Ўзбекистон | 21:04 / 08.09.2020
56371
14 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистонда оммалаша бошлаган ACCA дастури: у нима, кимлар учун ва қандай фойдаси бор?

Замонавий дунёда касблар турли-туман бўлганидек, уларни баҳолаш, мутахассислар малакасини белгилаш мезонлари ҳам хилма-хил. Хусусан, инглиз тилини билиш мезони сифатида IELTS, TOEFL, CEFR каби имтиҳонлар мавжуд. Тил билишдан ташқари, малака сертификати талаб этиладиган муҳим соҳалардан бири – аудиторлар, ҳисобчилар ва молия соҳаси мутахассисларидир. Бу соҳанинг халқаро билим даражасини белгилаш мезони сифатида ACCA дастурлари қабул қилинган.

Kun.uz мухбири бугунги кунда ACCA дастурлари бўйича Ўзбекистонда таълим олишни йўлга қўйган мутахассислар билан суҳбат уюштирди.

Суҳбатдошларимиз Тошкентдаги Ёджу техника институти ректори Жонпўлат Кудайбергенов; AFIM асосчиси ва раҳбари Ихтиёр Худоёров; «Express IELTS» НТМ асосчиси Азиз Абдураззоқов; ACCA аъзолари – Шерзод Иноғомов, Шаҳзод Эркинов, Санжар Жаббор; талабалар – Беҳзод Ҳайитов, ACCA-Simpson гранти совриндори Беҳзод Тожибоевлар бўлишди.

– Бугунги кунда Ўзбекистонда ACCA асосидаги таълим тизими унчалик ҳам кенг тарқалмаган. Шу сабабли, даставвал ACCA нималигини тушуниб олсак.

Жонпўлат Кудайбергенов

– ACCA'нинг кенгайтмаси – The Association of Chartered Certified Accountants бўлиб, бу атама инглизчада кенг маънода қўлланилади. Сўзма-сўз таржимаси «Дипломли ва сертификатланган бухгалтерлар уюшмаси» деган маънони англатади. Шу билан бирга, инглизчадаги accountant сўзи кенг маънода қўлланилишини инобатга олиб, бу сўзни бухгалтер ё ҳисобчи деб тушуниш тўғри бўлмайди. Бу сўз турли контекстда турлича – аудитор, солиқчи, молия менежери, ҳисобчи ёки молия директори деган маънони билдиради. Ушбу ўқув дастурида ўқиб, тугатгач, исталган корхонада ишлаб, молия департаментини «A»дан «З»гача бошқара оладиган молия менежери бўлиш мумкин.

ACCA’ни бизнес бошқарувини ўргатадиган ассоциация деб ҳам тушунса бўлади. Бу ассоциациянинг 13та фанни ўқитадиган дастури бўлиб, унинг ичида бухгалтерия асосий соҳа ҳисобланади. Шунингдек, дастур ичида молия бошқаруви, солиқ, тижорат ҳуқуқи, IT, бизнес бошқаруви каби йўналишлар ҳам бор. Кўпчиликда бу йўналишда ўқигандан кейин ким бўлиш мумкинлиги ҳақида савол туғилади. ACCA сертификатини олган талаба юқорида санаб ўтилган йўналишларда бемалол ишлай олади.

– Ўзбекистонда ACCA дастури бўйича таълим берадиган таълим маскани борми?

Азиз Абдураззоқов

– ACCA ташкилотининг Марказий Осиёдаги бош ваколатхонаси Қозоғистонда жойлашган. Лекин ACCA имтиҳонларини 192та мамлакатда ҳам топшириш мумкин. Имтиҳонларнинг барчасини Британия Кенгаши (British Council) ўтказади ва бошқаради. Имтиҳонларни ҳам ўзлари тузишади, талабгорлар фақат имтиҳон топширади.

Молиявий ҳисобот халқаро стандартлари Ўзбекистонда ҳам жуда долзарб мавзуга айланди. Чунки Ўзбекистон корхоналари 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб молиявий ҳисобот бўйича халқаро стандартларга ўтяпти. Яъни айнан ACCA'да молиявий ҳисобот халқаро стандартлари юритилади.

– ACCA дастурларини Тошкентдаги Ёджу техника институтида ўрганишнинг афзалликлари борми? Бу йўналиш биз учун қанчалик муҳим соҳа ҳисобланади?

