Ўзбекистон | 19:49 / 17.09.2020
16090
5 дақиқада ўқилади

Аудиокитоблар, муаллифлик ҳуқуқи ва влогерларнинг тилга муносабати — Нажот Нур билан суҳбат

Технологиялар ҳаётимизга чуқурроқ кириб бориши билан, аудиокитобларга бўлган талаб ҳам ошиб боряпти. Биз айни мавзу юзасидан суҳбатлашиш мақсадида бир неча йилдан буён аудиокитоблар устида иш олиб бораётган ижодкор – таниқли телерадиобошловчи Нажот Нур билан суҳбат ташкил этдик.

Интервьюда Нажот Нур телевидениедан кетиши сабаблари, аудиокитобларга бўлган талаб, муаллифлик ҳуқуқи ва ўзбек тилининг софлиги борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Нажот ака, сизни кўпчилик телебошловчи сифатида танийди. Телевидение соҳасидан кетишингизга нима сабаб бўлди?

– Оз эмас, кўп эмас 8 йил давомида миллий телерадиоканалларда ишладим. Кейинчалик бошқа жойдан таклиф бўлди. Ишимизни ўзгартирдик. Ўзимни бошқа йўналишларда синаб кўриш иштиёқи туғилди.

– Aйнан иштиёқ сабабми ёки бошқа сабаблар бўлдими?

– Тўғриси, МТРКдан кетишим сабабига тўхталишни ҳоҳламасдим. Очиқ айтадиган бўлсам, кимнингдир думини босиб қўйибмиз. Лекин ҳалигача ўша инсон кимлигини билмайман. Аввалига кетишимизга сабабчи бўлганлардан ранжидим, ҳозир эса аксинча, улардан миннатдорман. Улар бўлмаганида, ҳалигача телевидениеда ишлаб юрган, ўзимнинг янги қирраларимни ўзим учун кашф эта олмаган бўлардим.

Йўлимни йўқотмадим... Карьерамни синдириш учун қилинган иш бўлди, афсуски. Бу воқеаларни ҳозир кулиб эслайман.

– Ҳозирги ишингизга келсак. Аудиокитоблар яратиш билан машғулсиз. Бу ғоя қаердан пайдо бўлди? Айни шу йўналишдан кетишингизга нима туртки бўлди?

– Бу ғоя 2014 йилда туғилганди. У пайтда аудиокитоблар соҳаси бизда унчалик ривожланмаган эди. Чунки бу соҳа ривожланиши учун ахборот технологиялари, тўлов тизимлари ривожланиши керак бўлади. Бугунги кунга келиб бу нарсалар бор.

Якка ҳолатда 5–6 йил давомида ўзим фаолият юритдим. Танишларим хабардор бўлганидан сўнг, улардан буюртмалар келиб туша бошлади. Аудиокитобларни Telegram орқали тарқата бошладик. Ва ўз-ўзидан база шаклланди.

Бу нарса бир кун келиб бизнинг табиий эҳтиёжимизга айланади. Чунки замон шиддат билан ривожланяпти, кунлик информацияларни қабул қилишимиз эса чекланган, натижада одам маълумотга тўйинади. Биз айнан фойдали контентни танлаб олиб, мобиль иловаларга аудиошаклда жойлаб боряпмиз.

«Темур тузуклари», «Ҳумоюн ва Акбар», «Султон Жалолиддин Мангуберди», «Улуғбек хазинаси»... Шу асарларга биринчи бўлиб эътибор қаратдик. Ҳозирда эртаклар, ҳикматлар, шеърлар, қиссалар билан ҳам бойитиб боряпмиз. Бизда актёрлар жамоаси шаклланган. Иложи борича янги овозлардан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

– Ҳозирги кунда аудиокитобларга бўлган талаб қай даражада?

– Талаб биз кутганимиздан 5 баравар кўп бўлди. Лекин бунинг бошқа томони бор. Бизнинг ичимиздаги оғриқ – муаллифлик ҳуқуқи деган нарса бор. Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланиши ва ҳурмат қилиниши керак.

Афсуски, бизда қароқчилик йўллари билан ўғирлаб олинган кимнингдир ижод маҳсули тарқалиб кетиши жуда оддий ҳолат. Одамлар ўша контентни бемалол ҳазм қила олади. «Тўхта, бу ўғриланган маҳсулотми, буни тайёрлаган одам пул сарфлагандир, меҳнат қилгандир, жамоа ишлагандир...» қабилида фикр юритиш, бирон ижод маҳсулини пул тўлаб кўриш ҳали шаклланмаган.

Ўзбекистонда ижодкорларнинг ишига кам маблағ тўланади. Улар нега хориждаги ҳамкасблари каби ўзига тўқ бўлиб яшамайди? Одамлар қачонки ижодкорнинг ижод маҳсулини ҳурмат қилиб, уни сотиб олган ҳолда истеъмол қилишга одатланса, ўшанда ижодкор ҳам меҳнатининг мевасини кўради.

Албатта, секин-секин бу нарса юзага келяпти. Аудиокитоблар яна ҳам ривожланишига ишончим комил. Чунки АҚШ, Европада аудиокитоблар анча оммалашган.

– Сизнингча, аудиокитоблар китобхонликни тарғиб қилишга қай даражада ёрдам беради?

– Aудиокитоблар саводхонликни оширмайди, лекин ўша маҳсулотга бўлган эҳтиёжни қондиради. Масалан, [Алихонтўра Соғунийнинг] «Тарихи Муҳаммадий» китобини ўқишни ҳоҳлайсиз, лекин вақтингиз йўқ ёки ёшингиз катта – кўз босимингиз бор. Унинг аудиосини эса хоҳланг автобусда, хоҳланг наушникда иш жараёнида, ҳатто югураётганда ҳам, овқат қилаётганда ҳам эшитишингиз мумкин. Бу айниқса кўзи ожизлар учун жуда катта қулайлик.

Одамлар биринчи аудиокитобни эшитиб, кейин сотиб олганларни кўрдим. Aудиокитоб устида қунт билан ишланса, у тингловчининг тасаввур оламини кенгайтиради.

Нажот Нур суҳбат давомида аудио форматга ўтказиш учун китоблар қандай танлаб олиниши, «Тарихи Муҳаммадий» асарини тайёрлаш жараёни, влогерларнинг нутқ маданияти ва тилнинг софлиги каби мавзуларда ҳам сўз юритди. Суҳбатни тўлиқ Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид