Жамият | 12:48 / 11.09.2020
3204
2 дақиқада ўқилади

Сенат раиси: Гиёҳвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, дея қараш нотўғри

Парламент юқори палатасининг еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб, мазкур йўналишда олиб борилиши зарур бўлган жиҳатларга тўхталди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

«Ҳар биримиз гиёҳвандлик иллати ва у билан боғлиқ касалликларнинг оғир оқибатларини яхши тасаввур қиламиз. Албатта, мамлакатимизда бундай турдаги касалликка чалинганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилади, уларни реабилитация қилиш чоралари кўрилади.

Эътибор қаратилиши зарур бўлган асосий масала – профилактика. Биринчи навбатда гиёҳванд моддалар ва психоактив воситаларнинг мамлакатга кириб келиши ва истеъмолига қарши курашишнинг самарали механизмларидан фойдаланиш лозим.

Бундай моддалар истеъмолининг асосий аудиторияси ёшлар бўлиб, улар орасида сўнгги пайтларда анъанавий гиёҳванд моддаларидан ташқари турли сунъий (синтетик) моддалар истеъмоли оммалашаётгани ҳаммамизни ташвишлантириши керак.

Яна бир жиҳат. Ҳозир ёшларни гиёҳвандга айлантириш учун уларни кўчаларда қидириб юришдан кўра интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали йўлдан уриш осон бўлиб қолди. Интернетга кириб, синтетик психоактив моддалар тайёрлаш ва уларни истеъмол қилиш бўйича минг хил «маслаҳат» топиш мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, гиёҳвандликка қарши курашиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши, дея қараш нотўғри. Бунга ҳамма – бутун жамият масъул», деди Танзила Норбоева.

Мавзуга оид