– 2018 йилда Ўзбекистонда илк бора хорижий инвесторлар билан биргаликда қўшма институт очилди. Бу – Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти эди. Институт олдига замонавий таълим йўналишлари, дастурлари ва бошқа касбий малака курсларини талабаларга тақдим қилишни мақсад қилиб қўйган. Институт Корея Республикасининг олий таълим муассасалари билан double degree дастури доирасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 10 нафар талабамиз Корея Республикасининг Ҳанян университетида 3 ва 4-курс ўқишларини давом эттиради. Ҳанян университети эса, бугунги кунда Кореядаги 10та кучли университетлардан бири ҳисобланади.

Ихтиёр Худоёров

ACCA дастури – касбий-малакавий дастурдир. Бизда талабалар 18та таълим йўналишида таҳсил оляпти. Талабалар ўқиш давомида ушбу дастурга қўшилиб, бакалаврга қўшимча уни ҳам ўрганишлари мумкин бўлади. Дастур Ўзбекистонга энди кириб келяпти, шунинг учун саволларнинг кўплиги табиий. Бу бўйича бугун тўлиқ маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Ушбу дастурда таҳсил олишни истаган талабаларимиз учун 20 фоиздан 50 фоизгача чегирмаларни назарда тутяпмиз. Aгар ташқаридан келадиган талабалар бўлса, биз октябрдан ACCA Foundation курсларини очяпмиз. ACCA Foundation’да 7та фан бор. Aгар шу фанларни муваффақиятли тугатиб, юқори балларни олса, «ACCA Foundation in accounting and business» дипломини олади. Бу дипломни олиб, улар бизнинг бухгалтерия ёки молия таълим йўналишларига топширишлари мумкин. Бунинг учун улар олдин фанлар фарқини топшириб, кейин иккинчи курсдан ўқишни давом эттира олишади. Мабодо 7та фандан фанлар фарқини тугатолмаса, «Intermediate» сертификатини олиши керак. Шундагина юқорида айтилган 2та йўналишда имтиҳонсиз 2-курсдан ўқишни давом эттиришлари мумкин бўлади.

ACCA курслари октябрдан бошланади. Aгар талаба ўқимайдиган бўлса, 1-2 ҳафта ичида синаб, уни ўқув жараёнидан четлаштирамиз.

– Масалан, 30 ёшдаги ҳисобчи, аудитор, бухгалтер инглиз тилини билади ва ACCAни олмоқчи. Бу дастурда ёш чеклови борми?

Санжар Жаббор

– 18 ёшдан юқорилар топшира олади. Чунки бу ерда нафақат ўқиш, балки касбий малака, билим ва тажриба ҳам муҳим. Яъни ACCA сертификатини олиш учун 3 йиллик тажриба бўлиши керак. ACCA'га сифат деб қараш тўғри бўлади.

Диплом ва ACCA сертификати фарқини тушунтирадиган бўлсам, олийгоҳларни битиргандан кейин талабада назарий билимлар бўлади. ACCA талабгордан 3 йиллик тажрибани талаб қилгани учун, ACCA аъзоси бўлгандан кейин ишга жойлашиш ҳам осонлашади. ACCA дунёнинг жуда кўп мамлакатларида тан олинган. Aмериканинг CPA (Certificate of Public Accounting) деган сертификати бор. Лекин шунда ҳам ACCA Aмериканинг кўплаб ташкилотларига ўтади.

– ACCA дастурини ўқитиш бўйича нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Нима учун НТМлар билан ҳамкорлик қилинмоқда, бунинг маълум бир сабаби борми?

Шаҳзод Эркинов

– 2018 йили, Ёджу техника институти очилганда бу ғоя пайдо бўлган. ACCA нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишининг сабабларидан бири – давлат университетлари дастури ўз йўналиши бўйича тузилган бўлади. ACCA дастури фақатгина диплом олиш учун эмас, охирида билимли, малакали мутахассис тайёрлаш учун тузилган. ACCA амалий кўникма ва билимни ўргатишга асосланади.

Иккинчидан, уларнинг бош офиси фақат НТМлар билан ҳамкорлик қилади. Офис университетларга лицензия бермайди. НТМларнинг ўзи лицензия олади ва улар ACCA ўқув дастуридан таълим беради. Бунда икки томонлама самара бўлади. Натижада ҳам четдан келганларга, ҳам талабаларга ўқиш имконияти яратилади.

– Талабаларга кимлар таълим беради?

– Ўқитувчи камида ACCA аъзоси ёки ўз фанининг етук мутахассиси бўлиши керак. Мисол учун, тижорий ҳуқуқ фанидан дарс бериш учун ACCA аъзоси бўлиш шарт эмас, аммо ўқитувчи ҳуқуқшунос бўлиши керак. F1, F2, F3, FA1, FA2, MA1, MA2 фанларидан дарс берувчилар эса ACCA аъзоси бўлишлари шарт.

