Жаҳон | 22:33 / 16.09.2020
44041
8 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Ҳиндистонда беморлар сони 5 миллиондан ошган, Франция ўнлаб мактабларни ёпмоқда, ЖССТ фалокатдан огоҳлантирмоқда

Дональд Трамп вакцина 3-4 ҳафтада тайёр бўлишини ваъда қилди. Қуйида Ҳиндистонда вазият жиддийлиги, Францияда ўнлаб мактаблар ёпилиши, Covid-19 ўлик болалар туғилиши кўпайишига қандай сабаб бўлгани ва бошқалар ҳақида.

Фото: Reuters

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони тез суръатларда 30 миллионга яқинлашмоқда (ҳозир вақтда деярли 29,6 миллион), 935,8 минг киши вафот этган.

Ҳиндистондаги вазият жиддийлигича қолмоқда, чоршанба куни мамлакатда вирус юқтирганлар сони беш миллиондан ошди. Бу дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўрин. 82 мингдан ортиқ одам вафот этди (ўлим кўрсаткичи бўйича АҚШ ва Бразилиядан кейинги учинчи ўрин). Деярли икки ҳафта давомида ҳар куни ўртача 100 минг одамда вирус аниқланди.

Ҳиндистондаги статистика ўсиши чекловлар юмшатилаётган бир пайтда юз берди. Мамлакат расмийлари буни иқтисодиётни тиклаш учун зарур деб ҳисобламоқда. Ҳозирча фақатгина мактаблар, коллежлар ва кинотеатрлар ёпиқ. 

ЖССТ махсус вакили Дэвид Набарро глобал вазиятни оғир деб атади ва бу пандемиянинг атиги бошланиши эканлигидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, хавфли томони шундаки, сайёрамизнинг аҳоли энг зич жойлашган ҳудудларида вирус тарқалиши тезлашди. Масалан, Ҳиндистондаги беш миллион бемордан бир миллиони вирусни сўнгги 11 кун ичида юқтириб олган.

Европада аҳвол қандай?
ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар департаменти раҳбари Майкл Райаннинг маълум қилишича, Европа раҳбарлари вазият яхшиланишига умид қилиб яшашни тўхтатишлари ва яқинлашиб келаётган қиш пайтида заиф ижтимоий гуруҳларни асоратлардан ҳимоя қилувчи қатъий қарорлар қабул қилишлари керак. 

Дания эпидемиологик вазият ёмонлашгани сабабли бир қатор чекловларни қайта киритди. Хусусан, бар ва ресторанларнинг иш вақти қисқартирилди. 

Францияда ўқув йилининг бошидан буён 28та таълим муассасасидаги болалар ўртасида Covid-19 касаллиги қайд этилгани сабабли 81та мактаб ёпилди. Икки мингдан ортиқ синфдан ташқари ва индивидуал дарслар - факультатив дарс ва тўгараклар бекор қилинди. 

Францияда таълим муассасалари Covid-19’га чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар ортиши туфайли ёпилмоқда

«Бизда талабалар орасида 1200га яқин янги беморлар аниқланди, бу ўтган ҳафтадагига қараганда кўпроқ», деди Франция таълим вазири Жан-Мишель Бланке.

Умуман олганда, мамлакатда август ойидан бошлаб инфекция статистикаси кескин ўсди. Ўтган якшанбада кунлик янги касалланиш ҳолатлари сони 10 мингдан ошди. Бордо ва Марсель маъмурлари карантин чораларини кучайтиришга қарор қилишди. 

Вирус юқтирган одамлар сони бўйича Франция Европада иккинчи, дунёда 12-ўринни эгаллайди - 433,9 минг касалланиш ҳолати ва 31 минг киши вафот этди (Европада иккинчи, дунёда еттинчи). 

Чехияда янги кунлик антирекорд - сўнгги 24 соат ичида 1677та янги ҳолат рўйхатга олинган. Касалхонага ётқизилганлар ва интенсив терапияга муҳтож беморлар сони ҳам кескин ўсиб бормоқда. Мамлакат расмийларининг алоҳида таъкидлашича, ўлим статистикаси ҳам ошган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Чехиядаги умумий вазият март-апрель ойлари кўрсаткичларига яқинлашмоқда. 

Прагаликлар Covid-19’ни аниқлайдиган тест топшириш учун навбатга туришмоқда

Ўтган ҳафта мамлакатда бир қатор қатъий чеклов чоралари жорий этилди, аммо чехиялик шифокорлар ушбу қадамнинг самараси 2-3 ҳафтадан кейингина сезилиши ва у вақтгача вазият янада ёмонлашишидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда мамлакатда ушбу касалликка чалинганларнинг умумий сони деярли 38,9 минг кишини ташкил этади, 476 киши қурбон бўлган. 

ЕИнинг 27 мамлакати элчилари иттифоқ мамлакатлари ташқи чегараларини очишига рухсат берилган 10та хорижий давлатлар рўйхатини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилишди, бу рўйхатга АҚШ ва Россия киритилмаган, деди Европанинг Брюсселдаги дипломатик манбаси. 

Дунёдаги вазият
Инфекция юқтириш ҳолатлари сонининг кескин ўсиши Лотин Америкасида кузатилмоқда, минтақанинг фақатгина айрим мамлакатларидаги вазият сўнгги вақтларда бироз барқарорлашган. 

