Норбоева молия органларининг ижтимоий ҳимоя борасидаги фаолиятини танқид қилди
Молия вазирлигининг жойлардаги бўлинмалари ижтимоий ҳимоя учун ажратилган маблағлар тақсимотида масъулиятни етарли даражада ҳис қилмаяпти.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Молия вазирлигининг жойлардаги бўлинмалари ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам маблағларини аҳолига тайинлашда лозим даражада масъулиятни ҳис қилмаётганини танқид қилди.
«Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда 44-сонли қарори билан тасдиқланган низом талабларига кўра, ариза берувчининг эҳтиёжмандлиги даражасини аниқлаш, болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш масалалари юзасидан маҳаллаларда махсус комиссиялар тузилиши белгиланган.
Одатда бу махсус комиссиялар таркибига молия органлари вакиллари киритилмайди. Ҳужжатга кўра, молия органлари вакиллари фақатгина зарурат бўлганда махсус комиссия таркибига қўшилади. Аммо бу қоида жойлардаги молия органлари фаолиятида масъулиятнинг сусайишига олиб келяпти.
Маҳалла идоралари вакилларининг молиявий кўникмалари етарли эмаслиги ҳам айни ҳақиқат. Улар томонидан қанчадан қанча маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига йўл қўйиляпти. Масъулиятни улар ҳам етарли даражада ҳис қилишмаяпти. Шу боис, сўнгги пайтларда маҳалла институтидан норозилик кучаймоқда.
Лекин бюджетга жавобгар бўлган давлат органи сифатида жойлардаги молия органлари вакилларининг нафақа ва ёрдам пулларини тайинлашнинг дастлабки, энг муҳим босқичида иштирок этмаётганини тушунарсиз ҳолат, деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, низомда моддий ёрдамнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида далолатнома тузилиб, молия бўлимининг масъул ходими томонидан текширилиши аниқ белгилаб қўйилган. Шундай қатъий тартиб бўлишига қарамасдан маблағлар борасида салбий ҳолатларга йўл қўйилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Бундан иккита хулоса келиб чиқади. Ё жойлардаги молия органлари ходимларининг малакаси етишмайди, ёки улар бу ҳолатларни била туриб кўз юмиб келишмоқда», деди Норбоева Сенатнинг 7-ялпи мажлисида.
У моддий ёрдам борасида маблағларнинг тўғри тақсимотини таъминлаш учун Молия вазирлиги ҳамда маҳалла вакиллари ўратсида ҳамкорлик бўлиши шартлигини қайд этиб ўтди.
«Мазкур муаммони ҳал этишда Молия ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, масъулият бирдек ҳис қилиниши керак. Аммо улар ўртасида умуман ҳамкорлик йўқ.
Ижтимоий ҳимоя масаласи давлат раҳбари томонидан устувор вазифа этиб белгиланган. Аммо тегишли вазирлик ва идораларнинг ижтимоий ҳимоя масаласига муносабати бундай бўлса, одамларнинг норозилиги ортаверади», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024