Германиядаги таниқли ва етакчи фикр марказларидан бири бўлган SWP маркази халқаро ва хавфсизлик ишлари институти нашрининг 12 сентябрдаги сонида «Ўзбекистоннинг ўзгариши. Стратегия ва истиқболлар» номли тадқиқот иши эълон қилинди.
Унда Ўзбекистондаги ислоҳотлар кун тартиби, ички сиёсий вазият, хавфсизлик аппаратини қайта ташкил этиш, кадрлар сиёсати ва бошқарув, ислоҳотларнинг ташқи сиёсий жиҳатлари, ҳамкорлик истиқболлари ва аҳамияти, трансформация чегаралари ҳақида сўз юритилади.
Хусусан, «Оммавий сафарбарлик» номли ички сарлавҳа остида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари фаолияти ва сўз эркинлиги масаласи юзасидан фикрлар баён этилади. Тадқиқот ишида оммавий ахборот воситалари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан фуқароларда дахлдорлик туйғусини шакллантиришнинг энг асосий устунларидан бири экани таъкидланган.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига анча эркинлик берилди. Эндиликда рақамли жараёнларни жорий қилиш орқали давлат бошқарувини янада шаффоф, фуқаролар учун қулайроқ ва самаралироқ ташкил қилиш лозим. Чунки «очиқлик» тушунчаси ўз навбатида ислоҳотлар жараёнининг мураккаблиги ва потенциал имкониятларига ишора қилади. Бу эса катта умидлар бир қаторда босимни ҳам юзага келтиради.
Мамлакат президенти мунтазам равишда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик олдида ошкораликни, журналистлардан янада фаол бўлишни талаб қилади.
Медиа соҳасини либераллаштириш Мирзиёев сиёсатининг ажойиб ютуғидир. Бунгача қўлланган қатъий цензурага нисбатан олиб қараганда, оммавий ахборот воситалари ҳақиқатан ҳам катта эркинликка эга. Расмий сўз эркинлиги ва Мирзиёевнинг бу борадаги муаммоларни ҳал қилишга тайёрлиги, бу йўлдан ортга қайтилмаслигини таъкидлаши Ўзбекистонда блогерлик фаолияти юзага келишига ҳам туртки берди», дейилади тадқиқотда.
Шунингдек, хорижий журналистлар учун аккредитациядан ўтиш осонлашгани, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонда блокланган оммавий ахборот воситалари қайта очилгани, улар орасида Deutsche Welle, BBC’нинг ўзбек хизмати, Eurasianet ва Fergana.agency, шунингдек, Uzmetronom ҳам борлиги, Human Rights Watch ва Amnesty International веб-сайтларига кириш қайта тиклангани қайд этиб ўтилган.
Тадқиқот ишида янги эркинликлар янги чекловлар билан бирга келаётганига ҳам эътибор қаратилади ва маҳаллий муаммоларни жамоатчиликка етказадиган журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан босимлар бўлгани, журналист ва блогерларни қўрқитиш ва ҳибсга олиш сўз эркинлигига оид расмий мажбуриятларни бир неча бор шубҳа остига қўйгани айтилади. Таъкидланишича, бундай реакциялар оммавий ахборот воситалари эркинлигининг чегарасини яққол очиб беради.