Перу ҳукумати Лима атрофидаги қашшоқ ҳудудларда ёппасига тест олишни ташкиллаштиришга ҳаракат қилмоқда

Тасдиқланган ҳолатлар сони бўйича қитъанинг бешта мамлакати дунёнинг биринчи ўнталигига киради: Бразилия (4,3 миллион), Перу (738 минг), Колумбия (728,5 минг), Мексика (676,4 минг), Аргентина (577,3 минг). 

Мьянма ҳукумати мамлакат пойтахти Янгон шаҳри чегараларида вақтинча касалхона қуришни бошлади. Бу мамлакатда ва айниқса пойтахтда касалланишнинг кескин ўсиши фонида амалга оширилмоқда. Касалхонада 500 нафар бемор даволаниши мумкин. Ўтган ҳафта расмийлар Янгонни ёпиб, аҳолига шаҳарни тарк этишни тақиқлашди. Мамлакатдаги барча ички авиарейслар тўхтатилган. 

Австралия қатор ҳудудларда, хусусан, Виктория штати ва унинг маркази - Мельбурнда чекловларнинг асосий қисмини олиб ташлашга тайёрланмоқда. Мельбурн мамлакатда эпидемия эпицентри ҳисобланган. Бироқ сўнгги 14 кун ичида у ерда кунлик янги ҳолатлар сони 50дан ошмади. Австралия маъмурияти вакилларининг фикрига кўра, бу карантинни юмшатиш учун энг яхши кўрсаткичдир. 

Қурилиш майдонлари, фабрикалар, устахоналар ва болалар муассасалари ўз ишига қайтади. Кафе ва ресторанлар меҳмонларни яна қабул қилишлари мумкин, аммо фақат очиқ террасаларда ва ташриф буюрувчилар сони бир вақтнинг ўзида 50 кишидан ошмаслиги керак. 

Вакциналар пойгаси
АҚШ президенти Дональд Трамп йил бошида пандемия кўлами ва хавфини атайлаб паст баҳолаганини рад этяпти. Яқинда таниқли америкалик журналист Боб Вудворд вазият айнан шундай бўлганини эълон қилганди. Унинг сўзларига кўра, буни Трампнинг ўзи унга берган интервьюсида тан олган. Президент Covid-19 билан боғлиқ вазиятни ҳар доим жиддийлик билан қабул қилганини таъкидламоқда. 

Getty Images

Сешанба куни Филадельфиядаги сайловчилар билан учрашувда Трамп шунингдек, коронавирусга қарши вакцина, скептикларнинг башоратига зид равишда, 3-4 ҳафта ичида тайёр бўлишини айтди. Аммо, америкалик олимларнинг таъкидлашича, вакциналарнинг ҳеч бири ҳали клиник синовдан ўтказилмаган. Улар президент маъмуриятининг шошилишидан аҳоли соғлиғига ғамхўрлик эмас, балки сиёсий мулоҳазалар, хусусан,  яқинлашиб келаётган сайловлар туртки бўлаётганидан хавотирда.

Хитой ҳукумати мулозими маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида маълум қилишича, унинг мамлакати вакцина ишлаб чиқаришда ҳам катта ютуқларга эришди ва биринчи намуналар ноябрь ойи бошларида тайёр бўлиши мумкин. 

Ҳомиладор аёллар орасида қайғули статистика
Бир қатор халқаро олимлар гуруҳларининг сўнгги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, пандемия пайтида муваффақиятсиз ҳомиладорлик даражаси кескин ошди. Хусусан, ўлик туғилган болалар статистикаси кўпайган. Олимлар буни тиббиёт муассасаларидаги турли чекловлар ва жорий йилнинг баҳоридан буён режалаштирилган текширувларнинг оммавий равишда бекор қилиниши туфайли кўпгина мамлакатларда ҳомиладор аёллар тегишли назоратдан ўтмаётгани билан изоҳлашади.

Кўплаб давлатларда пандемия даврида ҳомиладор аёллар ўз вақтида керакли ёрдамларни олиши муаммо бўлди

Ҳомиладорликнинг асоратлари ўз вақтида аниқланмаяпти, бу эса қайғули оқибатларга олиб келяпти. Кўпинча, тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ҳомиладор аёлнинг поликлиникага ёки касалхонага боришдан бош тортиши унинг Covid-19'дан ҳимояланиш истаги билан боғлиқ, аммо бу янада жиддий муаммоларга олиб келади. 

Август ойи бошида нуфузли The Lancet Global Health илмий нашри Непал мисолида мавзуга доир тадқиқотни нашр этганди. Унда мамлакатдаги тўққизта турли касалхонада кўзи ёриган 20 мингдан зиёд аёл иштирок этган. Натижалар кўрсатишича, ўлик туғилиш статистикаси атиги икки ой ичида 50 фоизга ошган - март ойида 1000 болага 14та ҳолат, май ойида эса 1000 болага 21та ҳолат. Энг кескин ўсиш локдауннинг одамларга фақат озиқ-овқат сотиб олиш ёки ҳаёт учун зарур ёрдам олиш учун уйдан чиқишга рухсат берилган дастлабки тўрт ҳафтасида кузатилган.

Сўнгги тадқиқотлар давомида олимлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида вазият тахминан бир хил деган хулосага келишди.

Мавзуга оид