Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида рақамли қишлоқ хўжалиги бўйича КAСКAД халқаро мактаби иш бошлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сонли Фармонига асосан, республика олий таълим муассасаларини халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар (QS, THE, ARWU) рейтингларида биринчи 1000 таликка киритиш вазифасини бажариш мақсадида, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларини ривожлантириш бўйича қишлоқ хўжалиги университетлари консорциуми (кейинги ўринларда КАСКАД) доирасида қўшни мамлакатларнинг етакчи ихтисослашган университетлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
КAСКAД консорциуми Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари Озарбайжон, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан жами 15 та қишлоқ хўжалиги университетларини ўз ичига олган. Бу йил КAСКAДнинг 10 йиллик юбилейи арафасида Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактаби ташкил этилди.
Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактабини ташкил этишдан мақсад таълим сифатини ва уни халқаролашувини янада ошириш, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва талабаларни жалб этиш, институтлар мавқеини минтақада танитиш ва рейтингини кўтаришдан иборат.
Ушбу халқаро мактабда:
- Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Рақамли иқтисодиёт” (Цифровая экономика) курсини;
- Қозоқ миллий аграр университети “Яшил иқтисодиёт” (Зеленая экономика) курсини;
- Озарбайжон давлат аграр университети “Стратегик Менежмент” (Стратегический менеджмент) курсини;
- Тожикистон аграр университети “Антикризис менежменти” (Антикризисный менеджмент) курсини;
- Қиргизистон миллий аграр университети “Аграр кооперацияси” (Аграрная кооперация) курсларини олиб боради.
Юқоридаги курслар бўйича талабалар минтақавий иқтисодиёт ва унинг барқарорлигини таъминлашга оид замонавий билим ва кўникмаларга эга бўладилар ҳамда чет элдаги тенгдошлари билан яқиндан танишишб, улар билан ўзаро дўстлашишга, фикр алмашишга ҳамда иқтисодиёт ва бошқарув соҳадаги масалаларни ечишда турли хил ёндашувларни муҳокама қилиш имкониятларига эга бўладилар.
2020 йил 7 сентябрь куни Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактабининг дастлабки курсини Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти Германиялик олимлар билан ҳамкорликда тайёрлаган дастури асосида “Рақамли иқтисодиёт” курсини бошлаб берди ва 6та мамлакатдаги 15та қишлоқ хўжалиги университетдан жами 400дан ортиқ талабалар 1 семестр давомида масофавий таълим олишни бошлашди.
Ҳар ҳафта уларга иқтисодиёт ва менежмент соҳаларининг долзарб мавзуларида КAСКAДга аъзо университетларининг етук профессор-ўқитувчилари томонидан дарслар олиб борилади. Ҳафталик дарслар 2 кредитни ташкил этади. Дарсларни муваффақиятли ўзлаштирган талабаларга сертификат тақдим этилади.
ТИҚХММИ Матбуот хизмати