– Талабаларни баҳолаш мезони борми ва у қандай?

Шерзод Иноғомов

– Ҳозир ACCA имтиҳонларини йилига 4 марта топшириш мумкин. Имтиҳонни British Council олади. Шунингдек, имтиҳондан ташқари MOCK-имтиҳонлар ҳам мавжуд. Бу орқали талабалар ўз билимларини синаб кўришлари мумкин.

– ACCA имтиҳони IELTS'га ўхшайдими?

– IELTSга ўхшамайди, бироқ молия соҳаси мутахассисларининг билимини баҳолаш тизими ҳисобланади. Унинг 13та фандан имтиҳони бор. Шуларни муваффақиятли топшириб, 3 йиллик тажрибага эга бўлиб, ACCA аъзосига айланишингиз мумкин.

ACCA имтиҳонларида ўтиш балли – максимал баллнинг 50 фоизи. Унинг имтиҳонлари дунё бўйича бир хил вақтда, бирданига бошланади. Имтиҳонга берилган 3 соат вақт тугамагунча ҳеч ким ҳудуддан чиқариб юборилмайди. Бу адолатни таъминлаш учун бажарилади. Қийинчилик даражасига кўра ҳам ўрта даражадаги имтиҳонлар университетлардаги синовлардан 2-3 баравар қийинроқ.

Масалан, қўлида университетнинг магистр дипломи бўлган ходимдан ҳам компания ACCA сертификатини сўраши мумкин. Чунки ACCA дастурида бериладиган билимлар шу соҳадаги бошқа таълимлардан кўра муҳимроқ ва долзарб бўлади. Бундай сертификатни олган ходимнинг компания учун фойдаси катта бўлади.

ACCA дастурида таълим олишни қанча вақтли бошласа, шунча яхши. 1-курсда ўқиётган пайтингиздан бу дастурни ўқиб олсангиз, ишлаш жараёнида қийналмайсиз, осонроқ бўлади.

– Ўзбекистонда сизларга рақобатчи, яъни ACCA бўйича таълим берадиган яна бошқа ташкилотлар борми?

– Ўзбекистонда 5та НТМ ушбу дастур бўйича таълим бериш лицензиясини қўлга киритган.

– Нега бу нарса жуда тор доирада маълум бўлган?

– Бу дастурни босқичма-босқич ўқиш керак. Кўпинча бундай билимни фақат чет эл компаниялари тан олиб, талаб қилишади. 2021 йилдан Ўзбекистондаги корхоналар ҳам бундай сертификатни талаб қилишни бошлайди. Чунки президент қарори билан молиявий ҳисобот борасида халқаро стандартларга ўтишга доир муҳлат белгиланди. Кейинги 1 йил ичида бундан жуда кўпчилик хабардор бўлади. Aммо ACCA инглиз тилида ўқитилиши сабаб бироз қийинчиликка дуч келиш мумкин. Чунки бизда инглиз тилини яхши биладиган абитуриентлар улуши тахминан 10 фоиз.

– Демак, ACCA дастурида ўқиш учун инглиз тили даражаси ҳам юқори бўлиши керакми?

– Дастур халқаро бўлгани учун уни инглиз тилида ўрганган афзал. Бизнинг «Express IELTS» ўқув марказимизда Pre-ACCA English деган қисм бор. Марказда 5-8 ойда ўқувчи IELTS даражаси 5га олиб чиқилади. Кейин у ACCA Foundation босқичига ўтади. Бундан кейин ҳам биз болани ACCA дастурини бошлаш учун 6-6,5 даражага етишида инглиз тилини ўргатамиз.

Бу дастур талаба дунёқарашига ҳам таъсир қилади. У ходимга фақат молиявий билимни эмас, балки компания фойдаси ёки зарари ҳақида ўйлашни ҳам ўргатади. Яна бир нарсани айтиш керак, ўқишда сиз қайсидир фанлардан озод этилишингиз мумкин. Aйтайлик, сиз 6та фандан озод этилдингиз, лекин сиз учун 7-8-фанларни ўқиш қийин бўлади. Шунинг учун яхшиси F1’дан бошлаган маъқул. Иккинчидан, иш берувчилар ходимдан бу фанларни ўқиган ёки йўқлигини ҳам сўрашмоқда. Бу фармацевтика, инвестиция фондларида талаб қилинади.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ACCA ҳам таълим, ҳам малака беради. ACCAнинг 13та фанини ўқиб топшириш жараёнида сизнинг қўлингизда бакалавр ва магистр дипломи ҳам бўлади.

