Жаҳон | 23:50 / 08.09.2020
8266
2 дақиқада ўқилади

Туркия Жамол Қошиқчи иши бўйича чиқарилган ҳукмлардан қониқмади

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг 2018 йил кузида Саудия Арабистонининг Туркиядаги бош консуллигида ўлдирилиши иши бўйича чиқарилган ҳукм Анқаранинг умидларини оқламади. Бу ҳақда Twitter’да Туркия президентининг коммуникациялар департаменти раҳбари Фаҳриддин Олтун ёзган. 

Фото: Reuters

“Саудия Арабистони суди Жамол Қошиқчи ўлдирилиши иши бўйича чиқарган якуний қарор Туркия ва халқаро ҳамжамият умидларини оқламади”, деб таъкидлаб ўтган Олтун.

Унинг таъкидлашича, Анқара Қошиқчининг мурдаси билан нима бўлгани, унинг ўлимини ким истагани, қотилларда Туркияда шериклар бўлгани-йўқлигини ҳанузгача билмайди. Бу эса Саудия Арабистонидаги суд тафтишларининг ишончлилигини шубҳа остига қўяди. 

Олтун шу сабабли Саудия Арабистони ҳукуматини Туркияда ушбу қотиллик бўйича олиб борилаётган тергов билан ҳамкорлик қилишга чақирган. 

Саудия Арабистони суди 7 сентябрда журналистнинг ўлдирилишига алоқадор 8 айбланувчига ҳукм чиқарган. Улардан 5 нафари 20 йиллик қамоқ жазоси олган, қолганлари эса 7 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган.

The Washington Post нашрининг саудиялик журналисти бўлган Жамол Қошиқчи расмий Ар-Риёднинг танқидчиси ҳисобланган. У Истанбулдаги бош консулликка ташриф вақтида йўқолиб қолган. Кейинроқ Саудия Арабистони ҳукумати журналист консулликдаги можаро вақтида ўлдирилганини тан олган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид