” билан бирга орбитага учирилган. Кема 330-340 кмдаги орбитага кўтарилиб, ўз миссияси доирасида маълумотларни тўплаган. У кўтарилган орбита Халқаро коинот станцияси ҳаракатланадиган орбитадан тахминан 100 км пастроқ.

Америкалик ҳарбийларнинг маълум қилишича, фазовий объектлар каталогида 2020-063А халқаро белгиси ва 46389 сонини олган кема 50,2 даража қияликдаги ҳамда минимал баландлиги 332 кмни, максимали 348 кмни ташкил қилган орбитада аниқланган. 

Мутахассислар эътибор қаратган ягона нарса шу бўлганки, бунгача “Чанчжэн 2 °F” ракетаси фақат фазогирлар иштирокидаги коинот дастурлари доирасида қўлланган. Шунингдек, Хитой расмий идоралари охирги 20 йил ичида биринчи марта ракета старт оладиган вақтни эълон қилмаган. Кема учирилиши ўта махфий ўтган – унинг на парвози, на қўнишининг ҳеч қандай суратлари ва видеолари эълон қилинмаган. 

Таъкидланишича, агар бу АҚШнинг Dragon ёки Россиянинг “Союз” кемасига ўхшаш кема бўлганда у сир тутилмаган бўларди. Айни вақтда аэродромга самолёт каби қўна оладиган дунёдаги ягона космоплан АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли X-37B космоплани бўлиб, у ҳам сир тутилади ва фазога 5 марта чиқишга улгурган. Таъкидланишича, Россияда бундай кемалар йўқ ва яқин 10-15 йилда пайдо бўлиши даргумон.

Мавзуга оид