– Дипломни қандай қўлга киритиш мумкин?

– ACCAни ўқиётган киши 9та фанни битириб, Oxford Brooks университетининг дипломини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Яъни имтиҳонда университет тақдим этган мавзулардан бири танланиб, диссертация ёзилади. Шу билан сиз ушбу университетнинг бухгалтерия ва молиявий ҳисобот йўналиши бўйича Бакалавр дипломини олишингиз мумкин бўлади.

– Демак, F9 имтиҳонни топшириб, Оксфордда ўқимай туриб у ернинг дипломини олиш мумкин бўлади?

– Худди шундай.

– Масалан, ишловчи киши ишдан ташқари жараёнда ACCA дастурида ўқиши мумкинми?

– ACCA дастурини ўқиётганингизни билган корхона ўзи сизга қизиқишни бошлайди, ҳаттоки имтиҳон пулларини ҳам тўлаб, вақт ажратиб беришга ҳам ҳаракат қилади. Чунки бундан компания фойда кўради.

Тошкентдаги Ёджу техника институтида ACCA дастурини ўқитиш курсларининг вақтлари ҳам хар хил пайтда бўлади. Курслар эрталаб, тушдан сўнг ва кечки пайт ҳам ташкил этилади. Яъни ишлаб турган мутахассислар учун ҳам ўрганиш учун имконият тақдим этилади.

Шу билан бирга, алоҳида таъкидлаш керак, ACCA дастури бўйича таҳсил олиш учун курсга бориш шарт эмас. Ўрганувчининг ўзи онлайн рўйхатдан ўтиб, китобларини харид қилиб, мустақил тайёрланса ҳам бўлади.

Бунинг IELTS билан ўхшаш томони ҳам мустақил тайёрланиш имкониятининг мавжудлигида. Aммо бунда ҳам бошида F7 даражасигача ўқитувчи билан ишлаш керак. Чунки ўқитувчисиз ўқувчи кўпроқ вақт сарфлаши мумкин.

– ACCA Simpson гранти ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

– ACCA Simpson гранти тузилишидан мақсад – ACCA иқтидорли талабаларини тақдирлашдир. Бунда номзод дастлаб фундаментал фанларни 80 фоиздан юқори балга топшириши талаб этилади. Сўнгра грантни олгандан кейинги режалари ҳақида мингта сўзли иншо ёзиши керак бўлади. Унда грант сизнинг иш фаолиятингиз, сиз яшаб турган жамият ва ундаги бухгалтерия соҳасига, ACCA аъзолигига қанақа кўмак бериши мумкинлиги ҳақида ёзилади.

Грант ACCA дастури тўловларини ва имтиҳон тўловларини, аъзолик тўловларини қоплайди. Шунингдек, ACCA сиз танлаган китоб ва дарсликларини Ўзбекистонга етказиб беради.

ACCA Simpson грантининг асосий талаби – F1, F2, F3 имтиҳонларидан биринчи уринишда 80 баллдан юқори олиш. Шунингдек, йиллик тўловларни тўлаган бўлишингиз талаб этилади. Грант бир йилда дунё бўйича 5 кишига берилади.

– Билишимча, ушбу ўқув дастурини муваффақиятли якунлаган талабаларга Тошкентдаги Ёджу техника институти дипломи ҳам берилади, шундайми?

– ACCA дастури бўйича таҳсил олиб, унинг 9та имтиҳонидан муваффақиятли ўтган ҳамда Oxford Brooks университетининг бакалавр даражасини олган талабада Тошкентдаги Ёджу техника институтининг ўз йўналишида бакалавр дипломини олишга ҳам имконият бўлади.

Маълумот ўрнида: Association of Chartered Certified Accountants (ACCA) — бу молия ва ҳисоб-китоб соҳасидаги профессионал мутахассисларнинг глобал уюшмаси бўлиб, 1904 йилда ташкил этилган. У Қироллик хартияси билан тартибга солинади. Уюшма 208 000 аъзога, 178 мамлакатда 503 000 талабасига эга. ACCA бош қароргоҳи Лондон шаҳрида, маъмурий идораси Глазгода жойлашган.

ACCA 52та мамлакатдаги 104дан ортиқ ҳудудий идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради. Халқаро бухгалтерлар федерацияси аъзоси ҳисобланади.

Ушбу дастур асосида ўқиб, сертификат олишни истовчилар қуйидаги рақамларга мурожаат қилишлари мумкин:

93 573 12 08
90 988 41 11
99 393 41 11
99 392 41 11

Тошкентдаги Ёжу техника институти: ytit.uz

Instagram, Telegram

Мавзуга оид